Сайловларда фуқаролик жамиятлари институтларининг роли қандай?
2019-11-15 08:58:26 204
“Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар”. 2019 йил 22 декабрда бўладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови ана шундай шиор остида ўтади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси, ҳудудларда ташкил этилган барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан ўз фаолиятларида мустақиллик, қонунийлик ва ошкоралик принципларига қатъий амал қилган ҳолда сайловни очиқ ошкора, миллий қонунларимиз, бой тажрибамиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар талабларига мос равишда юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Дарвоқе, бўлиб ўтадиган сайловлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро сайлов стандартлари асосида юқори савияда ўтказилишига 2019 йил 25 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳуқуқий асосдир. Демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари алоҳида ўрин тутади. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Шу боис бу йилги сайловлар жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари бевосита фаол иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишларини тақозо қилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролик жамиятининг институти сифатида сайлов жараёни билан боғлиқ ваколатлар анчагина.
Биринчидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолар номзодлари бўйича тавсиялар тақдим этади. Иккинчидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади. Учинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига уларнинг сайловчилар билан учрашувларини уюштиришда, фуқароларни қабул қилишда, улар ўз сайлов округларида бошқа ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади. Тўртинчидан, Сайлов кодексига киритилган энг муҳим янгиликлардан бири – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам сиёсий партиялар каби ҳар бир сайлов участкасига ўз кузатувчиларини қўйишга ваколатли.
Янги Сайлов кодексига биноан ўтажак сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этиши маҳаллага бўлган ишончдан далолат. Бундай кенг кўламли кузатувдан мақсад – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кенгроқ амалга оширишдан иборат.
Қайд этиш ўринлики, бугун ҳеч бир масала маҳалла иштирокисиз ҳал этилмайди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришда ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг хизмати катта бўлди. Улар Марказий сайлов комиссияси мутахассислари, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда уйма-уй юриб, сайловчиларни рўйхатга олиб, ҳар бир сайловчини тураржой кадастр рақамига бириктиришди.
Бундан мақсад – “бир сайловчи – бир овоз” тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат. Дейлик, бирор сайловчининг яшаш жойи ўзгарса, бошқа жойда вақтинчалик рўйхатдан ўтса, бу ўзгариш Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида ўз аксини топади. Сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришига хизмат қилади.
Бу электрон тизим сайловчилар учун яна бошқа қулайликлар ҳам яратади. Масалан, сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайтини (elections.uz) очиб, паспорт рақамини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига мансуб эканини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни осонгина аниқлаши мумкин.
Ягона электрон рўйхатни қўллашни тартибга солувчи нормалар Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Шу маънода, сайловлар энди нафақат қонунчилик нуқтаи назаридан, балки техник жиҳатдан ҳам мутлақо янгича шаклда, очиқ-ошкора, умумқабул этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида ўтади.
Шу билан бирга, Сайлов жараёни билан боғлиқ ишларни самарали ташкил этиш учун Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамкорлигида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш бўйича услубий тавсиялар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчиларига эслатма қўлланмалар тайёрланди.
Услубий тавсиялар қўлланмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга бағишланган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган нормалар асосида мазкур сайловларни ташкил этиш
ва ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига яқиндан кўмак беради.
Тавсияларда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасидаги вазифалари ёритилган.
Хулоса қилиб айтганда, жорий йилнинг 22 декабрида мамлакатимиз Парламенти ва маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшишда яна бир муҳим амалий қадам бўлади.
Бу жараёндаги ислоҳотлар эса сайлов жараёнлари устидан фуқаролик жамияти институтларининг кузатув олиб бориши, назорати ва сайловларда фаол иштирок этишини кўрсатади. Муҳими, бу сайловнинг демократик тарзда ўтишига хизмат қилади.
Шавкат ЖАВЛОНОВ - Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви раиси