СЎХЛИКЛАР ҲАМ САЙЛОВЛАРДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЖАК!
2019-10-17 16:33:57 246
Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йилнинг 22 декабрида Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилиши эълон қилинди. Мазкур муҳим сиёсий тадбирга Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши томонидан ҳам катта ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, расмиятчиликларсиз, доимгидек халқ билан юзма-юз бўлган ҳолда тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Тарғибот тадбирларининг навбатдагиси вилоятнинг чекка ҳудуди ҳисобланган, ўзининг мафтункор табиати билан кишини ром этадиган Сўх туманида ташкил этилди. Сўх туманидаги Маданият марказида ўтказилган тадбирда йиғилганларга партиянинг мақсад ва вазифалари яна бир бор айтиб ўтилди. Айниқса, сўхлик юртдошларимизни қувонтиргани таниқли хонанда Валижон Қодиров томонидан куйланган дилтортар тароналар манзур бўлди.
– Сўхликлар ҳам сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Улар ҳамиша Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайдилар. Мана, яна сайловлар арафасида турибмиз. Сиёсий партияларнинг бугунгидек тарғибот тадбирларини ўтказиши, энг аввало, фуқароларни сиёсий қарашларини ҳамда сайловларга бўлган муносабатини ўзгартиради, сайловлардан бохабар этиб, ўз фуқаролик бурчларидан оқилона фойдаланишга даъват этади. Яъни, сайловларда фаол иштирок этишга чақиради, – дейди халқ депутатлари Сўх туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси Фаррух Эрназаров.
Сайлов ҳар бир сиёсий партия олдига жуда катта масъулият юклайди. Жумладан, сиёсий партиянинг сайловда мувафақиятли иштирок этиши кўп жиҳатдан сайловолди кампаниясини самарали ташкил этиш билан боғлиқ. Бунда сайловолди ташвиқоти ниҳоятда муҳим жараён ҳисобланади. Ҳозирда партиянинг Фарғона вилояти кенгаши томонидан вилоятнинг барча туман-шаҳарларида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Сўх туманида ўтказилган тадбирда сўз олганлар бўлажак сайловлар мустақил Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар чуқурлашган, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий фаоллиги ошган бир шароитда ўтказилаётганини таъкидладилар.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби