Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 133 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР САЙЛОВ ЖАРАЁНИНИНГ МУҲИМ СУБЪЕКТИ СИФАТИДА

×

 2019-12-19 14:41:13    188

PDF yuklash
Chop etish


СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР САЙЛОВ ЖАРАЁНИНИНГ МУҲИМ СУБЪЕКТИ СИФАТИДА

Умумхалқ сайловлари орқали давлат ҳокимияти органларини шакллантириш демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир. Сайлов – халқ ўз ҳокимияти ва хоҳиш-иродасини тўғридан-тўғри рўёбга чиқаришнинг олий ифодаси, давлат ҳокимияти органларини демократик тарзда ташкил этишнинг негизи ҳисобланувчи улкан ижтимоий-сиёсий тадбир.

Сайлов демократиянинг энг қадимий институтларидан бири ҳисобланади, зеро 1632 йилдаёқ Буюк Британияда сайловга доир биринчи қонун қабул қилинган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1948 йил 10 декабрида қабул қилинган “Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон Декларацияси”нинг 21-моддасида демократик тамойиллар асосидаги сайловларнинг инсон ҳуқуқи сифатидаги ўрни қуйидагича таърифланади: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали ўз мамлакати бошқарув ишида қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши керак; бу ирода яширин овоз бериш ёки овоз бериш эркинлигини таъминловчи бошқа шунга тенг аҳамиятга эга бўлган умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида ифодаланиши лозим”.

Ўтган давр мобайнида миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашувини ва умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базаси шаклланди. 2019 йил 25 июнда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Ушбу кодекс орқали жамиятдаги энг муҳим масалалардан бири ҳисобланган – сайловларнинг ҳуқуқий асослари кодификацияланди.

Ўзбекистонда сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва кўппартиявийлик асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Маълумки, сайловлар даврида сиёсий партияларнинг ҳар бир номзодлари ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Аниқ мақсад, рақобат муҳити юзага келади, ҳаётга кучлироқ таъсир кўрсатишга, ўз дастурининг мақсад ва вазифаларини халққа етказишга интилади. Сайловчи нафақат ўзи танлаган номзодга, балки ўша номзод аъзо бўлган сиёсий партияга ҳам овоз беради, унинг ғояларига ишонч билдиради. Шу сабабдан ҳам сайловлар сиёсий партиялар учун жуда муҳим сиёсий имтиҳон вазифасини ўтайди. Сайлов натижаларига кўра қайси партиянинг дастури, мақсади ва вазифалари халқчил эканлиги, Ўзбекистон халқи қайси партияни кўпроқ қўллаб-қувватлаши аён бўлади. Сайловда иштирок этиб, етарлича овоз йиға олмаган партиялар учун эса келгуси фаолиятининг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиб, ўзлари учун хулосалар қилиш имконини берилади.

Мустақилликка эришгач, сиёсий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда янги воқелик – кўппартиявийликка асосланган демократик сиёсий тизим шакллана бошлади. Машҳур француз сиёсатшунос олими М. Дюверже ўзининг «Сиёсий партиялар» асарида: «Сиёсий тизимда кўппартиявийлик қарор топган тақдирдагина давлат халқ манфаатларини ифода эта олиши, умуммиллий манфаатларни, синфлар, ижтимоий гуруҳлар манфаатлари устунлигини таъминлай олиши ва жамиятдаги барқарорликнинг мустаҳкам негизини ташкил қила олиши мумкин», – деб таъкидлаган. Кўппартиявийлик тизимида партиялар тенг ҳаракатни амалга ошириш, блокларга бирлашиш имконига эга бўладилар, шунингдек бундай пайтда конструктив мухолифат ва партиялараро рақобат муҳити, электорат манфаатини тўлиқ қамраб олиш имконияти учун қулай шароит яратилади.

Сайлов кодексига кўра бу йилги сайловларда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлигига ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақатгина сиёсий партиялар эга. Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган 15 депутатлик квотаси бекор қилингач, энди 150 ўрин учун барча партиялар тенг кураш олиб борадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев тўғри таъкидлаганидек, “миллий қонунчилигимизда бўлажак сайловларда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилиши қатъий белгилаб қўйилгани ҳар бир партияга катта ҳуқуқ ва имконият бериши билан бирга юксак маъсулият ҳам юклайди”.

