Бугунги сана тарихда
2019-11-25 15:36:39 193
25 ноябрь 1892 йил - Пьер де Кубертен Олимпия ўйинларини тиклашни таклиф қилган кун
25 ноябр куни Сорбоннинг серҳашам залида Франция атлетика жамиятлари Иттифоқининг 5 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Маъруза учун сўз Пьер де Кубертенга берилди. Барон янги ғоялар билан чиққан эди ва у бутун тингловчиларни лол қолдириб деди: ”Олимпия ўйинларини тиклаш зарур!”. Ва унинг ҳаракати зое кетмади – халқлар ва хокимият бу чақириққа қаттиқ қизиқиш билан жавоб қайтардилар. IV аср охирида Рим императори Феодес I томонидан таъқиқланган Олимпия ўйинлари 1896 йилдаёқ қайта тикланди. Агар грек афсоналарига кўра олимпия ўйинларини Геракл таъсис этган бўлса, у ҳолда Кубертенни Гераклнинг издоши деб аташга тўла ҳақлимиз.
25 ноябрь - Суринам мустақил республика бўлган кун
Расмий номи - Суринам Республикаси. Пойтахти - Парамарибо. Ҳудуди -163820 км2. Аҳолиси - 534200 киши (2012). Давлат тили -нидерланд. Сиғинувчиларнинг асосий қисми ҳиндиуийлик (27%), христиан динининг протестант (25%) ва католик (23%) мазҳаблари ҳамда ислом (20%) динига эътиқод қилади. Пул бирлиги-суринам гульдени.
Жанубий Американинг шимолий - шарқида жойлашган давлат. Жанубда - Бразилия, ғарбда - Гайана, шарқда француз гвианаси билан чегарадош. Бош дарёлари- Марони, Корантейн. Асосий табиий ресурслари: боксит, темир рудаси, ёғоч, балиқ, майда қисқичбақалар.
Иқлими - субэкваториал иссиқ. Дарахтларнинг ноёб турлари мавжуд бўлган доимий яшил ўрмонлар суринам ҳудудининг 90%ини эгаллайди. Шимолда Саванналар бор. Мамлакат фаунаси тропик сельвасига хос.
Давлат тузилиши – республика. Мамлакат 10 та округга бўлинган. Суринам 1975 йилнинг 25 ноябрида нидерландиядан мустақилликка эришган (илгари Нидерланд Гвианаси бўлган). Миллий байрамлари:25 февраль - Озодлик ва янгиланиш куни (1980), 25 ноябрь-Мустақиллик эълон қилинган кун (1975). Ижроия ҳокимият президент (давлат бошлиғи) ва вице-президентга (унинг ўзи бош вазир) тегишли. Қонун чиқарувчи ҳокимият бир палатали парламент-Миллий ассамблея томонидан амалга оширилади.
Сиёсий партиялари: Суринам миллий партияси, Миллий бирлик ва бирдамлик учун партия, Илғор ислоҳотлар партияси, Миллий демократик партия, Янгиланган тараққийпарвар партия.
Суринам иқтисоди 1982 йили Голландия молиявий ёрдам беришни тўхтатганидан сўнг, оғир қийинчиликларни бошидан кечирди. Шунингдек сиёсий беқарорлик ҳам саноат тараққиётига ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Саноатнинг етакчи тармоқлари: алюминий ишлаб чиқариш, боксит қазиб олиш, ёғочни қайта ишлаш. Қишлоқ хўжалигида асосий етиштирилган экин шоли ҳисобланади. 2012 йилда ЯИМ миқдори 5094 млн долларни ташкил этган. Асосий савдо ҳамкорлари - Норвегия, Нидерландия, АҚШ, Германия, Бразилия.
Темир йўлларининг умумий узунлиги - 166 км, автомобиль йўллари - 8300 км, ички сув йўллари эса 1200 км. Асосий порти-Парамарибо.
Тарихи. Ҳиндуларнинг аравак, варау ва кариб қабилалари истиқомат қилиб келган ҳозирги Суринам ҳудудлари илгари инглизларга тегишли бўлган, 1667 йили эса Голландияга берилган. 1954 йили мухтор провинция мақомини олган Суринам, 1975 йилнинг 25 ноябрида мустақил республика бўлди. 1980 йилги ҳарбий тўнтариши оқибатида мамлакатда ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтди. 1988 йили ҳарбийлар ҳукуматни фуқаролик ҳукуматига топширганидан сўнг, демократияга қайтиш бошланди ва мамлакатда эркин президент сайловлари бўлиб ўтди.
Манба: http://taqvim.uz/uzc