ЧЕГАРАЛАР ОЧИЛАДИ (МИ?)
2021-03-18 16:40:11 191
Бугун давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғи билан Сўх туманига Ўзбекистон Республикаси чегара қўшини қумондонлиги, Давлат божхона қумитаси вакиллари ташриф буюришди. Ташрифдан асосий мақсад туман ҳудудидаги 8 та чегара назорат-ўтказиш пунктларидаги аҳволни ўрганиш, камчиликларни аниқлаш ва йўловчиларга қулай шарт-шароитларни яратишдан иборат. Зеро Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан келишувга биноан давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини келгуси уч ой ичида якунлаш қайд этилган эди.
Туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев бошчилигида Республикадан келган меҳмонлар туман мутасадди идоралар раҳбарлари билан Малбут, Сой, Тоён, Қизилқиёқ, Девайрон, Ғазнов, Тул ва Ленбург маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган чегара назорат-ўтказиш пунктларини кўздан кечиришди. НУПлардаги камчилик ва муаммоларни тез муддатда бартараф этиш ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича тегишли идора мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Хабарингиз бор, Қирғизистон Республикаси президентининг матбуот котиби Галина Байтерек президент Садир Жапаровнинг Тошкентга ташрифи якунлари юзасидан ўз баёнотида "Тез орада икки давлат ўртасидаги 7 та назорат-ўтказиш пункти фаолияти тикланиши"ни таъкидлаган эди.
СЎХ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram