ЮРТ ОБОДЛИГИ - ТИНЧЛИК ПОЙДЕВОРИ
2019-10-19 08:09:07 232
Дарҳақиқат, бугун туманнинг қай бир гўшасига борманг, ободлик ва бунёдкорлик ишларининг авж олганига гувоқ бўласиз. Кундан-кунга қишлоқлар қиёфаси ўзгариб, аҳоли яшаш тарзи фаровонлашиб боряпти. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир хайрли ташаббуси, инсон манфаатига қаратилган ҳаётбахш ислоҳотлар Сўх туманида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугун туманнинг Чашма қишлоғидан бошлаб, Ғазнов маҳалла фуқаролар йиғинигача ободонлаштириш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Асосий йўлларнинг икки тарафига пиёдалар йўлакчаси барпо этилмоқда. Шунингдек, газ ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам ўз ечимини топмоқда, аҳоли учун хавф туғдирадиган алмисоқдан қолган эски симёғочлар ўрнига, янги замонавий темир бетон таянчлари урнатилаётгани, ҳамда маҳаллаларда олиб борилаётган янги йўллар барпо этиш ва нотекис йўлларга асфалт ётқизиш ишлари аҳолининг ҳақли равишда розилигига сабаб бўлмоқда.
- "Бизнинг маҳалла аҳли Президентимизнинг бугунги олиб бораётган сиёсатларига, халқ манфаатини кўзлаб чиқарилаётган қарор ва Фармонларига, шунингдек, Ватан ободлиги йўлида берилаётган ташаббус ва таклифларига "лаббай" деб жавоб беришаётир. Буни маҳалламизда олиб бораётган ободончилик ишларидан ҳам кўриш мумкин", - дейди Мулгон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фурқатжон Домуллоев. Мутасаддий идоралар ва корхоналар олиб бораётган ишларга томошабин бўлиб турмасдан, маҳалла аҳли ўзлари яшаётган маконларини обод қилиш учун ҳашарлар ташкил қилишмоқда. - "Мен ушбу маҳалла аҳлининг аҳл ва тифоқлигига яна бир карра амин бўлдим. Чунки маҳалла аҳли бизнинг ишчиларга асфалт ётқизишда яқиндам ёрдам беришмоқда. Уларга минг раҳмат", - дея сўҳбатимизга қўшилди туман йўлсозлик идораси раҳбари Ҳабибжон Мирзоев. Туман ҳокими Фаррух Усаров ҳам ҳар куни ҳашарчи ва ишчилар ҳолидан хабар олиб туради.
Бир ҳафта давомида ушбу маҳаллада техника қадами етиб бормаган ҳудудлар - "Спортчилар" ва "Армуғон" кўчаларига шағал тўкилиб, қарийб 1 километрга яқин йўллар асфалтланди. Бу ишларда Мулгонликлар фаъол иштирок этишаётир.
Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги бугун сухликларнинг ҳаётига янги маъно-мазмун бағишлаб, уларни катта-катта мақсадлар томон чорламоқда. Хусусан, ватанимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланмиш Сух туманига обод қишлоқ дастурининг кириб келиши, туман аҳлини янада қувонтириб, уларни келажакка, давлатга, Юртбошимизга ишончини, обод, тукин ва гузал ҳаётга интилишини кўчайтирмоқда. Туманда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари давом этаётир.