М У Р О Ж А А Т
2020-03-30 15:48:56 138
Вилоят ҳокими ўринбосари—маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод АМИНЖОНОВ ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари Комила КАВЛАНОВА, Дилмурод АСҚАРОВ, Топиволди ХОЛДОРОВларнинг вилоятдаги маҳалла раислари, фаоллари, кайвонилари, дин пешворлари, отинойлар, бобо-момолар,ота-оналар, йигит-қизлар, маҳаллаларнинг жами аҳлига
М У Р О Ж А А Т И
Ватан ичра кичик ватан бўлмиш оилаларни жам айлаган, минг йиллик қадриятимизни ўзида мужассам этган Фарғонамизнинг мингдан ортиқ маҳалласида умргузаронлик қилаётган азиз юртдошлар!
Дунё бўйича ўтган йилнинг декабридан буён, жаннатмонанд юртимизда эса ўн беш кундан ўтдики, катта-кичикнинг бошида "COVID-19" балосидан қандай қилиб халос бўлиш ташвиши. Хитойда шундай касаллик чиқибди, деган хабарни эшитганимизда, "Хитой қаерда-ю биз қердамиз, у биз томонларга қаердан ҳам келарди", деб ўйлаганлар кўп бўлган ва афсусларким, бу бало уч ойдан кўпроқ вақт давомида дунёнинг 190 дан ортиқ давлатига етиб бориб, менман деган мамлакатлар халқи ҳаётига тажовуз қилмоқда, тараққиётини издан чиқармоқда. Бу кўринмас ёв исканжасидан Ўзбекистонимиз, жумладан, Фарғонамиз ҳам четда қолмади.
Қадрдон Фарғоналиклар!Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукуматимиз бу ёвга қарши тезкор чора-тадбирлар кўриш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли офат йўлига ишончли ғовлар қўйилаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, бу ҳаракатлар бир лаҳза ҳам бўшаштирилгани йўқ. Президентимиз қабул қилган фармон ва қарорлар асосида коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилиб, 10 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Республикада Бош вазир Абдулла Арипов, вилоят, туман-шаҳарларда ҳокимлар бошчилигидаги комиссиялар кеча-ю кундуз шундай таҳликали пайтдан халқимизни ҳам тиббий, ҳам иқтисодий, ҳам руҳий тарафдан беталафот олиб чиқиш йўлида фаолият кўрсатмоқдалар.
Ҳатто хорижда ўқиётган, ишлаётган бир неча минглаб фуқароларимиз юртимизга қайтарилиб, тегишли муддатбарча маиший шароитлар яратилган изоляция ҳолатида назоратда бўлишлари таъминланмоқда.Вирус юқтирганига гумон қилинганларсоғлиқни сақлаш органларининг тиббий текширувларидан ўтказилиб, 14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда карантинда бўлишлари учун имкониятлар яратиб бериляпти.
Шу йилнинг 26 мартида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз алоҳида миннатдорлик билдирган шифокорлар (мамлакатимиз миқёсида бу ишга 100 минг тиббиёт ходимлари жалб қилинибди), қолаверса, ички ишлар ходимлари, харбийлар туну-кун бу балога қарши курашмоқдалар.Таассуфки, давлатимиз томонидан барча эҳтиёт чоралари кўрилиб, карантин тартиби ўрнатилганига қарамай, беморлар сони кун сайин ортиб бораётгани ҳаммамизни ташвишга соляпти. Шундай таҳликали пайтда давлатимиз, ҳукуматимиз, тиббиёт ходимлари кўраётган чоралар кўзланаётган самарани бериши учун Сиз, азизларнинг фаол иштирокингиз, яъниким, ўзингизни, яқинларингизни ўзингиз ҳимоя қилишга астойдил киришишингизни яна бир карра таъкидлаш мақсадида мурожаат этишни зарур деб билдик.
Ҳурматли маҳалла раислари, фаоллари! Бугунги ташвишли дамлар Сизлардан ҳар қачонгидан ҳушёрроқ, жонсаракроқ, куюнчакроқ бўлишни тақозо этмоқда. Зеро, бутун маҳалла аҳлининг шу таҳликали кунлардан омон чиқиши кўпроқ Сизнинг фидойилигингизга ҳам боғлиқдир.Мухтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ҳамда вилоятимиз ҳокими Ш. Ғаниев таъкидлаганларидек, бугун маҳалла тизимидаги мутасаддилар қандай ишлаётганини кўрсатадиган пайтдир. Яъни, маҳаллаларда карантин қоидалари сўзсиз бажарилиши жуда кўп жиҳатдан йиғин мутасаддилари ва фаолларига боғлиқ. Ҳамма уйда қолишини назорат қилиш, дезинфекция ишларини тўғри ташкиллаш каби вазифалар бевосита Сиздан масъулиятини талаб этади. Биз бошидан не-на машаққатлар, уруш азобларини ўтказган ва енгган аждодларнинг авлодларимиз. Керак бўлса, туну кун бедор бўламиз. Ёзёвон туманидаги Беруний маҳалласи фаолларининг беэътиборлигиқанчалар қимматга тушганини тилга олишнинг ўзи биз учун оғир. Ана шу бепарволикнинг жабрини ким тортяпти?! Ўша аёл, оиласи, маҳалла аҳли эмасми?! Ахир ўша кунлари коронавируснинг ташвишли хабарлари кезиниб юрмаганмиди?! Маҳалладаги мутасаддилар бироз хушёрроқ бўлинганда, меҳмон чорлашига томошабин бўлиб турмаганида, аҳвол шу даражага етиб бормаган бўларди.Бу ҳолат барчамизга сабоқ бўлсин.
