ҚАҲРАМОНЛАР НОМИ БАРҲАЁТ
2023-05-08 16:24:08 252
Қаҳрамонлар номи барҳаёт
Сўх тумани Ленбур қишлоғидаги 18-умумтаълим мактабида 9-май Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб "Қаҳрамонлар номи барҳаёт" мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда сарҳадларимизни ҳимоя қилишда жонини фидо қилган Хайриддин Холбоев хотираси ёд этилди.
Тадбирда унинг ота-онаси, маҳалла фаоллари, ички ишлар ходимлари мактаб жамоаси ва ўқувчилар иштирок этдилар. Тадбирда сўз олган туман ҳокими ҳар бир инсон шундай қаҳрамон фарзандлари борлигидан фахрланиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Катта сержант Хайриддин Холбоев 2000 йили Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманларида халқаро террорчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган. У таълим олган Сўх туманидаги 18-сонли умумтаълим мактабида унинг бюсти ўрнатилган. Мактаб ичида эса қаҳрамон йигитга бағишланган ихчамгина музей ташкил қилинган.
Тадбирда сўз олганлар Ватан ҳимояси йўлида жонини бахш этган мард ўғлонларнинг мустақиллигимизни мустаҳкамлашда хизмати катта эканлигини таъкидлади. Тадбирда Хайриддин Холбоевнинг мардлиги, ватанпарварлиги хусусида сўз юритилди.
Мактабда ташкил этилган “Сарҳад” номли “Ватан таянчи” отряди аъзолари вилоят босқичида ўтказилган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида иштирок этиб, фахрили ўринни эгаллагани учун отряд аъзоларига мазкур мусобақанинг 3-даражали дипломи тақдим этилди. Мазкур отряд аъзолари ижросида турли ҳарбий машқлар намоийш этилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram