Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 29 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ҲАЁТИ ТАЪЛИМГА БАХШИДА УСТОЗ

×

 2022-09-28 14:30:30    62

PDF юклаш
Чоп этиш


        Устоз Амиржон Темиров сиймосига боқиб, ўттиз йил олдинги воқеликлар кўз олдимдан кино тасмасидек ўта бошлади. Мен, ушб сўзлар муаллифи эндигина олийгоҳни тамомлаб келган, устозим Эркинжон Суннатов кумаги билан икки соат рус тили ва адабиётидан дарс олган навқирон муаллимча эдим. Устоз Боронбой Урунбоев (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин)дан эстафетани қабул қилиб олган, Иттифоқ даврида довруғи дунёга достон бўлган 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Амиржон Темиров билан анча йил ишладим. Амир Темир (Сўхда ҳамма устозни шундай деб тилга олади) анча нарсаларни ўргандим. Устозни кўксидаги “Дўстлик” орденини кўриб эса, “Меҳнат қилган элда азиз” мақолини ростлигига яна бир карра амин бўлдим. Сўхда мана шундай фидоий ва меҳнаткаш муаллимлар яшашади.

        Амиржон Бобоавезович Темиров 1971-йил Риштон туманидаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 1-синфига қабул қилиниб, 1981-йил таълим даргоҳини олтин медал билан битирган. Ўша вақтлардаги имтиёзлардан самарали фойдаланиб Хужанд Давлат педагогика институтининг тарих факултети талабаси бўлиб, ушбу таълим даргоҳини имтиёзли диплом билан тамомлаган.

        Ҳар доим ўзининг биринчи устози Мўътабархон Умарова, педагог деган касбни унинг дилига жойлаган камтарин устозлари Эркинжон Суннатов, Мухторжон Норматов, Раҳмонжон Нисоев, Боронбой Урунбоев, Аъзамжон Муталиев, Набижон Абдувалиев, Мирзожон Маҳмудов, Шуҳратжон Уринбоевларни ўзининг идеалидаги инсонлар деб билган.

        36 йил давомида таълим соҳасида фаолият юритиб келаётган устоз Амиржон Бобоавезович Темиров Сўх туманидаги 4-5-12-13-14 ва 2-ИДУМда тарих фанидан ўқувчи-ёшларга садоқат билан билим бериб келган.

        Унинг раҳбарлик қобилиятини сезган Сўх тумани халқ таълими бўлимининг биринчи мудири Орифжон Мустафоев 1997-йили тумандаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори этиб тайинлаган.

        Кейинчалик 2013-йили туман халқ таълими бўлимига тарих фани услубчиси, 2014-2015 йиллар Сўх тумани халқ таълими бўлимининг мониторинг бўлими бошлиғи, 2015-2017 йиллар туман халқ таълими бўлимида мудир ўринбосари ва 2017-2021 йиллар Сўх тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаб келган.

        Раҳбарлик фаолияти давомида доимо ўзига устоз сифатида ўзининг акаси Муроджон Темиров, фидойи устозлар Орифжон Мустафоев, Ҳакимжон Суфиев, Ҳакимжон Маҳмудов, Назиржон Қосимов, Воҳиджон Ақрабов, Субҳиддин Шарофиддиновлардан педагогик маҳоратлари, халқ билан ишлаш каби қобилиятларини ўрганиб ўз касбини сайқал берганидан хурсанд.


        Лавҳамиз қаҳрамони ҳаёти тарихига назар солсак. Отаси Бобоавез Темиров ва онаси Замирахон Охуновалар оддий ишчи бўлиб, 9 нафар ўғил-қизларини тарбиялаб, вояга етказиб, олий маълумотли бўлишига астойдил ҳаракат қилганлар.

        Аслида, Сўх туманида Темировларни ака-ука педагоглар сулоласи сифатида барча танийди ва алоҳида ҳурмат – эҳтиром кўрсатишади. Акаси Муроджон Темиров олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси – Сўх тумани халқ таълими бўлимида етакчи мутахассис бўлиб ишлаган.

        Укаси Зайлобиддин Темиров олий тоифали тарих фани ўқитувчиси бўлиб, 30 йилдан бери тумандаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга тарих фанидан сабоқ бериб келмоқда.

        Насимжон Темиров бўлса, ота изидан бориб, ота касби, ҳунармандчиликни танлаган. Кичкина укалари Хужанд Давлат педагогика институтининг география факултетини битирганлар.

        Устоз Раҳимахон Раҳматуллоева билан 1984-йили турмуш қўрган. Турмуш ўртоғи Раҳимахон Раҳматуллоева тумандаги 1-5-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ва академик литсейнинг олий тоифали рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида фаолият курсатган. Ҳозирги вақтда тумандаги 2-сонли ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактабнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

        Уч нафар фарзанднинг отаси. Катта фарзандлари Мансуржон Темиров Фарғона Давлат Университетининг филология факултети инглиз тили йўналишини битириб, ҳозирги кунда Тошкент ҳуқуқшунослик институтининг 3-босқич талабаси. Ўртанча ўғли Собиржон Темиров тадбиркорлик фаолиятини танлаган. Кенжа ўғли Давлатбек Темиров ҳозирда Фарғона политехника институтининг биринчи босқич талабаси.

        Устоз 2015-йили Халқ таълими вазирининг буйруғи билан “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

        Устоз 2021-йилнинг 1-мартидан Сўх тумани халқ таълими бўлимига қарашли 29-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори сифатида иш фаолиятини давом эттирмоқда.

        Амиржон Темиров таълим муассасасининг режали ишларини бажаришда ва жамоат ишларида фаол иштирок этади. Доимий равишда ўз малакасини, илмий назарий савиясини ошириш устида қатъият ва сабр – тоқат билан изланади.

        Амиржон Темиров ҳар ишда ташаббускор, тўғрисўз, касбдошлари ва меҳнат жамоаси аъзоларига меҳрибон, ғамхўр. Шу боис ҳам касбдошлари ва меҳнат жамоаси аъзолари ўртасида алоҳида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган.

        Амиржон Темиров муассаса иш фаолиятини амалдаги қонунчилик ва йўриқномалар асосида ташкиллаш, мактаб ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлариша катта эътибор қаратади.

        Биргина 2021-2022 ўқув йилининг ўзида таълим муассасасида 150 туп олма, 100 турп ёнғоқ, 30 туп ўрик, 500 тупдан ортиқ турли хилдаги гуллар экилишини ташкил этиб, “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишида меҳнат жамоаси билан ижобий ишларни йўлга қўйди. Самарали меҳнат натижаси ўлароқ Сўх тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 29-сонли умумий ўрта таълим мактаби “Обод мактаб” онлайн экологик танловининг республика босқичи ғолиби бўлиб Халқ Таълими Вазирлигининг дипломи билан тақдирланди.

        Жиноятчиликниннг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги 175 сонли “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” маркази ишини йўлга қўйиб, мактаб ва мактаб ҳудудидаги ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик жиноятларининг олдини олишда ҳамкорликни йўлга қўйди.

        Халқ таълими Вазирлигининг 2018 йил 26 декабрдаги 16-МҲ сонли буйруғи асосида Кўзатув Кенгаш ишини самарали йўлга қўйиб, мактаб ҳаёти ва бошқарувига демократик тамойилларни жорий қилиб, мактаб бошқарувига очиқлик ва шаффофлик ғояларини жорий этишга ҳисса қўшиб келмоқда.

        “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига асосан Сўх туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактаби директори Темиров Амиржон Бобоавезович «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Тақдир тақозосини қарангки, орденни устозга Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз қўлларига топширдилар. Мана шундай ҳаёти эртакка ўхшаган меҳнаткаш фуқароларимиз борки, Сўхнинг, буюк Ватанимизнинг муқаддас номи келажак авлодларга муносиб мерос ва олий қадрият сифатида ўтаверади.

                  Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати





Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram