Сайёр қабуллар орқали муаммолар ечиладими?
2019-11-15 17:16:11 198
Халқимиз олида турган муаммоларни ечиш, камчиликларини бартараф этиш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси ва бурчи ҳисобланади. Бу йўналишда Президентимиз белгилаб берган масъулиятли вазифаларни бажариш ва халқ розилигига муваффақ бўлиш раҳбарлардан ўзига хос салоҳият ва малака талаб этади. Сух туманида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, халқ ичидиа юриб, уларнинг дарду муаммоларини ечилишида ташкил этилаётган оммавий сайёр қабуллар ўзига хос аҳамиятга эга. Бундай оммавий сайёр қабулларни ташкил этиш ва ўтказиш туманда анъанага айланиб улгурган. Бевосита туман ҳокими Фаррух Усаров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонасининг туман бўлими ташаббуслари билан ташкилланаётган бундай оммавий сайёр қабуллар ўз самарасини бераётир.
Галдаги сайёр қабул туманнинг Шарқобод маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ташкил этилди. Шарқобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ўзига хос жуғрофик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланиб, халқнинг азалий муаммоси ичимлик ва суғориш суви саналади. Ушбу муаммоларнинг ечилишида туман ҳокимлигининг бевосита ташаббус ва кўмаги асосида анча мунча ишлар қилинди. Шарқобод ҳам қўшни Қирғизистон республикаси овуллари билан чегарадош ҳудуд ҳисобланади. Деҳқончиликдан кун кўрадиган ҳалқ ёзги суғориш мавсумида сув танқислигидан азият чекишади. Маҳалла каналини тозалаш ишлари бевосита ҳокимлик кўмаги билан амалга оширилиб, бу амалларни ижро этилиши учун оммавий ҳашарлар ҳам ташкил этилади. Кўрилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, бу муаммо қисман бўлсада, ўз ечимини топаётир.
Ташкил этилган оммавий сайёр қабулда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси халқ қабулхонаси туман бўлимининг мудири, мутасаддий ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этишди. Сайёр қабул 15-сонли ЎЎТ мактабида бўлиб ўтди. Айтиш керакки, ушбу маҳалла ички ишлар бўлими сектори ҳудудига киради ва бевосита ички ишлар бўлими бошлиғининг ташаббуси билан ҳам ҳудудда анча ишлар қилинди. Айниқса, ободончилик йўналишида.
Оммавий сайёр қабулда 7 нафар фуқаро 12та муаммо юзасидан мутасаддийларга мурожаат қилишди. Муаммолар асосан электр энергияси таъминоти, яъни симёғочларнинг маънан эскириб қолганлиги, трансформатор етишмовчилиги, маҳалла ободончилиги, маҳаллани “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилмаганлиги, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш масалалари, маҳаллада фаолият юритаёган тиббий нуқтанинг талаб даражасида хизмат кўрсатилмаётгани, ҳашар йўли билан бунёд этилган маҳалла кўпригини таъмирлаш зарур эканлиги, чегарада яшовчи аҳоли, яъне чегараолди ҳудудларга кўча чироқларини ўрнатилиши, ишсизлик муаммоси, спортга чанқоқ ёшларни бу соҳага жалб этиш борасида қилиниши лозим бўлган зарурий ишлар раҳбарларга аҳоли томонидан етказилди.
Қабулда қатнашган ҳар бир ташкилот ва идора раҳбари ўз соҳаси бўйича аҳолига жавоблар беришди. Айтиш мумкинки, ҳақиқатан ҳам, бу йили маҳалланинг баъзи кўчаларига симёғочлар ўрнатилиб, янги электр таъминоти учун зарур бўлган симлар тортилди. Лекин бу қилинган ишларнинг ярми холос. Ҳали бу соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Туман электр тармоқдари идораси раҳбарининг маълумотига кўра, барча муаммо ва камчиликлардан мутасаддийлар хабардорлар ва бу муаммоларнинг ечими 2020 йилнинг дастурига киритилган.
Маҳалла “Обод қишлоқ” давлат дастурига киртилмаган бўлсада, ҳудудда бу йўналишда ҳам кўп ишлар қилинди. 2020 йилдан бошлаб маҳалла Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги ва жаҳон банкининг ҳамкорлик лойиҳаси доирасида дастурга киритилган бўлиб, ушбу ҳамкорлик ва махсус дастур орқали Шарқободда ободончилик йўлида кўп ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Тиббиёт соҳасидаги муаммолар ечими, ишсизлик муаммоси, маҳалла кўпригини таъмирлаш ишлари, чегараолди ҳудудларга тунги чироқлари ўрнатилиши, ёшларни спортга жалб этиш ҳақидаги мурожаатлар ҳам жавобсиз қолмади ва мутасаддийлар маҳалла аҳлига тегишли чоралар албатта кўрилишгини қайд қилишди. Айтиш мумкинки, қилинадиган барча ишлар ва ечимини кутаётган муаммо ва камчиликларга маблағ зарур ва имконият пайдо бўлиши билан маҳалла аҳли олдидаги муаммолар албатта, ечим топади.
Албатта, муаммолар ва камчиликларимиз йўқ эмас, бор. Шунинг учун ҳам, ушбу камчиликлар ечими раҳбарлардан масъулият талаб этади. Агар ушбу камчиликларга биртану биржон бўлиб ечим топилса, нуран алор нур бўлар эди. Демоқчимизки, муаммоларнинг ечими ўз қўлимизда – халқ билан раҳбар биртану биржон бўлса, камчилик ва муаммоларнинг бартараф этилиши айни ҳақиқат. Бунинг учун, ташаббус ва яна бир марта ташаббус лозимлигини асло унутмаслигимиз лозим.
Сух туман ҳокимлиги ахборот хизмати