Мурожаатлар эътибор марказида
2019-11-08 13:51:07 181
Сухда янги 2020 қишлоқ хўжалиги йилига тайёргарлик қай аҳволда? Аҳолининг, хусусан деҳқонларимизнинг олдида қандай муаммолар бор? Чегараолди ҳудудларда яшаётган ватандошларимизнинг турмуш шароити қанақа? Ана шу саволларга жавоб топиш учун бугун Сух тумани ҳокими Фаррух Усаров ва туман прокурори Фарҳод Абдувлиевлар Сухнинг Қизилқиёқ маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюришди ва ташриф чоғида маҳалла аҳолиси билан учрашиб, уларнинг дарду муаммоларига қулоқ тутишди. Айтиш жойиз, ушбу маҳаллада ҳам бевосита туман ҳокими ва сектор раҳбари иштирокида сайёр қабулар ўтказилиб, аҳолини қийнаётган бир неча муаммо ўз ечимини топган. Бироқ, бу ҳудуд аҳолисини азалий бир муаммо қийнайди: суғориш сувининг етишмовчилиги. Зотан, куз фасли етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиб олиш ва албатта, янги йилга замина яратиш фаслидир. Маҳалла аҳли асосан деҳқончиликдан кун кўришади. Экилган ҳосилнинг парвариши учун сув керак. "Ҳушёр" ширкат хўжалиги ҳудудида фаолият олиб бораётган фермер ва ижарачилар аллақачон янги йил учун ризқ-рўзимиз бўлган буғдойни экиб бўлишган. Маҳалланинг "Шоҳимардон" кўчасида яшовчи фуқаролар Шамсиддинова Л. ва Мамашариповлар М. туман ҳокимига шу муаммо ҳақида гапиришди. Маҳаллада ижарачи бўлиб фаолият юритаётган Азизов Н.-нинг сўзларига кўра, деҳқонлар экинларни айни суғориш пайтида сув етишмовчилигидан азият чекишади.
Шунингдек, туман ҳокими ва прокурори бевосита ширкатнинг экин майдонларини кўздан кечириб, аҳоли хонадонларига ҳам кириб боришди. Аҳолида бир муаммо - суғориш сувининг камчилиги ва етишмовчилиги. Муаммони тезда бартараф этиш мўл-кўл ҳосил олиш гаровидир. Маълум бўлишича, экин майдонлари асосан насос станцияси орқали тортиб олинадиган сув билан суғорилади ва насос таъмирга мўҳтож. Муаммони бартараф этиш мақсадида маҳаллага ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ва мутахассислар жалб этилиб, уларнинг олдига камчиликни бартараф этиш чораларини кўриш зарурлиги қўйилди. Кўрилган зарурий чоралар туфайли ишдан чиқган насос агрегати таъмирланадиган бўлди.
Дарҳақиқат, халқ розилигини олиш учун бел боғлаган раҳбар борки, аҳоли ўртасида бўлиши, аҳоли билан бирдам бўлиши ва албатта, халқ билан бир ҳаводан нафас олмоғи зарур. Аҳоли муаммоларини ҳал этиш йўлидаги самарали ҳаракат албатта, натижасиз қолмайди. Қизилқиёқ маҳалласида ҳам бундай муаммоларнинг ҳал этилиши халқнинг астойдил қилган яхши ниятлар ила дуолари ва розилигига сабаб бўлиши шубҳасиз.