ТИЛ ЎРГАНИШ — КЕЛАЖАККА САРМОЯ КИРИТИШДИР

Барчамизда маълумки, тил асосий алоқа воситасидир. Усиз инсон жамиятининг борлиги ва ривожланишини тасаввур қилиши қийин. Ижтимоий муносабатларда катта ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунларда алоқа ва ахборот воситалари (ахборот технологиялари) ўқувчиларнинг коммуникатив малакасини оширишни талаб қилади. Ўзаро мулоқот жараёнида турли вазиятларда фикр алмашиш, тил ва сўзлашув меъёрларини тўғри ишлатиш тақазо этилади. Бундай шароитда, хорижий тилнинг асосий мақсади шахслараро ва маданиятлараро мулоқотни амалга оширишда коммуникатив қобилиятни шакллантиришдир.
Йигирманчи асрнинг охирига келиб, немис тилининг жаҳон миқёсидаги нуфузи янада мустаҳкамланди. Дунёнинг аксарият мактабларида уни ўрганиш мажбурий бўлиб қолди ва ўқитиш методикаси сакраш ва чегаралар билан ривожлана бошлади. Таъбир жоиз бўлса, немис тили замонавий инсон учун заруратга айланди.
Тил ўрганиш жараёни орқасида кўпроқ нарса яширинган: бу сизни фикрлашга, чуқур англашга, ҳатто ўзингизни қайта кашф этишга ундовчи кучли воситадир.
Айримлар немис тилини ўрганиш ўз тилимизнинг жозибаси йўқолишига сабаб бўлади, деб ҳисоблашади. Қизиқ туюлиши мумкин, лекин чет тилини ўрганиш орқали айнан она тилимизга бўлган муносабатимиз ўзгаради. Ахир биз болаликдан бу тилда бемалол сўзлашамиз, грамматикасини ўйлаб ўтирмаймиз. Аммо бошқа тилда гапиришни ўрганар эканмиз, тил тузилмалари, услублар ва маъно нозикликларига эътибор бера бошлаймиз. Бу эса она тилимизнинг нақадар мукаммал ва гўзал эканини англашга олиб келади.
Олимларнинг олиб борган тажрибалари шуни кўрсатдики, бир нечта тил биладиган инсонлар чалғитувчи омиллар орасидан асосий маънони анча тез ва аниқ ажрата олади. Улар матнда берилган ўхшаш сўзлар ичида муҳимини топишда устунлик қилади. Демак, тил ўрганиш мияни машқ қилдиради, диққатни жамлашни ва эслаб қолишни ўргатади. Натижада бу қобилият нафақат тил ўрганишда, балки бошқа ҳаётий соҳаларда ҳам қўл келади.
Тил ўрганиш бу - қоидаларни тушуниш, таҳлил қилиш ва уларни амалиётда қўллаш демакдир. Ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, чет тилини ўрганаётган ўқувчилар математикадан ҳам яхши натижаларга эришган. Сабаби оддий: тил – бу тизим. Уни ўрганиш орқали инсон мантиқий фикрлашга, муаммо ечишга кўникади. Бундан келиб чиқадики, янги тил ўрганиш ақлни чархловчи машқдир.
Бир тилни ўзлаштирган одам, бошқасини ўрганишга ҳам тайёр бўлади. Чунки мияси янги ахборотни қандай қабул қилишни, қандай сақлаб қолишни аллақачон ўрганган бўлади. Тил биладиганлар кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажаришга, янги нарсаларни тезроқ ўзлаштиришга қодир бўлишади. Улар ҳаётнинг турли соҳаларида тез ва самарали фикр юрита олишади.
Сиз тил ўрганаётганда нафақат янги сўзларни ўзлаштирасиз, балки ўзингиз ҳақингизда ҳам кўп нарсани билиб оласиз. Бу эса сизни кучлироқ, доно ва мақсадга интилувчан инсонга айлантиради. Шундай экан, тил ўрганишни бошлаш — ўзингизга сармоя киритишдир. Энг фойдали ва ҳеч қачон қийматини йўқотмайдиган сармоя.
Чет тили — бу имкониятлар кўприги. Ҳар бир ўрганилган тил орқали сиз дунё билан бемалол мулоқот қиласиз, ўз салоҳиятингизни халқаро миқёсда намоён этасиз, бошқа миллатлар маданиятини чуқур англаб, уларни ҳурмат қилишни ўрганасиз. Айнан тил сизни рақобатбардош, глобал фикрловчи ва замонавий шахсга айлантиради.
Шундай экан, тил ўрганишни ортга сурманг. Ҳар бир янги тил — бу сиз учун очилган янги эшик, янги имконият, янги ҳаёт саҳифаси. Ўзингизга, келажагингизга сармоя киритинг. Тил ўрганиш — бу энг фойдали ва ҳеч қачон қадрсизланмайдиган инвестициядир.
Сайёра ҲАҚНАЗАРОВА,
Фарғона давлат университети чет тиллари кафедраси катта ўқитувчиси.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!
Tavsiya etamiz
Tavsiya etamiz




Ehtiyojmand fuqarolar holidan xabar olindi