Маҳалланинг гапга-сўзга етар оқсоқоллари, кайвонилари! бугун Сизга мурожаат қиламиз: уйда ўтириб бўлса ҳам, Сиз одамларга гапингизни ўтказа оласиз. Сиз қилма, деган ишни улар қилишмайди. Бугун бирорта маҳалла хонадонида тўртта одам тўпланиб, бирор тадбир ўтказишларига йўл қўйманг. Баъзан ҳатто "тўй бошлаб олган эдик, беш-олти одам билан бўлса ҳам ўтказиб олмасак бўлмайди", дегувчилар ҳам учраб қолаётганидан хабаримиз бор. Ахир бу эзгу ишнибалони даф этгандан кейин ҳам қилса бўлади-ку! Хатто мотам маросимларида ҳам одамларнинг тўпланишига йўл қўйманглар. Озгина беэътиборлик, бефарқлик офатнинг тарқалишига имкон туғдираётганини юракдан ҳис қилишимиз керак. Унутманг, бу эҳтиёт чораларининг барчаси Сиз, азизларнинг саломатлигингиз, ўғил-қиз, набираларингизнинг соғлом келажаги учун кўриляпти.
Муҳтарам диний уламолар, отинойилар!Бугун маҳалла аҳлига Сизнинг насиҳат ва ўгитингиз ҳар қачонгидан зарур. Ислом арконлари ҳамиша ҳам дабдабаларни хуш кўрмаган. Вазият тақозо этибдими, ўшандан келиб чиқиб иш тутилганлигини бизлардан ҳам яхши биласиз. Пандемия даврида жамоат бўлиб намоз ўқишларга, уч кишидан ортиқ одам тўпланишларига йўл қўйиб бўлмаслигидан хабардорсиз. Ибодатлар, ўтгувчилар ортидан ўқиладиган тиловат қуръонлар уйларда туриб ўқилса ҳам қабули даргоҳ бўлиши Сизларга аён. Асосийси, дуои фотиҳалар, кўринмас ёв бўлмиш офатдан ҳалос этишни сўраётган муножотларимиз астойдил ва юракдан бўлса бас.
Оилаларнинг табаррук кексалари, қадрли бобо ва момолар!Вазият тақозоси билан оила бағрида бўлиш, набира ўғил-келинлар билан кўпроқ мулоқот қилиш имконияти туғилиб қолганини ҳис қилинг. Яшириб нима қилдик, бошимизга бу синовлар тушишидан илгари Сиз ҳам кўпинча ибодатлардан бўш вақтингизни издаҳомларда, ҳожи оши давраларида ўтказгансиз. Эндиги имкониятларингизни энг аввало, арзимаган баҳоналар билан Давлатимиз номи ва Аллоҳнинг иродаси билан қурилган оилаларни мустаҳкамлашга, ажримларнинг олдини олиш орқали гўдакларнинг тирик етимлик гирдобидан асраб қолишга бағишласангиз савобга қоласиз. Оилавий ришталарни узмоқчи бўлган ташаббускорларни ёнингизга олиб, "талоқ"нинг касри, бесабрликнинг оқибатлари ҳақида панду насиҳатлар қилишнинг, оиладек муқаддас даргоҳга бундай беписандлик касри яхшиликларга олиб бормаслигини уқдиришнинг мавриди бугун. Зеро, Сиздай кўпни кўрган бобо ва момолари ўгитлари ёш оилалар соҳибу соҳибалари учун малҳамдай зарур. Ҳаётнинг паст-баландини босиб ўтган бузрукворларимизнинг насиҳатлари оиладаги меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланишига хизмат қилади, албатта. Бугунги вазиятни ҳам ўз фойдасига буришга интилаётганлар, фириб, ўғирлик кўчасига юз тутаётганлар ҳам оилаларда тарбияланяпти. Бирники—мингга, деганларидай, бу синовлар балки ана шу қилмишлар учун юборилганмикин, деб ўйлаб қоласан баъзан. Келинглар, шундай салбий кўринишлар пайини хонадонларда туриб қирқишга бош-қошлик қилинг, мўтабар кексалар.
Азиз ота-оналар! Фарзандларингиз бир кун мактабига ёки олий ўқув даргоҳига сабабсиз бормаса, Сиздан тушунтириш хати талаб қилинарди. Бугун-чи? Мана бир ойга қараб кетяптики, улар ўқишда ёки мактабгача тарбия ташкилотида эмас, сизнинг аксариятингиз ҳам уйда,меҳнат таътилидасиз. Болаларнинг бўш вақтларини қандай тасарруф этяпсиз? Вақтдек энг буюк неъматни беҳуда ўтказиб юбормаяпсизми? Унутманг, шу кунларда уларнинг вақтини тўғри тақсимласангиз, бола тарбияси билан боғлиқ кўпгина йўқотишларнинг ўрнини тўлдириб оласиз. Орангизда боласи нечанчи синфда ўқишини билмайдиганлар ҳам йўқ эмасди.
