Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 82 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Товламачилик жиноятининг мазмун моҳияти ва унинг олдини олиш чоралари

×

 2022-06-28 17:53:35    140

PDF юклаш
Чоп этиш


Товламачилик жиноятининг мазмун моҳияти ва унинг олдини олиш чоралари

Товламачиликнинг бевосита асосий объекти талон-тарож қилинаётган мол-мулкни тартибга солишга қаратилган ижтимоий муносабатлар. Бевосита қўшимча объекти товламачилик натижасида тажовуз қаратилган жабрланувчининг қонун билан қўриқланадиган шахсий ҳуқуқлари ҳисобланади.

Товламачиликнинг қўшимча объекти айбдор томонидан қўлланиладиган руҳий зўрликнинг характери билан тавсифланади.

Масалан, зўрлик ишлатишда қўлланиладиган таҳдидда фуқаронинг соғлиғини таъминлашага қаратилган, жабрланувчи сир сақланишини ҳоҳлайдиган шахсий дахлсизлиги, шаъни қадр-қимматини таҳқирлайдиган маълумотларни ошкор этиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар намоён бўлиши мумкин.

Товламачиликнинг предмети бўлиб, нафақат мол-мулклар, балки унга бўлган мулкий ҳуқуқлар, бошқа турдаги мулкий ҳаракатлар ва мулкий кўринишдаги фойдалар ҳам бўлиши мумкин.

Айбдор товламачиликни содир этаётиб мулкка бўлган ҳуқуқни талаб қилмай, ўзганинг мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини талаб қилиши ҳам мумкин.

Мол-мулкка бўлган ҳуқуқ - шахснинг ўзига тегишли мол-мулк­ка эгалик қилиш, ундан ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаат­ларини кўзлаб фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, шунингдек, ўзининг мулкий ҳуқуқи ким томонидан бузилишидан қатъи назар, ўз мулкий ҳуқуқлари бузилишини бартараф этилишини талаб қи­лиш ҳуқуқидир. Товламачиликнинг предмети бўлиб кўчар ва кўчмас мулклар намоён бўлади.

Мулкий йўсиндаги ҳаракатлар деганда, ҳақи тўланиши лозим бўлган ҳар қандай ишларни текинга бажариш ёки хизматлар кўрсатиш (иморатлар қуриш, уларни таъмирлаш, автомобилларни таъмирлаш, товар-моддий бойликларни ташиб бериш ва ҳ.к.) тушунилади.

Бундан ташқари мулкий йўсиндаги ҳаракатлар жумласига айбдорга мулкий манфаатлар келтириши мумкин бошқа ҳаракатларни (умумий улуш, меросдан воз кечиш ва бошқа) ҳам киритиш мумкин. Товламачиликнинг пердемети бўлиб фақатгина ўзганинг мулки ёки мулкий ҳуқуқий намоён бўлади.

Жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиб, унинг мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабр­ланувчи сир сақланишини хоҳлаган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ёхуд жабрланувчининг манфаатларига хавф со­ладиган шароитни яратиш йўли билан жабрланувчи шахсни унда турган (масалан, қарзга, кредитга олган, жиноят содир этиши на­тижасида вақтинча сақланиб турган ва ҳоказо) ўзининг мол-мул­кини беришга мажбур этганида, у ўзганинг мулкини товламачи­лик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгар­ликка тортилиши мумкин эмас. Бундай қилмиш, қонунда назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлса, ўзбошимчалик деб ҳисобла­нади. Қарздордан қарзни талаб қилиш Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси билан квалификация қилиниши мумкин эмас, лекин ай­рим ҳолларда ўзбошимчалик (ЖКнинг 229-моддаси) тариқасида баҳоланиши лозим.

Объектив томондан товламачилик жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумот­ларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрла­нувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйишда ифодаланади.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 165-моддасининг 1-қисмида кўриб ўтилганидек, таовламачилик мураккаб таркибли жиноят бўлиб, бир томондан айбдор мулкдор­дан била туриб, ғайриқонуний равишда ўзига ёки у кўрсатган шахсларга муайян мулкни, мулкка бўлган ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд улар фойдасига муайян мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилса, бошқа томондан таҳдидга асосланган руҳий зўрлик ишлатади.

Талаб товламачининг жабрланувчидан кўча ва кўчмас мулкни ёки мулкдан ўз мулкидек фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этишини таклиф қилишни англатади. Талаб рад этилса, ўч олиш билан қўрқитишда ифодаланган бўлиши керак. Қўрқитиш билан мустаҳкамланмаган талаблар товламачиликни ҳосил қилмайди.

Товламачининг талаби, албатта, жабрланувчининг  мулкига зарар етказиш ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш ёхуд улар учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш тарзидаги қўрқитиш билан биргаликда содир қилиниши лозим. Қўрқитиш билан амалга оширилмаган талаблар жиноятнинг товламачилик таркибини вужудга келтирмайди.

Мулк ҳуқуқини талаб қилишда айбдор мазкур мулкни унга мулк сифатида бутунлигича беришни талаб қилмасдан бир вақтни ўзида унга бир ёки бир нечта мулк ҳуқуқи ваколатларини (эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш) беришни талаб қилиши мумкин.

Мулкий йўсиндаги ҳаракатлар қилиш ёки мулкий манфаатлар беришни талаб қилиш деганда айбдор фойдасига ёки у кўрсатган шахс фойдасига мулкий йўсиндаги моддий манфаатлар бериш ёки аниқ моддий хизматлар қилиш “таклифи” назарда тутилади.

Барча ҳолатларда талаб тўғридан - тўғри айбдор томонидан амалга оширилиши билан бирга, ўртакаш орқали, шунингдек оғзаки, телефон, факс, хат орқали ва бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.

Товламачи томонидан қўйиладиган талаблар руҳий зўрлик - таҳдид билан доимо боғлиқ бўлиши керак. Таҳдид билан амалга оширилмаган талаб товламачилик жинояти таркибини ташкил этмайди.

Товламачиликдаги қўрқитишга қуйидаги белгилар хос: биринчидан, ўз мазмунига кўра унда жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд улар сир сақлаш лозим деб топган маълу­мотларни ошкор қилиш нияти билдирилган бўлиши керак; ик­кинчидан, таҳдид реал, яъни агар жабрланувчи товламачининг талабларини бажармаса, таҳдид амалга оширилиши мумкинлиги­дан хавотир бўлиши лозим. Жиноят таркибининг мавжудли­гини аниқлаш учун қўрқитишни ким амалга ошириши мумкин­лиги: бевосита товламачининг ўзими ёки унинг иштирокчила­рими,  бу аҳамият касб этмайди. Қўрқитиш келажакда (дарҳол ёки талабни бажаришдан бош тортганлик учун) амалга оширилади деб қабул қилинади. Шунинг учун ҳам ушбу жиноятнинг таркиби учун айбдорнинг ҳақиқатдан ҳам ўз ниятини амалга оширмоқчи бўлган-бўлмаганлиги аҳамият касб этмайди.

Товламачиликни квалификация қилишга таҳдиднинг бевосита мол-мулк эгасига йўналтирилганлиги ёки унинг яқин қариндошларига қаратилганлигининг аҳамияти йўқ.

Жабрланувчи томонидан қўрқитишнинг хусусияти ва жадал­лиги қандай қабул қилинганлиги жиноятни квалификация қи­лишга таъсир кўрсатмаслиги лозим. Жадаллиги бир хил бўлган таҳдид, жабрланувчиларнинг руҳий ҳолати, тарбияси, феъл-атвори, жис­моний хусусиятларидаги фарқ­лар туфайли, улар то­монидан турли­ча қабул қилинади. Жабрланувчи қандай қабул қилганлигидан қатъи назар, таҳдиднинг кучи ошмайди ва камай­майди, унинг ўзи қандай бўлса, шундайлигича қолаверади. Агар айбдорнинг айтган­лари объектив томондан таҳдидни ўз ичига олмаган бўлса, қилмиш товламачилик деб баҳоланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 165-моддаси товламачиликни содир этишда ўлдириш билан қўрқитишни ҳам ўз ичига қамрб олади ва Ўзбекистон Республикаси ЖК 112-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.

Суд-тергов амалиётида товламачиликни босқинчилик ва ўғриликдан фарқлашда кўп муаммолар мавжуд. Шуни назарда тутиш кераккки, босқинчилик ва талончиликда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мулкни эгаллаб олиш ёки талон-торож қилинга­нидан сўнг уни ушлаб қолиш воситаси бўлиб хизмат қилса, тов­ламачиликда ушбу қўрқитиш жабрланувчининг иродасини сўндириш ва уни товламачининг талабларини бажаришга мажбур этиш воситаси бўлиб хизмат қилади.

Шуни ҳам назарда тутиш керакки, босқинчилик ва талончи­ликда ўзганинг мулкини эгаллаб олиш қўрқитиш билан бир вақ­тда содир бўлади, товламачиликда эса, айбдор жабрланувчининг мулкини келажакда қўлга киритади.

Агар товламачиликни содир этишда қўрқитиш жабрланувчига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган бўлиб, товламачи ўша вақтдаёқ ўзганинг мулкини талон-тарож қилган бўлса, унинг ҳаракатлари ўзганинг мулкини товламачилик қилиш ва қўрқитишга қараб, босқинчилик ёки талончилик сифатида жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши керак.

Товламачиликни содир этишда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда уриш, зарба бериш, баданга енгил, ўртача оғир ва оғир шикаст етказиш таҳдиди билан қўрқитиш агар айбдорнинг талаби бажарилмаса, шундай зўрлик ишлатиш хавфи мавжуд бўлиши тушунилиши, керак. Ўзбекистон Республикаси ЖК 165-моддасининг диспозициясида уларнинг ҳаммаси кўрсатилган ва бундай қилмиш содир этилганида шахсга қарши жиноятлар бўйича қўшимча квалификация талаб қилинмайди. Товламачиликни содир этишда ўлдириш билан қўрқитишни ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси ўз ичига олади.

Мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ҳаракатлари моддий қийматликларга зарар етказишга қаратилгандир.

Бу тоифадаги жиноятларни олдини олиш борасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 10 январдаги Фармонида давлат ва жамият олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида, жумладан:

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;

ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;

юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш лозим.

  

               Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича

 

                                       Фарғона туман судининг раиси