Сайлов қонунчилигига киритилган муҳим ўзгаришлардан яна бири номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар-харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартибининг белгиланиши ҳамда сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги, шунингдек, сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни ҳам депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатли эканлиги (бунда сиёсий партиялар сайловда депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиши учун партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаши керак) сайловнинг самарали ташкил этилишига ижобий таъсир кўрсатади.

2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловда фуқароларимиз томонидан 150 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, 831 нафар вилоят ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, 5 738 нафар шаҳар ва туман депутатлари сайланадилар.

Бўлажак сайловларда республика миқёсида 20 млн 600 минг сайловчилар иштирок этади. Мазкур сайловчиларнинг 11 млн 237 минг нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Мазкур жараёнларда 2 млн ёшлар ўзларининг Конституциявий ҳуқуқлари – овоз бериш ҳуқуқларидан биринчи бор фойдаланадилар.

Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, 150 та сайлов округидан 750 нафар номзод рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 41,4 фоизини (310 нафарини) аёллар ташкил этади. Бу кўрсаткич 2014 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган  парламент сайловларидаги кўрсаткичдан 10 % га кўпдир. Номзодлар ичида педагоглар – 29,7 %, иқтисодчилар – 19,1 %, шифокорлар – 12,4 %, ҳуқуқшунослар – 9,6 % ни ташкил этади. Номзодлар орасида 41–50 ёшдагилар (45,6 %) ва 31–40 ёшдагилар (30,3 %) аксарият кўпчиликни ташкил этадилар. Барча номзодлар олий маълумотли бўлиб, улар орасида 22 нафар фан доктори ва 52 нафар фан номзоди борлиги қувонарли ҳолдир.

Парламент учун курашиш, унда кўпчилик депутатлик ўринларини эгаллаш сиёсий партияларнинг асосий мақсадларидан биридир. Чунки сиёсий партияларнинг умумхалқ сайловларида шаклланган парламентдан ўрин эгаллаган вакиллари (депутатлар), хусусан улар кўпчиликни ташкил этсалар, қонунчилик фаолиятида иштирок этиш орқали ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, Бош вазир лавозимига номзод тақдим этиш имкониятига эга бўладилар.

Сиёсий партиялар жамиятнинг энг фаол ва умумхалқ манфаатлари йўлида дунёқараши, мақсади, фикрлар муштараклиги бир бўлган мамлакат фуқароларининг муайян қисмини ўз сафида бирлаштирган ва сиёсий ҳокимият учун курашадиган сиёсий ташкилот бўлгани боис фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан ажралиб туради.

Бугунги кунда республикамизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси (1991 йил), Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (1995 йил), Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси (1995 йил), Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (2003 йил), Ўзбекистон экологик партияси (2019 йил) фаолият юритмоқда. Ҳар бир сиёсий партия жамиятнинг маълум бир табақаси манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда.  Ҳокимият учун кураш, сайловолди дастурини бажариш, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини ишлаб чиқишда бевосита ёки билвосита иштирок этиш сиёсий партияларнинг асосий сиёсий вазифаларидан саналади.

Ҳар бир сиёсий партия электорат ишончи ва ҳурмати учун курашишга, сайловчилар хоҳиш-иродасини ифодаловчи дастурий мақсадларни илгари суришга, парламентда кўпчилик ўринни эгаллашга, жамиятнинг юксалиши ва янгиланиши йўлида янги таклиф ва ечимларни тақдим этишга интилади.

Сиёсий партияларнинг янада фаоллашуви учун авваламбор, улар халқ ишончини қозонишлари, ўзлари ҳақида ижобий, ижтимоий фикрни шакллантиришлари зарур. Партия электоратсиз, электорат ортида турувчи халқнинг кўмагисиз фақат ўз аъзоларига суянган ҳолда ҳеч нима қила олмайди.

