Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 2 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 9-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, муаммолар ва таклифлар

×

 2022-06-29 10:35:25    106

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 9-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, муаммолар ва таклифлар

 

(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги 9-сонли қарори; Олий суд Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли, 2018 йил 19 майдаги 16-сонли қарорига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)

 

  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикасига эркин келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга бўлиб, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби қуйидагилар билан тартибга солинади:

1999 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши Тартиби”;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли қарори билан тасдиқланган “Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари Тартиби”;

бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан.

Судларга тушунтирилсинки, ЖК 223-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарлик шахс чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш юзасидан белгиланган тартибни фақат қасддан бузган ҳоллардагина келиб чиқади.

Шахс томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибининг эҳтиётсизлик оқибатида (масалан, ориентирни йўқотиш оқибатида), ноиложликдан (масалан, табиий офат ёки техноген хусусиятга эга ҳодиса, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид этиш оқибатида) ёки шахснинг эркига боғлиқ бўлмаган ҳолларда (масалан, унинг ожиз аҳволдалигидан фойдаланган ҳолда) бузилиши мазкур жиноят таркибини ташкил этмайди.

Сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЖК 223-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилмайдилар.

Жиноят кодекси 223-моддасининг биринчи қисми диспозициясига кўра, мазкур жиноят қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш ёки қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишда ифодаланган бир ёки бир неча ҳаракатлар кўринишида содир этилиши мумкин.

Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш деганда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг белгиланган ўтказиш пунктлари орқали (қонуннинг 12-моддаси), бироқ белгиланган ҳужжатларсиз ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган тегишли рухсатномасиз кесиб ўтилиши тушунилиши лозим.

Қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш деганда, жумладан, ҳақиқий ҳужжатлар ва кириш-чиқишга рухсатнома бор-йўқлигидан қатъий назар, унинг белгиланган ўтказиш пунктларидан ташқари жойдан кесиб ўтилиши тушунилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасига кириш учун қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун-амалдаги паспорт (дипломатик паспорт), паспортнинг амал қилиш муддати чет элда ўтган, у яроқсиз бўлиб қолган ёки йўқотилган, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилиш санаси ўзгарган) ҳолларда- Ўзбекистон Республикасига қайтиш сертификати ва фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби V бўлимида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар;

хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун – амалдаги миллий паспорт (дипломатик паспорт), шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, Ўзбекистон Республикасига кириш учун (кириш, транзит) виза ва хорижий фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби II бўлимида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.

Ўзбекистон Республикасидан чиқиш учун қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун – амалдаги паспорт (дипломатик паспорт), унда чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикери (бундан буён-стикер) мавжудлиги, чет эл давлатига кириш визаси (Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визалари расмийлаштирилиши талаб этилмайдиган хорижий давлатлар бундан мустасно), амалдаги йўл ҳужжати (чипта), божхона органи мансабдор шахси белгиси қўйилган божхона декларацияси ва фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби I, II бўлимларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар;

хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун – амалдаги миллий паспорт (дипломатик паспорт), шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, Ўзбекистон Республикасига кириш-чиқиш учун виза, амалдаги йўл ҳужжати (чипта), божхона органи мансабдор шахси белгиси қўйилган божхона декларацияси ва хорижий фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби I, III бўлимларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.

Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш-чиқиш учун визасиз режим ўрнатилган хорижий давлатларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чиқиши учун стикер расмийлаштирилиши талаб этилмайди (фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби I бўлими 2-банди). Бироқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда муайян тоифадаги фуқароларнинг (масалан, ҳарбий хизматчилар, давлат сири бўлган маълумотлардан хабардор шахслар ва ҳ.к.ларнинг) чет элга чиқиши учун хорижий давлат билан визасиз режим мавжудлигидан қатъий назар, бошқача тартиб белгиланиши мумкин (фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби I бўлими 3-банди, III бўлими “а” банди). Бинобарин, мазкур тоифадаги шахсларнинг стикер расмийлаштирилиши талаб этилмайдиган хорижий давлатларга махсус рухсатсиз чиқиши уларнинг ЖК 223-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

 Фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби I бўлими 7-бандига мувофиқ ЖК 223-моддаси бўйича жавобгарлик фақат стикер расмийлаштирилмаган ҳолда ёки амал қилиш муддати ўтган стикер билан Ўзбекистон Республикасидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визалари талаб этилмайдиган ҳар қандай хорижий давлатдан бошқа, кириш визаси расмийлаштирилиши талаб этиладиган хорижий давлатга кирган ҳолларда келиб чиқади.

