Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши
2020-03-18 09:51:52 212
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши
Криминологик тадқиқотлар, статистик маълумотлар, вояга етмаган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш, яъни умуман жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлган жазонинг қўлланиши салбий натижаларни келтириб чиқаришидан ва келажакда рецидив жиноятларни кўпайишига замин яратишидан далолат беради. Вояга етмаган шахсларнинг жиноят содир этишини олдини олиш масаласи Республикамизда барчани ўйлантираётган ачинарли ва долзарб муаммоларидан биридир. Чунки келажагимиз, ёш авлоднинг баркамоллиги билан боғлиқдир. Уларни тарбиялаш, жамият учун фойдали, маънавий соғлом қилиб еттиштириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Вояга етмаган шахсларни жиноятга етаклайдиган сабаб ва шарт-шароитлар қуйидагилардан иборатдир:
1) айрим аҳоли хонадонларида турмуш даражасининг пастлиги, хонадон эгалари турмуш даражасини кўтариш учун ҳаракатсиз қолаётганликлари;
2) оилада, мактаб ва бошқа муассасаларда болалар тарбияси билан етарли даражада шуғулланмаслик, тарбиявий, профилактик тадбирларнинг ўтказилмаслиги;
3) оила, мактаб ва ўқув муассасаларида назоратнинг сустлиги;
4) вояга етмаган шахс яшаётган, ўқиётган микромуҳитдаги криминологик шароит;
5) мактабларда юристлар ва психологларнинг фаолият олиб бормасликлари;
6) оилалардаги ажрашиб кетиш, ота ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш холатларининг юқорилиги;
7) ўғирлик ва тиланчилик каби жиноятларга вояга етмаган шахсларни жалб қилиш ҳолатларининг тез-тез учраши;
8) ахлоққа қарши жиноятлар, яъни вояга етмаган шахсни ғайри-ижтимоий хатти-харакатларга жалб қилиши, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз бузуқ харакатлар қилиш, порнографик нарсаларни тайёрлаш ва сотиш, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш каби жиноятларнинг содир этилиб турилиши;
9) жазони ўтаб чиққан вояга етмаган шахсларни ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, иш билан банд қилишнинг суст даражада олиб борилиши;
10) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан вояга етмаган шахслар билан ишлаш, тарбиявий, профилактик чораларни кўриш, ишга жойлаштиришни таъминлашга қаратилган тадбирларни ўтказиш вазифасини юкловчи ҳуқуқий хужжатларнинг мавжуд эмаслиги, мавжуд бўлган ҳуқуқий хужжатлар ижросини таъминловчи механизмнинг йўқлиги ва бошқа ҳолатлар.
Юқорида санаб ўтилган муаммоларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф қилиш, мавжуд камчиликларнинг олдини олишга қаратилган комплекс тадбирларни амалга оширилиши даркор. Вояга етмаган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш каби жазонинг қўлланиши ҳозирги кунда ўзини оқламаяпти. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан вояга етмаган шахсларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашиб кетиши қийин бўляпти. Озодликдан маҳрум этиш жойларидан қайтиб келган вояга етмаганлар олдида катта қийинчиликлар, тўсиқлар пайдо бўлмоқда. Биринчи навбатда, уларга психлогик ёрдам зарур бўлмоқда. Озодликдан маҳрум этиш жойларида криминоген вазият, муҳитнинг мавжудлиги уларни бошқа “тажрибали” жиноятчилар билан дўстлашишига сабаб бўлмоқда. Бу келажакда иштирокчиликда ўғирлик, босқинчилик, безорилик каби жиноятлари ўсишининг хавфини туғдирмоқда. Жазо тизими қанчалик қаттиқ бўлмасин, вояга етмаганлар орасида жиноятлар содир этиш камаймаяпти. Бунинг исботи сифатида статистик маълумотга мурожаат этамиз. Ҳозирги кунда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятларнинг 4 фоизини ташкил этмоқда. Жиноят қонунида назарда тутилган жазо чоралари жиноят йўлига кириб қолган вояга етмаганларнинг жиноий фаолиятини тўхтатиш, уларни қайта тарбиялаш ва янги жиноят содир этилишини олдини олишга қаратилган бўлиши керак. Жиноят содир этган вояга етмаганларга озодликдан маҳрум қилиш, қамоқ жазоларини қўллаб бундай натижаларга эришиб бўлмаяпти.
Шундай экан, “қаттиқ жазо чораси фақат жазоловчиларнинг эмас, балки жазоланувчиларнинг аҳлоқий ва ҳаётий тарзини қўполлаштириб юборади, қаттиқ жазо чоралари орқали жиноятчиликка қарши курашнинг фойдасизлигини барча илғор фикр қилувчилар доимо тушуниб келганлар”,-деганда И.И. Карпец юз фоиз ҳақдир.1
Қонунлар ижодкорлиги ҳаёт билан ҳамнафас ривожланиши лозим. Биз Жиноят Қонуни нормаларини қанчалик енгиллаштирмайлик ёки қаттиқлаштирмайлик, жиноятчилик, айниқса вояга етмаганларнинг жиноятчилиги ўз-ўзидан камаймайди. Бундай жиноятларни вужудга келтирувчи сабаб ва шарт шароитларни бартараф қилиш тўхтатишга, олдини олишга ва қайта тарбиялашга қаратилган комплекс тадбирларни ишлаб чиқишимиз, уларнинг ҳуқуқий асосларини ижросини таъминловчи механизмини яратишимиз лозим. Қолаверса, вояга етмаганларнинг жиноятини тергов қилувчи, судда кўрувчи маҳсус органлар ташкил этиши мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун махсус вояга етмаганларнинг жиноят ишларини кўрувчи Ювенал судлар ташкил этилиб, уларнинг компетенциясига нафақат вояга етмаган шахсларнинг ишини муҳокама қилиш, балки вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий можароларни ҳал қилиши, боланинг ота-онаси, васийлари билан тарбиявий маслаҳатлар олиб бориши каби ваколатлар юклатилса бу ўзининг ижобий натижаларини беради деб ўйлаймиз.
Бундан ташқари, жиноят содир этган вояга етмаган шахслар жарима, аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш каби жазоларини кўпроқ қўллаш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, уй қамоғини қўллаб ҳам вояга етмаган шахснинг аҳлоқини тузатса бўлади. Уй қамоғи жазосининг ижросини назорат қилиш мажбурияти вояга етмаган шахснинг ота-онаси, васийси, бошқа тарбиячига юклатилиши мумкин. Аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси қўлланилса икки томонлама фойдалидир. Биринчидан, вояга етмаган шахсни жамиятдан ажратиб қўйилишига ҳожат бўлмайди. У иш билан банд бўлади. Давлат ва жамият унинг меҳнатидан манфаат кўради. Иккинчидан эса, ушбу жазонинг қўлланилиши вояга етмаган шахсга ўз қилмишидан тўғри хулоса чиқариб олишига ёрдам беради. Шу йўсинда жарима жазоси ҳам ўзининг ижобий натижасини беради. Кўпгина ривожланган хорижий мамлакатларнинг қонунларида жиноятларнинг 60-75 фоизини жарима жазоси ташкил этади. Жарима жазоси нафақат ўзининг ижобий самарасини бериб, жиноятчилар, жиноятлар сонининг қисқаришига, балки давлат бюджети учун ҳам фойдалидир.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, вояга етмаган шахсларнинг жиноий жавобгарлигини назарда тутувчи нормалар уларнинг аҳлоқан тузатиш ва янги жиноят содир қилинишининг олдини олиш орқали тарбиялаш мақсадини кўзлайди ва бундай фаолиятининг асосида жиноят қонунинг инсонпарварлик тамойилида ётади. Зеро, жиноят қонуни, жазо муайян ижтимоий муносабатлар вужудга келтирадиган жиноятчиликни йўқота олмайди, аммо у муайян ижтимоий шароитда жиноятчиликка таъсир қилиши, жиноятчиликнинг ўсишига тўсқинлик қилиши, камайтириши мумкин.
1И.И. Карпец. Наказание. Социальные правовые и криминологические проблемы. М. Юридическая литература.
Ж. Хайдаров - жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг
девонхона мудири