Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самараси
2019-11-20 17:15:20 202
Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, Республикамизда Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва эътибори доирасида тиббиёт соҳасини тубдан такомиллаштириш, соҳада туб ислоҳотларни жорий этиш, табобат маданиятини юксалтириш, жамиятда соғлом тумуш тарзини тарғиб қилиш, халқимиз саломатлигини асраш, Республикамиз фуқароларига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, соҳани замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланишида катта ишлар қилинди ва қилинмоқда. Чекка Сух туманида ҳам бу соҳада арзирли ишлар амалга оширилаётир.
Бугун Сух тумани тиббиёт ходимлари учун чинакамига хурсандчилик ва тўй куни бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Туман марказий шифохонаси капитал реконструкция дастурига киритилиб, таъмирланди ва бугун фойдаланишга топширилди. Тиббиёт муассасасининг янги, замонавий кўринишдаги биносининг тақдимот маросимида барча соҳалар вакиллари, туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари намоёндалари, кенг жамоатчилик иштирок этишди.
Туман ҳокими Фаррух Усаров барча соҳа ходимларини ушбу тантана билан табриклаб, тиббиёт соҳасига Президентимиз томонидан берилаётган эътибор ҳақида гапирди ва таъкидладики, шунча эътибор ва рағбатга муносиб жавоб бўлиши лозим. Бу самарали ва сидқидилдан қилинган меҳнат ва фаолиятдир.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли янги бинонинг ўрнида 1980 йилда туғруқ комплексига мўлжалланиб қурилган бино жойлашган эди ва бу бинода асосан туғруқ бўлими, болалар, жарроҳлик, реанимация, ҳамда тез тиббий ёрдам бўлимларининг ходимлари фаолият юритишарди. Ҳақиқатан ҳам ночор аҳволга тушиб қолган бино таъмирга мўҳтожлиги сезилиб турарди.
2019 йилнинг бошида ушбу бино капитал реконструкция дастурига киритилиб, таъмирлаш ишлари учун давлат томонидан 4 миллиард 691 миллион сўм маблағ ажратилди. Реконструкция ишлари тумандаги фаолият юритаётган “Хушбахти Сўҳробзод” қурилиш фирмаси томонидан ижро этилди. Янги қурилиб фойдаланишга топшрилган бинода 35 ўринли туғруқ бўлими, 15 ўринлик жарроҳлик бўлими, 15 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, 6 ўринли реанимация бўлими ҳамда янги қурилган қўшимча биноларда диагностика ва жарорҳлик бўлими жойлашган бўлиб, ушбу бўлимлар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланган.
Тақдимот маросимида сўз олганлар энг аввало, Президентимизга ўзларининг миннатдорчилик сўзларини шундай эътибор ва ғамхўриликлар учун билдирдилар. -“Энди биз соҳа ходимлари кўрсатилаётган шунча эътибор ва ғамхўрликлар учун фақат ва фақат самарали ишлашимиз, фолият олиб боришимиз лозим,”- деди ўз сўзида жарроҳлик бўлими бош шифокори Ғайратжон Нурматов.
Айтиш лозим, Сухдаги тиббиёт соҳа вакиллари ҳам давлатимизнинг юксак мукофотларини олишга муяссар бўлганлар. Тадбирда ҳамшира Аминжонова Гудшодхон Низомовнага “Шўҳрат” медали тантанали равишда топширилди. Шунингдек, фахрий тиббиёт ходимлари ва меҳнатда фаол ходимларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Бинонинг рамзий лентаси қирқилгандан сўнг бош шифокор Икромжон Аҳмадовга рамзий калит топшрилди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, шифохонадаги фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам бўлимнинг таъмирига ҳам давлат томонидан 160 миллион сўм маблағ ажратилган ва ушбу бўлимда ҳам айни пайтда таъмираш ишлари жадаллик билан олиб борилаябти.
Сух туман ҳокимлиги ахборот хизмати