Шу билан бирга, фуқаролар кириш чиқиш Тартибида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлат ҳудудида бўлиши муддати чегараси белгиланмаганлиги сабабли, уларнинг хорижий давлат ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган муддатлардан ортиқ бўлишлари маъмурий (МжТК 226-моддаси) ёки жиноий (ЖК 223-моддаси) жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди.

Жиноят кодекси 223-моддасида назарда тутилган жиноят Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси чизиғи кесиб ўтилган пайтдан бошлаб, Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида эса - чегара назоратидан ўтилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.

Судларга тушунтирилсинки, агар жиноят Давлат чегарасини ёриб ўтиш йўли билан содир этилган бўлса, шахснинг ҳаракатлари ЖК 223-моддаси иккинчи қисмининг “а” банди билан квалификация қилиниши лозим. Бунда ёриб ўтиш деганда, жумладан, қўриқланадиган Давлат чегарасини чегара постига ёки чегарачилар нарядига ҳужум қилиш, чегара қўшинларининг қонуний фаолиятига бошқача фаол қаршилик кўрсатиш (масалан, Давлат чегараси режими талабларига очиқдан-очиқ бўйсунмаслик, ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиш), Давлат чегарасини қўриқлашга доир техник воситаларни нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш ва ҳ.к. йўли билан кесиб ўтишда ифодаланган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Агар Давлат чегарасини ёриб ўтиш пайтида айбдор томонидан Давлат чегарасини қўриқловчи шахс баданига қасддан оғир шикаст етказилган ёки у қасддан ўлдирилган бўлса, қилмиш ЖК 223-моддаси ва тегишлича ЖК 104, 97-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим. Бундай ҳолатларда қасддан баданга енгил ёки ўртача оғирликдаги тан жароҳати, шунингдек мулкий зиён етказилиши ЖК 223-моддаси иккинчи қисми диспозицияси билан қамраб олинади ва тегишлича ЖК 105, 109 ва 173-моддалари билан қўшимча квалификация қилинишини талаб этмайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 223-моддаси иккинчи қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноят субъекти бўлиб, фақат хорижий мамлакатларга чиқиши махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахслар бўла оладилар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 5 мартдаги ПҚ 2142-сонли қарорининг 1 ва 2-бандлари).

Агар шахс қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш ёки қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пайтида бошқа жиноятлар (ҳужжатларни қалбакилаштириш, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш, контрабанда, гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва бошқалар) содир этган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари содир этилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.

Чегарачилар наряди таркибида бўлган шахс томонидан чегара хизматини ўташ қоидаларини бузиш, агар бу қилмиш қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишга олиб келган бўлса, ЖК 294-моддаси иккинчи қисми “а” банди билан квалификация қилинади ва ЖК 223-моддаси билан қўшимча квалификация қилинишини талаб этмайди.

Жиноят кодекси 223-моддаси диспозицияси бланкет норма бўлганлиги туфайли, шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда дастлабки тергов органлари шахс томонидан чет элга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига кириш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш тартибини белгиловчи айнан қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат талаби бузилганлигини аниқ кўрсатишлари шарт. Суд ҳукмида ҳам мазкур жиноятни содир этишда айбдор деб топилган шахснинг ҳаракатларида ЖК 223-моддасида назарда тутилган белгилардан қайси бири мавжудлиги аниқ кўрсатилиши лозим.

Дастлабки тергов органлари ва судлар томонидан жиноят-процессуал қонуни талабларига риоя этилмаслиги ишнинг ЖПК 416 ва 417-моддалари талабларидан келиб чиқиб ҳал қилинишига сабаб бўлади.

Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишга доир ишларни кўриш вақтида судлар, эҳтиётсизлик оқибатида Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби бузилишига йўл қўйган шахсларнинг ноқонуний судланиши ҳолларини истисно этиш мақсадида, айбдорнинг ҳаракатлари хусусиятини синчковлик билан аниқлашлари зарур. Иш бўйича шахс қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги факти аниқланган ҳолда суд бунга тегишли муносабат билдириб, жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқариши керак.

Мазкур тоифага доир ҳар бир иш бўйича айбдор шахсга нисбатан адолатли, қилмишга мутаносиб жазо белгилаш мақсадида судлар, шунингдек, жиноятнинг содир этилиши мотивини, моддий зарар етказилган-етказилмаганлигини, етказилган моддий зарар миқдорини аниқлашлари лозим.

      

                         Б.Мамажонов - Жиноят ишлари бўйича

                                                      Фарғона туман судининг судяси