СЎХ ЭНГ ТАРАҚҚИЙ ЭТГАН ҲУДУДЛАРДАН БИРИГА АЙЛАНАДИ
2021-04-22 17:00:23 154
Истиқлолимизнинг 30 йиллик юбилейи арафасида юртимизда оламшумул ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар қадамда бунёдкорлик, яратувчанлик ва юртга дахлдорлик ҳисси жўш урмоқда.
Биз, Сўхликлар ҳам ана шундай ислоҳотлардан баҳраманд бўлиб, турмушимиз янада фаровонлашмоқда. Шу кунларда барча тумандошларимизнинг юз-кўзида шукроналик зоҳир.
Боиси жорий йил 1 апрель тонги Сўхликлар учун ўзгача файзли бошланди. Шу куни Фарғона вилояти ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари орасида чегара постлари фаолияти қайта тикланиб, Қирғизистон орқали ўтган Сўх – Риштон йўли яна очилди. Бу мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, сўхликлар ҳаётида катта тарихий ҳодиса сифатида муҳрланди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентларининг ушбу чегара борасидаги барча масалаларни келишиб олганликлари ва музокаралар давомида бу борада зарур чора-тадбирлар белгилангани йўлнинг очилиш маросимида алоҳида эътироф этилди.
Икки қардош давлат ўртасидаги келишув асосида чегаралардан ўтиш тизимини соддалаштириш, боғлаб турадиган йўлларни реабилитация қилиш, ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйиш масалаларида тизимли равишда ислоҳотлар олиб борилади.
Бир неча асрлар мобайнида аҳил-иноқликда, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб яшаб келаётган халқларимизнинг қадрият ва анъаналари, яшаш ва турмуш тарзи ўзаро муштаракдир. Шу боис азалдан ота-боболаримиз бу икки халқни бир дарахтнинг икки япроғи сифатида эътироф этганлар.
Президентимиз саъй-ҳаракати билан бугун Сўх дунёга очилди. Кўчаларда, одамлар қалбида сарин-сарин эпкинлар эса бошлади. Орзулар туғилмоқда, келажакка ишонч ҳисси уйғонмоқда. Энди бу икки халқ дўстлиги ва бирдамлигининг гўзал намунаси сифатида Сўх энг тараққий этган ҳудудлар сирасига кириши, шубҳасиз. Бунда яқин қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамлиги муҳим аҳамият касб этади.
Фаррух Эназаров,
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram