“Мен келажак учун овоз бераман”
2019-11-14 10:58:36 269
Сайловлар. Ҳар бир давлат ва мамлакат сиёсий ҳаётидаги ўзига хос жараён ва тадбир саналади. Айтиш мумкинки, давлатнинг муайян бир муддатда ривожланиши ва равнақи шу сиёсий кампания – сайловларга боғлиқдир. Зеро ҳар бир сайловчи ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаро ўзининг келажагини кўзлаб бу сиёсий жараёнда иштирок этади. Демак, сайлов масъулият ҳам демакдир. Сайлов ҳар бир фуқаронинг Ватанга бўлган дахлдорлик ҳисси десак, муболаға қилмаган бўламиз. Сайлов масъулият эканлигини бугун ҳар биримиз сайловларда биринчи маротаба иштирок этадиган фуқаролар – ёшларимизнинг онгу шуурига сингдиришимиз лозим. Ёшларимиз сайловни қандай тушунишади? Сайлов биринчи марта овоз берадиган ёшлар шуурида қандай шаккланган?
Сух туманининг ЎЎТ мактаблари ўқувчи-ёшлари ўртасида ўтказилган ва ўтказилаётган кўрик-танловлар айни шу мақсадни кўзлаб ташкил этилаётир. Бугун туманнинг 7-сонли ЎЎТ мактабида “Мен келажак учун овоз бераман” мавзўсида иншолар танлови ташкил этилди. Танловда туманнинг 31-та мактабидан 1 нафардан ўқувчи талаба иштирок этди ва ўқувчи ёшларнинг билим даражаси ҳакамлар ҳайати томонидан текширилди.
Сайловга тайёргарлик ишлари Сухда мактаблардан бошланади десак, муболаға эмас. Чунки тузилган аксарият участка сайлов комиссиялари мактабларда жойлашган ва сайловга доир биринчи тасаввурот ўқувчи ёшларда айнан жонажон мактабларида пайдо бўлади.
Танловга жалб этилган ўқувчиларнинг сайловга доир ёзган иншолари туманнинг етакчи ўқитувчилари томонидан текширилди. Танлов натижасига кўра, танловнинг мутлоқ ғолиблиги 7-сонли мактаб ўқувчисига насиб этди. Биринчи ўринни олган ўқувчи 96 баллни қўлга киритди. 25 ва 18-сонли мактаб ўқувчилари танловнинг иккинчи ва учинчи ўринларини 94 ва 91 балл билан эгаллашди. Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчиларига эсдалик совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Бугун туманнинг 30-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида танловнинг иккинчи босқичи ўтказилади. Унда ёш рассомлар ўзаро беллашадилар.
Сух туман ҳокимлиги ахборот хизмати