Республикамизда фаолият олиб бораётган сиёсий партияларнинг электорати қуйидагича:

  • Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати – давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари (пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириши учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали аёллар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари, меҳнат билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар, жумладан, меҳнат бозорига энди киритиб келаётган таълим муассасалари битирувчилари, доимий иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар, ички ва ташқи меҳнат мигрантлари);
  • Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси электорати – малакали мутахассислар, бюджет соҳалари ходимлари, педагоглар, шифокорлар, инженер-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳаси меҳнаткашлари;
  • Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси электорати – зиёлилар, шу жумладан, илм-фан ва таълим, маданият, санъат ва ахборот соҳаси ходимлари, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшлар, шунингдек, олимлар, тарбиячи ва ўқитувчилар, ижодкор ва санъаткорлар, спортчилар, туризм, ҳунармандчилик ва халқ табобати соҳаси вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, шунингдек, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, деган устувор ғояни қўллаб-қувватловчи ватанпарвар ва бунёдкор халқимиз вакиллари;
  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси электорати – мулкдорлар қатлами, кичик бизнес вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ишлаб чиқариш соҳасидаги мутахассислар ҳамда ўз тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини ривожлантириш эвазига халқ фаровонлигига эришишга ҳаракат қилаётган ижодкор, олимлар;
  • Ўзбекистон экологик партияси электорати – экологлар, биологлар, химиклар, геологлар, ирригаторлар, аграр соҳа вакиллари, тиббиёт ходимлари, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, экологик барқарорликни таъминлашга бефарқ бўлмаган барча фуқаролар.

Сайловда сиёсий партияларнинг ўз сайловолди платформалари асосида иштирок этиши мамлакат тараққиётининг бош мезони саналади. Партия сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувлар давомида аҳолини ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва уларнинг ижроси бўйича ҳисоботлар тақдим этиб бориш унинг халқ орасидаги нуфузини янада оширади.

Партияларнинг ўз функцияларини амалиётда бажаришларининг асосий усули, бу – сайловлар кампанияси даврида партиялар давлатнинг қонун чиқарувчи органларига сайланишлари учун ўз номзодларини кўрсатишларидир. Бу номзодларнинг сайланишларига эришиш учун партия фаоллари аҳолининг кўпчилик қисмини ўз томонига оғдириши, сайловчилар ўртасида ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориши лозим. Айниқса, бу даврда жамоатчилик фикрига таъсир қила олиш қобилиятига эга бўлиш партиянинг энг асосий мақсадидир. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланадиган сайловолди ташвиқоти  сиёсий партиялар томонидан асосан анъанавий тарғибот воситалари – телевидениедаги ахборот дастурлари, сиёсий партиянинг матбуот нашрлари орқали олиб  борилган бўлса, бу йилги сайловолди тарғиботида омма олдида очиқ мунозаралар, дебатлар, матбуот конференциялари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш, интернет (асосан ижтимоий тармоқлар) орқали амалга оширилмоқда.

Юқоридаги фикрлардан ҳам кўриниб турибдики, сиёсий партиялар ўзининг келажак сиёсати, дастури, мафкураси йўналишларини халқда қизиқиш уйғотадиган шаклларда халқ руҳиятига сингдира билиши – партиянинг сайловларда ғалабага эришишининг кафолатларидан биридир.

Бу йилги сайловларда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартибининг бекор қилинганлиги жамиятда сиёсий партияларнинг ролини янада оширади. Зеро, Президент Ш.Мирзиёев тўғри таъкидлаганидек, “ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”.

Эркин ва адолатли сайловлар мамлакатни демократлаштириш ва ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Фуқаролик жамиятини жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демократик давлат эса партияларнинг сайловдаги кураши орқали барпо этилади. Аҳолининг аксарияти манфаатларини кўзлайдиган ва ушбу манфаатларнинг амалга ошиши учун тўғри йўлни кўрсата оладиган сиёсий кучгина давлат тепасига келганида демократик давлат қарор топади.

Шундай қилиб, сиёсий партиялар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва фаоллигини ошириш, уларнинг давлат сиёсатини ташкил этиш ва бошқаришдаги иштирокини таъминлаш орқали давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди, аҳолининг жамоатчилик фикрини шакллантиришда, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирокини таъминлашда муҳим ўринга эга.

Расулова Нодира Сардаровна - тарих фанлари номзоди, доцент