Болалар билан дастурхон атрофида бақамти ўтиришга, яхши тилаклар билан дуолар қилишга, уй юмушларига ўргатишга, теледастурлар орқали берилиши йўлга қўйилаётган дарсларни биргаликда тинглаб, вазифаларини бажаришига кўмаклашишга, ё ҳаёт, ё мамот бўлган тарбиясига эътибор беришга имкон бор бугун. Президентимиз жорий этган беш ташаббус: маданият, санъат сирларини ўрганиш, китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш, ахборот технологияларини ўзлаштиришларига, қизларнинг рўзғор тутумлари, чок-чук тикишга ўргатишга ҳам вақтингиз етади. Фарзандларингизга эътиборли бўлиб, уларнинг илм-маърифатдан мунтазам баҳра олишлари, замонавий имкониятлардан фойдаланиб ўқишни давом эттиришларини таъминлашда Сизнинг ролингиз беқиёсдир. Уй юмушидан тортиб китоб ўқиш, қолган барча-барча ишда ўзингиз намуна бўлинг. Айтадилару энг самарали тарбия намуна, деб. Асосийси, болаларингизнинг кўча-кўйда юришларига, карантин қоидаларини бузишларига асло ва асло йўқ қўйманг! Оилангизнинг кексаларини зарурат туғилса-да кўчага чиқарманг. Яхшиси, бу заруратни ўзингиз битиринг.
Келажагимиз эгалари бўлган азиз фарзандларимиз, йигит-қизлар! Ҳис қилиб тургандирсиз, Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз, жонга-жон шифокорларимиз, бошқа мутасаддиларнинг барча саъй-ҳаракатлари Сизнинг ёруғ келажагингиз учундир. Уйда қолиб, вақтингизни асло ҳавога совурманг. Ахир элпарвар шу юртимизнинг эртаси Сизникидир. Вақтингизни билимингизни мустақил ошириб боришга, илм-маърифатга, китоб ўқишга, ахборот технологияларини ўзлаштиришга, ота-онангизга кўмаклашишга, бобо ва бувижонлар оғирини-енгил қилишга, энг асосийси, теледастурлар орқали берилаётган дарсларни ўзлаштиришга сарфласангиз, асло ҳато қилмайсиз. Карантин талабларига қатъий риоя қилишни унутманг. Ўртоқ ва дугоналарингизни қанчалар соғинманг, кўчага чиқишни ихтиёр этиб, ўзингизни хатарга қўйманг. Улар билан онлайн алоқа орқали кўришиб, суҳбатлашиш имкониятингиз йўқ эмас.
Синовли кунларда элнинг оғирини енгил қилиш учун борини баҳам кўриб, баҳолиқудрат саховат кўрсатаётган юртдошларимиз сафи кундан-кунга кенгаяётгани мамнун қилади одамни. Якка-ёлғизларнинг ҳолидан хабар олаётган, санитарияниқоблари ва бошқа воситаларни бепул тарқатаётган саховатпеша юртдошларимизга миннатдорлик билдирмоқчиман. Чин ихлос билан тоат-ибодат қилиб, балодан паноҳ сўраётганлар кам бўлмасинлар.
Қадрдон Фарғоналиклар, маҳаллалар аҳли! Президентимиз топшириқларига кўра, ҳукуматимиз, вилоят ҳокими, туман ва шаҳарлардаги тегишли мутасаддиларга Сизнинг берадиган кўмагингиз битта: ўзингиз ва яқинларингизни шу офатданҳимоя қилиш.Олдимизга қўйилган талаблар ниҳоятда оддий—тозаликка қатъий риоя қилган ҳолда уйда қолиш, карантин талабларини бузмаслик. Бу билан юртимиздан бало даф бўлишига ҳар биримиз шахсий ҳиссамизни қўшган, бизнинг хавфсизлигимиз учун матонат кўрсатиб ишлаётган юртдошларимизга ёрдам бериш баробарида бутун жамиятимизни ундан халос этган бўламиз.
Уламоларимиз бугунги синовли кунларни инсониятни тўғри йўлга бошловчи, ҳидоятга даъват этувчи сабоқ, деб баҳолашмоқда. Пок дил билан Аллоҳдан офият сўрайлик, тавба қилайлик! Муқаддас Ватан, она юрт коронавирусдан тезроқ халос бўлиши учун давлатимиз раҳбарининг шу офатдан бирор оила талафот кўрмасин, дея бераётган чақириқларига қатъий интизомимиз билан жавоб берайлик! Ишончимиз мустаҳкам, имонимиз бут экан, бу офатни маънан бирлашиб, сабр ва сабот билан енгамиз!Бу балони ер юзидан Яратганнинг Ўзи даф этсин!