Соғлом муҳит - нурли келажак гарови
2019-11-04 23:50:27 220
Инсон ўтаётган ҳар бир кунига, умрининг ҳар бир лаҳзасига шукр қилиб яшамоғи зарур. Шукроналик ҳар биримизнинг кундалик шиоримизга айланмоғи лозим. Ҳаёт ўзи аслида ҳар бир инсон учун имтиҳондир. Ана шу имтиҳондан ҳар биримиз муваффақиятли ўтмоғимиз даркор. Ўзаро меҳр-оқибат, ота-онани ҳурмат қилиш, катталарга нисбатан эҳтиром кўрсатиш, кичикларга бўлган иззат, қўни-қўшничиликдаги бирдамлик, эҳтиёжманд одамларга нисбатан хайрихоҳлик, исроф қилмаслик, ҳою ҳавасларга берилмаслик, илмга иштиёқ, фарзандлар тарбиясига бефарқ бўлмаслик, вазифа ва касбий фаолиятга бўлган масъулият, Ватан равнақи ва тараққиётига дахлдорлик ҳисси, қўлидан келса, яхшилик қилиш ва агар яхши амаллар қила олмаса, яхши инсонларга эргашиб, уларга ҳавас кўзи билан боқишдек фазилатлар бизнинг халқимизга хос бўлган азалий қадрият. Ана шу умрбоқий қадрият ва ота-боболаримиздан қолган бой меросни ҳар биримиз кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, келугси авлодга улашмоғимиз зарур. Бу биз учун ҳам қарз ва ҳам фарздир.
Айтиш лозим, яхши ва дориломон замонда яшаябмиз. Каму кўстсиз, муаммомиз йўқ. Ҳаётимиз фаровон. Ватан тинч. Осмонимиз мусаффо. Камчиликлар топилсаса, давлат ва Юртбоши ғамхўрлиги ила бартараф этилаётган даврда умргузаронлик қилишимизнинг ўзи катта бахт. Буни эътироф этган инсон ҳақиқий бахтиёр инсондир. Аммо, бироқ, лекин...
Ана шу учта сўз замирида не-не сир синоат, қарамақаршиликлар яширинган. Яширин бўлган синоатлар одам фарзандини умр деган шоҳ кўчада адаштириб юбориши ҳеч гап эмас. Афсўс ва надомат ила таъкидламоғимиз лозимки, бугунги кунда бизга мерос бўлиб келган миллий мерос ва қадриятларимиз ўзимиз учунга бегона бўлиб қолмоқда. Таъбир жойиз бўлса, бундай қадриятларимизга биз бегоналик қилмоқдамиз. Ўз ўтмиши ва миллий қадриятларини эъзозламайдиган ва ҳурмат қилмайдиган инсондан яхшилик кутиб бўлмайди. Бошқача қилиб айтганда, ўзининг қадриятларини ҳурмат қилмайдиган одам учун барча эзгуликлар бир пул, сариқ чақага арзимайдиган буюм саналади. Бундай одамлар учун ҳамма нарса беқадр. Бу эса, лоқайдликдан - бизнинг лоқайдлигимиздан туғилган иллатдир. Лекин ҳар бир касалликни, иллатларни олдини олиш, тузатиш мумкин. Бунинг учун, ҳар биримиз лоқайдлик деган иллатдан воз кечишимиз керак ва ҳаёт йўлида адашган инсонларни тўғри йўлга солмоғимиз даркор. Бу осон кечмайди, лекин сидқидилдан қилган саъй-ҳаракат бир кунмас бир кун ўз самарасини беради.
Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи,“Нуроний” жамғармаси ва “Оила” маркази фаолларининг Ўзбекистон халқига йўлланган мурожаати айни пайтида, ўз вақтида қабул қилинган мурожаатдир. Бу мурожаатни Ўзбекистон аталмиш муқаддас заминда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаро жону дилдан қабул қилиши ва мурожаатда келтирилган фикрларга бирдам бўлиши, миллий қадриятларимизга путур етказаётган иллатларга қарши ҳаракат қилиши ва курашмоғи зарур.
