ОНА ТИЛИМ - ЖОНУ ДИЛИМ
2019-10-20 23:14:18 275
Маълумот учун: ЮНЕСКО ташкилоти экспертлари 1953 йилда “давлат тили” ва “расмий тил” тушунчаларини фарқлашни таклиф этган. Унга кўра:
Давлат тили — сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир.
Расмий тил – давлат бошқаруви, қонунчилик, суд жараёни тилидир.
Ушбу икки таъриф тушунтириш-тавсия сифатида қабул қилинади, барча мамлакатлар учун мажбурий эмас.
Ўзбекистон – кўп миллатлик давлат. Республикада 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади.
Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиғини ўзбеклар ташкил этиб, уларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши мунтазам ошиб бормоқда. Шунингдек, бошқа миллатларнинг катта жамоалари ҳам мавжуд. 10 фоиздан ортиғи – Марказий Осиё халқларининг бошқа вакиллари (5 фоизга яқини – тожиклар, 3 фоизга яқини – қозоқлар, 2 фоизи – қорақалпоқлар, 1 фоизи — қирғизлар, шунингдек туркманлар ва бошқалар). Рус ва бошқа славян халқлари вакиллари республика аҳолисининг 10 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунига (янги таҳрир) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилади ва уларнинг ривожи учун шароитлар яратади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг бир неча тилларида эфирга узатилади ва чоп этилади.
Давлат тили ҳамда замонавий Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган ва ҳуқуқий мақомига ўзгартиришлар киритилган рус тили билан бир қаторда ҳудудларда бошқа тиллардан ҳам фойдаланиб келинади. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тили ҳам расмий тил ҳисобланади. Фарғона вилоятининг Сўх туманида эса аҳолининг аксар қисми этник тожиклар бўлиб, у ерда тожик тилида таълим олиб борилувчи 27 та мактаб, 23 та МТМ, 3 та лицей мавжуд. Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва бошқа ҳудудларда тожик тилидаги ОАВ, мактаблар, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент ва Навоий вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қозоқ тилида ўқитиладиган мактаблар ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари мавжуд. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида туркман тилида таълим берилувчи мактаблар фаолият кўрсатмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сух туманида таълим муассасалари қаторида ҳудудда ягона бўлган Сух телевизион студияси фаъолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу телестудия маҳсулотлари аҳолига ҳафтада 4 маротиба - сешанба, чоршанба, пайшанба ва шанба кунлари кеч соат 20-00 дан 22-00 гача, яъни 8 соатли эфир сеткасида намойиш этилади. Бу албатта, Республика ҳукумати томонидан тожик тилига мансуб аҳолига кўрсатилган ғамхўрликнинг олий нишонасидир.
Яна бир жиҳат: Сух туманининг Қалъача маҳалла фуқаролар йиғинида 3-сонли ИДУМ фаъолият юритади ва ушбу таълим муассасасида таълим давлат тилида олиб борилади. Мактаб директори Худодод Юнусовнинг маълумотига кўра, ушбу таълим муассасасида маънавий-маърифий тадбирларнинг уюштирилиши анъанага айланиб кетган. Яқинда мактабда Фарғона политехника институти профессор-ўқитувчилари иштирокида тил байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда мактабда фаъолият юритаётган ўқитувчилар ҳамда талаба ёшларнинг барчаси фаъол иштирок этишди. Байрамга, шунингдек, Президентимизнинг белгилаб берган бешта ташаббусларининг тўртинчиси - китобхонликни баркамол авлод орасида кенг тарғиб қилинишига бағишлаб "Ёш китобхон" тадбири ташкил этилди ва тадбир иштирокчилар, айниқса, меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Маълумки, Сух тумани алоҳида жуғрофик хусусиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Тўрт томони тоғлар билан ўралган ҳудудга Қирғизистон Республикаси орқали кириб борилади. Давлатимиз сарҳадларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифа туманда ташкил этилган ҳарбий қисмларнинг аскар ва зобитлари зиммасига юклатилган. Армия ва хақ бирдамлиги боис, туманда ҳарбийлар ҳамкорлигида ҳам турли хил тадбирлар уюштирилади. Гулистон маҳалла фуқаролар йиғининг 9-сонли УЎТ мактабида "Давлат тили конуниниг " 30 йиллигига бағишлаб тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда мактаб жамоаси билан бирга 9208-ҳарбий қисмининг аскар-зобитлари иштирок этишди. Тадбир кўтаринки рўҳда бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар халқимизнинг бой тарихий мероси, уни ўрганиш барчанинг асосий вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлаб, аждодларимиз қолдирган бой адабий меросни ўрганиш ва асраб авайлаш лозимлигини қайд этиб ўтишди. Давлат тилида янграган шеър ва қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.
"Тилга эътибор - элга эътибор" деб бежиз айтишмаган доно халқимиз. Бу муқаддас заминда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаро учун Ўзбекистон ягона ва муқаддас Ватан ҳисобланади ва ҳар биримизнинг биринчи галдаги вазифамиз - динимиз ва тилимиздан қатъий назар, шу азиз Ватанни севиш, уни тараққиёти йўлида астойдил меҳнат қилишдан иборатдир. Зеро, Ватанни севмоқ иймондандир, тилга бўлган эътибор ва эҳтиром эса, одамийликнинг энг олий ва бетакрор нишонасидир. Бошқача, қилиб айтганда - биз учун "Ватан ягонадир, Ватан биттадир".