Ҳушёрга табиий газ келадими?
2019-11-25 16:33:17 176
Сух тумани тўрт томондан Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлиб, Ҳушёр маҳалла фуқаролар йиғини айни чегаранинг бошида жойлашган, яъни Ҳушёрдан Қирғизистонга бир қадамли йўл. Маҳаллада азалдан сув етишмовчлиги асосий муаммо саналади. Шунингдек, табиий газ таъминотида ҳам маҳаллада муаммолар мавжуд. Вилоят ҳокимнинг Сухга ташрифи чоғида ушбу муаммо кўтарилган эди. Муаммони бартараф этиш бўйича вилоят ҳокими томонидан “Водийгазтаъминот” УК вилоят бошқармаси бошлиғига топшириқ берилган эди ва мурожаатнинг эртаси куни маҳаллага 600 метр металл қувурлар олиб келинди. Туман газ таъминоти идораси бошлиғи Б. Мирзобоевнинг маълумотига кўра, идора ишчи-ходимлари аллақачон олиб келинган қувурларни монтаж қилиб бўлишди. Вилоят ҳокимининг топшириғига биноан, монтаж ишлари якунлангач, Ҳушёрга ҳам табиий газ келади, яъни ушбу манбанинг таъминоти яна тикланади.
Шу кунгача Ҳушёр маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида туман газлаштириш идораси томонидан 6,2 километр газ қувурлари таъмирланиб, 550 п/м ду-159 юқори босимли газ қувури янгисига алмаштирилди, шунингдек, 7,3 километр узунликдаги газ қувури ҳаво ёрдамида тозаланди ва маҳаллада жойлашган юқумли касалликлар шифохонаси табиий газ тармоғига уланди, маҳаллада айни пайтда газлаштриш идораси ишчи-ходимлари монтаж ишларини охирига етказиш ҳаракатидалар. Айтиш мумкинки, қишнинг илк кунларидан бошлаб, ҳушёрликлар ҳам табиий газ истеъмолига муяссар бўлишади.