Янги Ўзбекистон, янги сайловлар
2019-11-10 15:26:40 193
2019 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари бўлиб ўтади. Бўлажак сайловларни ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш ишлари тобора қизғин кечмоқда. Сайловда иштирок этиш ҳар бир инсон ҳаётидаги энг масъулиятли давр ҳисобланади. Ахир, ҳар бир фуқаро овози мамлакат тақдири ва унинг эртанги тараққиёти билан бевосита боғлиқдир. Бу йилги сайловлар Ўзбекистонда мутлақо янги тизим асосида ўтказилади. Шу кунларда Ватанимизнинг барча ҳудудларида сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида ушбу сиёсий кампанияга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад сайлов қонунчилигида бўлаётган ўзгаришларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
Айтиш лозим, вилоятмизнинг энг чекка ва сўлим гўшаси – Сух туманида ҳам сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда. Туманда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 44 684 нафар ватандошларимиз умргузаронлик қилишади. 22 декабрь куни бўладиган сайловларда сухликлар туманнинг 27-та сайлов ўтказувчи сайлов округлари ва 30-та сайлов участкаларида ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб, муносиб номзодларга овоз беришади. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида туман сайлов комиссияси аъзолари бевосита Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси кўрсатма ва топшириқлари асосида ишларини йўлга қўйишган.
Бугун туман маданият бўлимининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Марказии сайлов комиссияси, ҳамда вилоят марказий сайлов комиссияси вакиллари иштирокида туман фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув самимий ва амалий сўҳбат тарзида бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг котибият бўлими бошлиғи Ҳасан Абдиевич Абдураҳмонов ва Фарғона вилоят марказий сайлов комиссияи раиси Эркинжон Нуралиевлар иштирок этишди.
Тадбирда Ҳ. Абдураҳмонов сўзга чиқиб, энг аввало, Сух тумани ва ушбу жаннатмакон гўшада умргузаронлик қилаётган меҳнатсевар ва меҳмондўст халқ ҳақида гапириб, мамлакат сиёсий ҳаётидаги тадбирларда туман аҳли фаоллик билан иштирок этишларини қайд қилиб ўтди. Таъкидландики, мамлакатимизда бўлажак сайловлар мутлақо янги тизим асосида ўтказилади. Президентимиз 27 декабрь 2017 йилдаги Парламентга мурожаатларида сайлов қонунчилигида янги тизим яратилиши ва ушбу жараёнда 3 ташаббусни жорий этиш ҳақидаги таклифларини билдирилган эдилар. Яъни сайлов бўйича янги Кодекс яратиш, сайлов жараёнида ахборот технологияларни жорий этиш ва битта янги сиёсий партияни шакллантириш. Қисқа қилиб айтганда, сайлов тизими “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори асосида шаклланиши лозимлиги қайд этилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг таклифлари асосида “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси” яратилди. “Сайлов кодекси”-ни яратишдан асосий мақсад сайлов иштирокчилари ҳуқуқларини кафолатлашдан иборат. Сайлов кодексини тузишда бизнинг халқимизга хос бўлган менталитет, урф-одат ва анъаналар андоза қилиб олинди. Шунингдек, сайлов кодексини шакллантирилишда бошқа давлатлар тажрибаси ҳам қўлланилди.
Сайлов қонучилигида сиёсий партияларга сайлаш, уларни қўллаб-қувватлаш институти шакллантирилди. Сайловларга ахборот бошқарувини жорий этиш ҳам замон ва давр талабидир. Сайлов тизимида ахборот-технологияларини жорий этиш катта аҳамиятга эга. Бугунги кунгача шу асосда 20 591 000 нафар сайловчининг электрон рўйихати тузилди. Ушбу электрон рўйихатга 33 000 000 нафардан ортиқ фуқароларнинг номлари киритилди. Ташкил этилган электрон рўйихатда сайлов округлари ва сайлов участкаларининг манзили, уларнинг жойлашуви, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳақида маълумот, сиёсий партиялар томонидан депутатликка қўйилган номзодларнинг рўйихати ҳам мужассам. Шу кунгача бизнинг сайлов тизимимизда ягона маълумотлар базаси шаклланмаган эди. Электрон рўйихат орқали кенг маълумотлар захираси яратилди. Шунингдек, “Сайлов 2019” мобил иловаси яратилди ва ушбу тизим сайлов иштирокчиларига сайловга доир барча маълумотларни олишлари учун кенг шароитни яратиб бериши соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг самарасидир.
Янги сайлов тизими орқали Ўзбекистон фуқароси бўлган, лекин баъзи сабабларга кўра хорижда яшаётган ватандошларимиз, шунингдек, ижтимоий хавфи паст бўлган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этган маҳкумлар ҳам ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан, яъни сайлаш ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишлари мумкин. Зотан, ушбу сиёсий тадбирда инсонпарварлик муҳитини яратиш, барча нарсадан устун бўлган инсон манфаатини ҳимоялаш асосий мақсадлардан биридир.
Яна бир жиҳат: янги тизим орқали турли хил сабабларга кўра сайловларда иштирок этиш имконияти бўлмаган шахслар ҳам бевосита муддатдан овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Мисол учун, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган инсоннинг сайлов куни имтиҳони бўлиши мумкин, ёки жарроҳлик амалиётинии ўтказиш сайлов кунига тўғри келадиган фуқаролар муддатдан олдин қонун доирасида сайлаш имконига эгадирлар.
Сайлов қонунчилигидаги янгиликларни кенг оммага етказишда ҳам имкониятлар ва қулайликлар яратилди. Бу жараёнга бевосита алоқадор бўлган малакали тренерлар фаолият юритишмоқда. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сайлов кампаниясига бириктирилган тренерлар сайлов қонунчилиги, тизимдаги янгиликлар ва янгиланишлар ҳақида иштирокчиларга семинар-тренинглар орқали маълумотларни етказиб беришмоқда. Шунингдек, ҳар бир фуқаро сайлов тизимига оид саволларига ташкил этилган 1197 қисқа рақами орқали ҳам жавоб олиши мумкин. Чет элда яшаётган ватандошларимизга ҳам сайловга доир маълумотлар + 998 555 02 4444 телефон рақами орқали берилади. Қилинган ва қилинаётган барча ишлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаати ва инсон омили борлиги сўҳбат давомида таъкидлаб ўтилди.
Фарғона вилоят Марказий сайлов комиссияи раиси Э. Нуралиев ҳам ўз сўзида Сух ва сухликларда сайловларни ўтказилишида катта тажриба борлиги ва улар бўлажак сайловларда ушбу бой тажрибадан фойдаланишларига катта ишонч билдирди. Қайд этилдики, туман аҳли 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларни кўтаринкилик билан ўтказишади.
Туман ҳокими Фаррух Усаров ташкил этилган ушбу фойдали учрашув-сўҳбатдаги иштироклари учун меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди ва сайлов қонунчилиги, ҳамда сайлов тизимидаги барча янгиликлардан туман аҳли хабардор эканликларини алоҳида қайд қилиб ўтди. Чунки туманда сайлов тизими янгиликларини, сайлов қонунчилигидаги ислоҳотларни ушбу сиёсий кампанияга дахлдор бўлган мутасаддийлар, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари ва бевосита сайловга алоқадор бўлган малакали тренерлар секторлар кесимида ташкил этилаётган семинар-тренингларда сайловчиларга маълумотлар орқали етказиб беришаётир. Бўлажак сайловларда ҳам Сух аҳли фаол иштирок этишади ва Ватанга бўлган дахлдорлик туйғуларини ўз овозлари билан исботлашади. Шунингдек, туман аҳли сайловга тайёргарлик жараёнида ва уни ўтказилишида барча имкониятлардан самарали фойдаланадилар. Айтиш жойиз, ташкил этиган бугунги учрашув ва самимий сўҳбат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.