Халқимизнинг доно сўзлари бор: "Тўқликка шўхлик". Мурожаатда келтирилган фикрларга шу оддий мақол хулоса бўла олади.
Оилаларимиздан тобора йироқлашаётган меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, ота-онанинг фарзанд тарбиясига нисбатан лоқайдлиги, оила устуни - отага нисбатан йўқолаётган ҳурмат-эътибор, ижтимоий-маънавий муҳитда парокандалик, оилавий муносабатларда мувозанатнинг бузилаётгани, оилавий ажралишлар, жиноятлар, мулкий можаролар, эр хотинига, хотин эрига қасд қилиши, фарзанд отасига, онасига, ака-укасига қўл кўтариши, ўз боласини сотмоқчи бўлган айрим номуносиб оналар, тобора ошаётган оилавий ажримлар, тўй-ҳашам, маросимларимизда ҳам беъмани
орзу-ҳаваслар, ота-боболаримиз амал қилган урф-одатларга ҳурматсизлик, ортиқча расм-русумлар, дабдабабозлик, бегона “урф-одатлар”га кўр-кўрона эргашиш, ёшларимиздаги бефарқлик, масъулиятсизлик, ишдан қочиш, атрофимизда бўлаётган бундай иллатларга бефарқ бўлиб қолишимиз мурожаатномада келтирилган. Шундай экан, бу иллат ва касалликларга нисбатан жамиятда мустаҳкам иммунитет шаклланиши лозим. Бу имммунитетни шаклланишида ҳар биримиз масъулмиз. Бугунги бўлаётган нолоиқ ўзгаришларга бефарқлик - эртанги кунга, фарзандларимизнинг нурафшон келажагига, Ватаннинг эртасига бўлган бефарқликдир.
Қабул қилинган мурожаатнома бугун омма эътиборида, Ватанимиз фуқароларининг муҳокамасида. Бугун Сух тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида ҳам ушбу мурожаат барча йиғилиш иштирокчиларига ўқиб, эшиттирилди. Юқоридаги фикрларни қайд этиш баробарида туман ҳокими Фаррух Усаров томонидан сухликлар мурожаатни қўллаб-қувватлаб, миллий менталитетимиз, умрбоқий анъана ва удумлармизни тиклашда ҳар доим бирдам ва биржон бўлиб ҳаракат қилишларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Қабул қилинган қўшма мурожаат ҳар бир ташкилот раҳбари, ҳар бир маҳалла раисига тақдим этилди.
Ҳақиқатан ҳам, уйимизда, маҳалламизда, ижтимоий тармоқларда ҳар биримиз маънавий поклик учун доимий курашайлик! Огоҳ, бирдам, аҳил бўлайлик!
Тинчлигимиз, хотиржамлигимизни, миллий бирлигимизни, соғлом ўзбекона маънавий муҳитимизни кўра олмайдиган ҳар қандай бузғунчига қарши муросасиз курашайлик!
Бугун ҳар бир жамоат ташкилоти ўз фаолиятини танқидий таҳлил этиб, ҳамкорликнинг янги, амалий босқичига чиқиши зарур. Бунинг учун жамоат ташкилотларининг, аввало, энг қуйи бўғинларни уйғотишимиз шарт. Бунда албатта, биз, ижтимоий фаол ватандошларимизнинг фидойилигингизга таянамиз.
Унутмайлик!
Ўзимиз аҳил бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, муаммоларни ечмасак, ҳеч ким четдан келиб уларни ҳал қилиб бермайди.
Она-Ватанимиз, фарзандларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик, азизлар! Барча буюк ишларга қодир халқ, бир бутун миллат эканлигимизни олам узра юксак маънавиятимиз ила таратайлик! Бизга қўшилинг, азиз Ватандошлар, биз Сизларга ишонамиз ва бу ишонч албатта, БИЗНИ буюк келажак ва нурли эртамиз сари етаклайди.