Кексалар доим эъзозда
2019-11-14 14:05:17 224
“Қариси бор уйнинг париси бор” деган нақл бор доно халқимизда. Дарҳақиқат, кекса нуроний отахон ва онахонларимиз, пиру барно бобожон ва буважонларимиз оила устуни, ҳаётимизнинг маъно-мазмунидирлар. Кексаларга иззат-эҳтиром, ёши улуғларга эътибор қаратишдек хислат ва одат бизнинг халқимизга хос. Фарғона вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси Шўҳрат Мадаминович Ғаниев ўзининг Сухга ноябрь ойининг бошида қилган ташрифида туманда яшаётган кекса нуронийлар ҳолларидан хабар олиб, улар билан самимий сўҳбатлар қилган эди. Сариканда маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи отахон, 80 билан юзлашган меҳнат фахрийси Сирожиддин Мадаминов ҳам вилоят ҳокими билан сўҳбат қилиш бахтига муяссар бўлган юртдошларимиздан. Отахон айни набира-абиралар даврасида қарилик гаштини сўриш ёшидалар. Лекин хасталик отахонни бу имкониятдан маҳрум этган. Ўн йилдирки, отахон беморлик ёстиғига михланиб қолганлар.
Вилоят ҳокимининг бевосита ташаббуси ва топшириғига асосан отахонга ўзиюрар, аккумуляторли ногиронлар аравачаси бериладиган бўлди. Бугун, 14 ноябрь куни вилоятимиз марказидан аравача олиб келинди ва туман ҳокими Фаррух Усаров, прокурори Фарҳод Абдувалиев, ички ишлар бўлими бошлиғи С. Саидмўсаевлар иштирокида ушбу совға отахонга тантанлаи равишда тақдим этилди. Тақдимот тадбирида отахоннинг яқинлари, қўни-қўшнилари, қариндошлари иштирок этиб, бундай эътибор ва эъзоздан миннатдор эканликларини алоҳида-алоҳида такрорлаб, отахонга соғлик ва саломатлик тиладилар. –“Мен қилган меҳнатларимга минндан-минг розиман. Ҳамчунун, давлатимиз раҳбари, уларнинг олиб бораётган халқпарвар сисёсатларидан ғоятда миннатдорман. Илоҳим, ҳеч ким касал бўлмасин, лекин одамзот юкини одамзот кўтараркан. Вилоят ҳокимига алоҳида миннатдорчилигимни изҳор этаман. Бизларнинг бахтимизга халқпарвар раҳбарларнинг боши тошдан бўлсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин, Ватанимизга ва жонажон Ўзбекистонимизга ҳеч қачон кўз тегмасин!”, - дея қўлларини дуога очдилар Сирожиддин-ота.
Дарҳақиқат, эътибор бўлган жойда розилик ва ризоият бўлади. Халқ розилигига муяссар бўлишдек бахт ҳар биримизга насиб этсин!
Сух туман ҳокимлиги ахборот хизмати