Сўхда барпо этилаётган янги аэропорт туман ҳаётига катта ўзгаришлар олиб келади
2021-02-12 17:51:33 142
Сўхда барпо этилаётган янги аэропорт туман ҳаётига катта ўзгаришлар олиб келади
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Сўх туманига ташрифи доирасида туманда барпо этилишга киришилган янги аэропорт қурилиш жараёнлари билан танишди.
Сўх тумани «Новобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилаётган аэропорт майдони салкам 10 гектарни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган.
2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида 6 ой ичида қуриб битказиладиган аэропорт орқали “Humo AIR” авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда “Uzbekistan Helicopters” МЧЖга қарашли МИ-8 вертолётларини жалб этган ҳолда Сўхдан Фарғона ҳамда Қўқон йўналишларида авиақатновлар йўлга қўйилади.
Қурилиш майдончасида туман маҳаллалари вакиллари ҳамда фаоллари билан учрашган Хайрулло Бозоров, Сўх аҳлига Давлатимиз раҳбарининг салом ва тилакларини етказиб, Президентнинг алоҳида топшириғи билан туманга ишлаб чиқаришни, саноатни олиб кириш, бандликни таъминлаш, аҳоли турмуш тарзини ошириш бўйича катта ишлар бошланганини таъкидлади. Бундан буён маҳаллабай тизими асосида ҳар бир маҳаллага биттадан иқтисодий идора вакили бириктирилганини, ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталарини аниқлаш, ишсизликни бартараф этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли иш олиб борилади.
Президентимизнинг Сўх туманининг ривожи учун алоҳида эътиборини қайд этган Хайрулло Бозоров, туманда имтиёзли солиқ тизими жорий этилганини, бундан буён тадбиркорлар айланмадан тўлайдиган солиқ миқдори 1 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси ҳам 1 фоиз этиб белгиланганини, бу ўз навбатида инвесторларни Сўхга жалб этишга, янги корхоналар ташкил этишга омил бўлишига ишонч билдирди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати