18 ОКТЯБР - САМАРҚАНД ШАҲРИ КУНИ
2019-10-18 15:18:39 193
Самарқанд шаҳри ўзига хос макон. Ушбу шаҳар тўғрисида, бир нима дейишга ҳам чўчийсан. Шунчалар салобатли, шунчалар машҳур. Ўз пайтида бутун жаҳонни титратган Амир Темур давлатининг пойтахти. Минтақада қанча машҳур зот ўтган бўлса, ҳаммасининг қадами етган жой...
Ҳар йили 18 октябр санасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан «Самарқанд шаҳри» куни кенг нишонланади. Мазкур таклиф Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан 1996 йил 18 октябрда Амир Темур таваллудининг 660-йиллигига бағишланган тантанада берилган ва шу кунда шаҳарга Амир Темур ордени топширилган.
Уч минг йиллик тарихга эга бўлган бу шаҳар илм, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик маркази шунингдек, дунё тараққиётининг йирик марказларидан бири ҳисобланади.
Самарқанд шаҳарида ҳозирги кунда ўндан зиёд янги боғ ва ҳиёбонлар ташкил этилган, табиати ва иқлимга мос дарахт кўчатлари ўтқазилган. Шаҳарнинг барча ҳудудларида замонавий лойиҳалар асосида яратилган фавворалар мавжуд.
Шаҳардаги «Регистон» мажмуаси, «Амир Темур», «Оқсарой», «Шоҳи Зинда ёдгорлиги», «Бибихоним» масжидларида ва бошқа бир қатор тарихий обидаларида реконструкция ишлари бажарилган бўлиб, ЮНЕСКО ташкилотининг 2001 йил Финляндияда ўтказилган 25 сессиясида Самарқанддаги мазкур меъморий-тарихий ёдгорликлар ва бошқа обидалар Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.