ТИНЧЛИК ПОСБОНЛАРИ АРДОҚДА!
2019-10-29 01:45:28 189
Тинчлик ва осойишталикни халқимиз қанчалик қадрласа, шу неъматлар туфайли хотиржам ва фаровон ҳаёт кечираётган бўлса, уларни асраш, барқарорликни таъминлаш давлатимизнинг бош мақсадларидандир. Бу йўлда барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон халқаро миқёсдаги “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси”да юқори ўринни забт этиб келаётир. Бунда мамлакатимиз ички ишлар органлари тизими замон талаблари даражасида такомиллаштирилаётгани ҳамда соҳа ходимларининг ўз зиммасига юкланган вазифаларни фидойилик билан бажараётгани алоҳида ўрин тутмоқда. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, фуқаролар, эл ва элатлар орасидаги тотувлик сабаб халқимиз эртангги кунга ишонч билан боқмоқда. Бу шубҳасиз, ички ишлар органлари ҳодимларининг фидойи хизматлари натижаси.
25 октябрь юртимизда ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонлданди. Сух туманида ҳам 25 октябрь куни катта тантана сифатида нишонланди. Байрамга бағишланган катта тадбир, тантана ва соҳа ходимлари фаолияти ва меҳнатини муносиб тақдирлаш маросими туманнинг "Шоҳжаҳон" тантаналар мажмўасида бўлиб ўтди. Уюштирилган байрам дастурхонига Сух туман ички ишлар органларида хизмат қилаётган фидойи ходимлар, соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб бугунги кунда кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ фахрийлар ҳамда хизмат вазифасини бажариш пайтида вафот этган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари таклиф этилдилар. Тантанали тадбирда туман ҳокими Фаррух Усаров сўзга чиқиб, бугун туманимиз ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ички ишлар органлари томонидан тезкор-профилактик чора-тадбирлар олиб борилаётгани, бунда ҳар бир ходимнинг алоҳида ўрни борлигини эътироф этди. Ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш билан бир қаторда туманимиз ҳудудида олиб борилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган фидойи ходимларнинг бир гуруҳига 25 октябрь – “Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совға ва “Фахрий ёрлиқ”ларини топширди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Сух тумани ИИБ бошлиғи С. Саидмўсаев сўнгги йилларда ички ишлар органларида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг самарасига тўхталар экан, бу борада айниқса, ходимлар ва фахрийларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар бугун алоҳида эътиборда эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди ҳамда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П. Бобожоновнинг байрам муносабати билан Ички ишлар органлари ходимларига йўллаган табригини ҳам ўқиб эшиттирди.
Шундан кейин соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари, ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ва уларнинг ёрдамчилари, бир гурўҳ ҳудудларида жиноят содир этилмаган маҳалла фуқаролар йиғини раисларига туман ҳокимлиги ва ички ишлар бўлимининг эсдалик совғалари ва “Фахрий ёрлиқ”лари тантаналари равишда топширилди. Тантанали тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди. Таъкидлаш лозим, ички ишлар органлари ходимларининг касб байрамига бағишланган тантана иштирокчилар кўнглида катта таассурот қолдирди.
Сух туман ҳокимлиги матбуот хизмати