Сухлик каратэчилар республика босқичининг совриндорлари
2019-10-27 02:13:59 261
Эътироф этиш лозимки, истиқлол йилларида ҳукуматимиз эътибори остида спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантириш йўлида кўп ишлар амалга оширилиб, бу эзгу ишлар бугунги кунда ҳам ўзининг мантиқий давомини топмоқда. Айниқса, олис қишлоқ ва маҳаллаларда буньёд этилаётган замонавий спорт иншоотлари ҳам кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг чексизлигини кўрсатади.
Вилоятимизнинг сўлим гўшаси Сух туманида ҳам бу йўналишда арзирли ишлар амалга оширилиб келаётир. Туманда спортни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар эътироф этишга лойиқдир. Ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол, жисмонан бақувват этиб, вояга етказишда фаъолият юритаётган спорт мактаби ҳамда барча таълим муассасаларида амал қилаётган спорт тўгаракларининг аҳамияти чексиз, зеро ўтказилаётган турли спорт тадбирлари ва мусобақалар бу мақсадларнинг рўёби йўлида асосий омил бўлиб хизмат қилаётир.
Спорт устаси, кўпгина Сухлик спортчиларнинг каратэ бўйича устози - Виктор Муқаддасов мана бир неча йилдирки, туман Ёшлар Иттифоқи таркибида ташкил этилган "Навқирон Сухлик" тўгарагига раҳбарлик қилади. Спорт устаси ўз шогирдлари билан кўп мусобақа ва турнирларда қатнашиб, туман шарафини ҳимоя қилишган. Бир неча маротаба каратэ бўйича ташкил этилган мусобақларнинг вилоят ва Республика босқичларида иштирок этишиб, Виктор Муқаддасов шогирдлари Сухга медаллар шодаси билан қайтишган.
2019 йил 15-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳри "Универсал" спорт мажмўасида карате WKF тури буйича "Ўзбекистон Кубоги" мусобақаси бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада Фарғона видоятидан совринли ўринларни эгаллаган тўрт нафар Сух туман каратэ тўгарагининг ёш спортчилари қатнашдилар. 26-чи умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиси М. Викторова мусобақаларнинг бронза медалини қўлга киритди. Соврин соҳибаси ўз мукофотини Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари О. Қосимовдан қабул қилиб олди. Шунингдек, ёш спортчи вазирнинг дипломини олишга ҳам муваффақ бўлди. Ёш спортчиларнинг етук поғоналарга чиқишлари учун ўз ҳиссасини қўшган Сух тумани хокими Ф.М Усаровга Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси Президенти томонидан "Ташаккурнома" йўлланди ва федерация Президенти спортни қўллаб-қувватловчи ва ёш спортчиларга шарт-шароит яратиб берувчи раҳбарларга, жумладан, Сух тумани ҳокимига ва туман каратэ тўгараги раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди.