20 ОКТЯБР - ХИВА ШАҲРИ КУНИ
2019-10-20 16:08:12 240
Хива – энг қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, Ўрта аср шарқ меъморчилигининг тенгсиз жавоҳиридир.
“Ичан-қалъа” шаҳристон ўзига хос яхлит меъморий иншотлардан иборат бўлиб, баланд пахса девор билан ўралган, тўрт дарвоза - Ота дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза ва Боғча дарвоза – тўрт томонга қаратиб қурилган. “Ичан-қалъа” атрофида асримизнинг бошларида бутун бир шаҳар пайдо булган.
1990 йил 12 декабрда “Ичан-қалъа” ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мерослар рўйхатига киритилиб, 1997 йилда ушбу ташкилот қарори билан Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи жаҳон миқёсида кенг нишонланди.
Таъкидлаш керакки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросимизга эътибор тобора ортиб бормоқда. Истиқлол йилларида Хива шаҳри билан бирга “Ичан-қалъа” ҳам қайта таъмирланди. Ҳозирги пайтда ушбу ҳудудда жаҳон маданиятига молик 54 та тарихий-меъморий обида мавжуд.
Девор айланасининг узунлиги қарийб 2200 метргача баландлиги 7-8 метрга, тагзамининг қалинлиги эса 5-6 метрга тенг. “Ичан-қалъа” тўғри тўрт бурчак шаклида қурилган бўлиб, узунлиги 650 метр, эни 400 метр, яъни 26 гектар майдонни эгаллайди. ЮНЕСКО нинг собиқ бош директори Федрико Майор бу шаҳар ҳақида шундай деган - «Хива –жаҳон шаҳарларнинг олмосидир».
Халқаро экспертлар, тарихшунослар Хива шаҳри ёшини қадимги Афина, Рим ва Қоҳира шаҳарлари билан тенглаштиради.
Топилган қадимий тангалар ва хивалик тарихчи Худойберди бин Аваз Муҳаммад (1773 ёки 1774 йилда туғилган) келтирган қизиқарли афсона Хиванинг жуда қадимийлигидан далолат беради. У “Дили ғаройиб” асарида бундай деб ёзади: “Хоразмнинг яна бир шаҳри Рамлдир. Унга Сом бин Нуҳ асос солган, ҳозир уни Хейвақ деб атайдилар. Яна айтадиларки, бу сўзда (Хейвақ) Ҳазрати Паҳлавон (Маҳмуд) вали вафот этган тарихи (санаси) яширинган. Шу тариқа бу тарих мазкур шаҳарнинг номи бўлиб қолди. Унинг аввалги номи Рамл, бу қумлоқ демакдир.
Кунлардан бир кун Сом бин Нуҳ у ерда ётиб ухлаб, тушида узини уч юз ёниқ машъала ўртасида кўрибди. Хушнуд кайфиятда уйғониб, ўзидан хотира колдирмокчи бўлибди ва шу жойни текислаб, шаҳар қурибди. Бошка бир гал бу ерга келганида атрофини девор билан ўрабди ва унинг ғарб томонида булоқ очибди. Хуллас, ҳикоя қилишларича, Хейвақ кўп марталаб вайрон бўлган ва қайта тикланган”.
Хива тарихчисининг ёзганларидан ва афсона маълумотларидан тарихий ҳақиқатни фаҳмлаб олишга интилса бўлади. Аввало, Хива қумлоқдан иборат бўлган жой - Рамл деб аталган, унинг пайдо бўлган вақти ва унга асос солган зотнинг номи Нуҳ ўғли Сом билан боғлиқ.
“Ичан-қалъа”нинг ҳақиқий гўзаллигини ҳис этмоқчи бўлган сайёҳ, у ерни тонг отишида, кундузи, қуёш ботишида ва кечаси у ерда бўлиши мақсадга мувофиқдир.