23 ноябрь тарих саҳифаларида
2019-11-23 09:00:50 215
23 ноябрь 1981 йил - Сурхондарё вилоятидаги Олтинсой тумани ташкил топган кун
Олтинсой тумани – Сурхондарё вилоятидаги туман. 1981 йил 23 ноябрда Шўрчи ва Денов тумани қисмларидан тузилган. Вилоятнинг Денов, Бойсун, Шўрчи, Қумқўрғон туманлари билан чегарадош. Майдони
23 ноябрь 1991 йил - “Ватанпарвар” ташкилоти тузилган кун
“Ватанпарвар”, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти – нодавлат, нотижорат ташкилот. 1991 йил 23 ноябрда тузилган. Ўзбекистон фуқароларининг мустақил, оммавий-ҳимоя, спорт-техник ва ватанпарварлик жамоат ташкилотидир. Ташкилотнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини, унинг қуролли кучлари, мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, кенг халқ оммасини, хусусан ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлашдир. “Ватанпарвар” ташкилоти давлат буюртмаси орқали ҳарбий хизматга чақирилувчиларни ҳарбий-техник тайёрлаш, спорт тадбирлари ўтказиш, ҳарбий –амалий аҳамиятга эга бўлган оммавий техник касб ходимларини тайёрлаш йўли билан молиялаштирилади. Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар, туманларда алоҳида бўлимлари, кенгашлари бор. Кенгаш ўз олдида турган вазифаларни бошланғич ташкилотлар орқали амалга оширади. “Ватанпарвар” ташкилотининг шаҳар кенгаши ҳарбий-ватанпарварлик фаолиятини маънавий-маърифий, оммавий-ташкилий ишлар билан қўшиб олиб боради. Бу борада “Маҳалла”. “Нуроний” жамғармалари, “Камолот” ёшлар ҳаракати, шаҳар мудофаа ишлари бўлими билан шартномалар тузган. Қуролли кучлар учун ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш борасида ташкилотнинг шаҳар кенгашига қарашли Тошкент бирлашган техника мактабида ижобий ишлар амалга оширилди: электромоторист ҳайдовчи ва “ВС” тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқув жараёни такомиллатирилди. Ташкилот ёрдамида спортнинг техника турлари оммалаштирилмоқда. Картинг, ёзги биатлон, милтиқдан ўқ отиш, авиа-модель, ракетамодель, триатлон турлари бўйича мунтазам мусобақалар ўтказилиб турибди. Тошкент шаҳри терма жамоалари 2001-2007 йиллар давомида республика мусобақаларида қатнашиб, 78 олтин, 60 кумуш, 30 бронза медаллари соҳиби бўлди.
23 ноябрь 1859 йил - Чарльз Дарвиннинг "Турларнинг келиб чиқиши" асари сотувга чиқарилган кун
Лондоннинг китоб дўконларида 23 ноябр 1859 йилда Чарльз Дарвиннинг “Турларнинг табиий танланиш йўли билан келиб чиқиши ва ҳаёт учун кураш” номли китоби пайдо бўлди. Китобнинг 1250 нусхаси бир кунда сотилиб кетди. Дарвин Чарльз Роберт (1809.12.2, Шрусберг шахар-1882.19.4, Лондон яқинидаги Даун қишлоғи)-инглиз табиатшуноси, ҳайвон ва ўсимлик турларининг табиий танланиш йўли билан келиб чиқанлиги ҳақидаги эволюцион таълимот асосчиси. Бигл кемасида табиатшунос сифатида дунё саёҳатига чиқиб (1831-36), зоология, ботаника, геология, палеонтология, антропология ва этнография соҳасида кузатишлар олиб борди. Шу кузатишлар асосида биология ва амалий селекциянинг замонавий ютуқларига асосланиб органик дунё эволюциясининг асосий омилларини очиб берди. Дарвин “Турларнинг келиб чиқиши” асарида ҳайвон ва ўсимлик турларининг келиб чиқиш, ривожланиш сабабларини ва атроф-муҳитга мосланишини таҳлил қилди. “Одамнинг пайдо бўлиши ва жинсий танланиш” асарида одамнинг маймунсимон аждодлардан келиб чиққанлигининг биологик ва ижтимоий шарт-шароитларини илгари сурди. Дарвинизм-органик дунёнинг тарихий ривожланиши тўғрисидаги Ч. Дарвин асос солган илмий дунёқараш. Дарвин кўрсатишича, ирсий ўзгарувчанлик ва табиий танланиш эволюциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари ҳисобланади. Ўзгарувчанлик организмлар тузилиши ва функциясида янги белгиларнинг ҳосил бўлишидан иборат. Ирсият орқали бу белгилар наслдан наслга ўтади. Яшаш учун кураш туфайли муҳит шароитига энг яхши мослашган белгига эга бўлган индивидлар яшаб, насл қолдиради, яъни табиий танланиш юз беради. Табиий танланиш натижасида янги турлар пайдо бўлади. 20 асрнинг 20-30-йилларида классик дарвинизмнинг генетика фани ютуқлари билан уйғунлаштирилиши туфайли синтетик эволюцион таълимот шакллана бошлади. Дарвин эволюция ҳақида яна учта китоб ёзди. Дарвинизм яхлит таълимот сифатида биологияда революцион бурилиш ясади. Шунга қарамасдан Дарвин тириклигидаёқ эволюцияда табиий танланишни инкор этувчи ёки унинг таъсирини чеклашга ҳаракат қилувчи турли оқимлар пайдо бўла бошлади. Эволюциянинг асосий муаммолари бўйича баҳслар замонавий биология фанида ҳам давом этиб келмоқда.
23 ноябрь 1831 йил - Санкт-Петербургда мухлислар учун Румянцев музейи очилган кун
Таниқли рус саркардаси, турклар устидан ғалаба қозонган Петр Александрович Румянцев-Задунайскийнинг ўғли граф Николай Петрович ота изидан бормаган бўлса-да, дипломат, ташқи ишлар вазири ва Давлат кенгаши раиси бўлиб хизмат қилган. Граф Румянцевнинг кўплаб беназир ишлари қаторига Маринск сув системасини ташкил қилганлигини ҳам киритиш мумкин. Яна у таниқли коллекционер ҳам эди, қадимий қўлёзмалар, китоблар, минераллар, тош, танга ва шунга ўхшаш қизиқарли нарсаларни йиғар эди. Унинг вафотидан сўнг Петербургда графнинг шахсий уйида Николай I нинг шахсан буйруғига кўра музей ташкил этилди. 23 ноябр 1831 йил мухлислари учун Румянцев музейи очилди. Бироқ музей жуда хароб ҳолда эди, бунинг сабаби оддий – пул йўқ эди. Ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтгандан сўнг 1862 йил музейни Москвага кўчиришга келишилди. Александр II Эрмитаждан 200 та расм олиб музейга ҳадя қилди, буюк княгиня Елена Павловна ҳайкалтарошлик коллекциясини тақдим этди. Румянцев музейи ва кутубхонасини Москва аҳолиси ва меҳмонлари бориб кўрадилар. Революция музейни йўқотиб юбормади, лекин музейнинг маърифатпарварлик фаолиятининг шакли ўзгарди. Китоблар ажратиб олинди, қимматли нарсалар бошқа музейларга тарқатиб берилди. Энди у Россия давлат кутубхонаси деб номланади – асосчиси номини эса унга қайтармадилар.