ЧОРАК АСРЛИК МУАММО ЕЧИЛМОҚДА
2019-12-07 14:19:05 204
ЧОРАК АСРЛИК МУАММО ЕЧИЛМОҚДА
Кундан кунга чирой очиб бораётган буюк Ватанимизнинг барча гўшаларида бугун ободончилик ва буньёдкорлик ишлари авж олган. Биргина вилоятимизнинг энг сўлим гўшаси – Сух туманида ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Аҳоли муаммоларини ечиш ва уни бартараф этилишида ҳисса қўшиш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси саналади. Ташкил этилаётган сайёр қабуллар ва бевосита ҳокимнинг аҳоли билан учрашуви долзарб бўлиб қолган муаммоларни ечимида асосий омил бўлиб хизмат қилаётир. Сарибозорча, Сариканда, Ҳазрати Али маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшаётган аҳолининг муаммоси бугунги кунда ичимлик сувининг танқислиги бўлиб қолмоқда. Яқинда маҳаллада бўлиб ўтган сайёр қабул ва туман ҳокими Фаррух Усаров билан бўлиб ўтган учрашувда Ҳазрати Али маҳалласида яшовчи аҳоли ушбу муаммони ҳокимга билдирган эдилар. Бугун ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди. -“Мурожаатимиздан кейин маҳалламизга давлат томонидан янги насос олиб келиниб, ҳозир биз маҳалладошларимиз билан ушбу насосни белгиланган жойга ўрнатмоқдамиз”,-дейди биз билан сўҳбатда маҳалла фахрийси Аминжон Аминов.
Ҳазрати Али маҳалла фуқаролар йиғини раиси Субҳонали Нишоновнинг маълумотига кўра, бу учта маҳалла аҳолиси “Кўли зардак” номли мавзенинг ҳовузидан насос орқали тортиб олинадгиан сувдан истеъмол қилишади. Яна шу маълум бўлдики, эски насос ишдан чиққач, сайёр қабул ва мурожаатдан кейин маҳалла аҳлига янги насос берилди ва шу билан бирга, сувни етказиб бериш учун зарур бўлган қувурлар ҳам олиб келинди. Жами бўлиб, ушбу мақсадларга давлат томонидан салкам 50 миллион сўм маблағ ажратиб берилди. Бугун сув чиқариш учун маҳалла аҳли ҳашар ташкил қилишган. Туман ҳокими, ички ишлар бўлими бошлиғи ва сектор раҳбари, туман прокурори бевосита ҳашарчилар билан учрашдилар. –“Сув таъминоти бир маромга тушгач, Сариканда маҳалласи аҳолиси ҳам бу сувдан истеъмол қилишади. Бу маҳалланинг баъзи бир ҳудудларига салкам чорак асрки, сув етиб бормайди”,-дейди ҳашар жараёнида маҳалла раиси.
Дарҳақиқат, бугун аҳоли томонидан мурожаат этилаётган ҳар бир муаммо ва камчиликлар имконият даражасида ечилмоқда. Муаммолар ечилиши эса, табиийки, ҳар бир фуқаро ва ушбу Ватанда яшаётган инсоннинг розилига асосий омил бўлиши айни ҳақиқат. Зотан, ҳар бир раҳбар бугунги кунда ўз фаолияти билан халқнинг розилигини олиш учун ҳар доим интилиб меҳнат қилиши шарт ва зарурдир.