“Авлодлар учрашуви”
2020-03-15 10:22:49 215
“Авлодлар учрашуви”
Армия ва халқ бирдамлиги Сух туманида алоҳида таърифга хос десак, муболаға эмас. Чунки туманда иккита ҳарбий қисм жойлашган ва бевосита маҳаллалар ва жамоат ташкилотлари билан ҳарбий қисмларнинг мустаҳкам ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Мустаҳкам ҳамкорлик самараси ўлароқ, туманда турли хил тадбирлар, учрашув ва маънавий-маърифий тантаналар ўтказилади. Кеча туманнинг “Суғдиёна” спорт мажмўасида бўлиб ўтган тадбирда Шарқий ҳарбий округ вакиллари, тумандаги ҳарбий қисмларда фаолият олиб бораётган аскар ва зобитлар иштирок этишди. “Авлодлар учрашуви” мавзўси остида бўлиб ўтган учрашувда нуроний отанхонлар, меҳнат фахрийлари ва тумандаги уюшмаган ёшлар вакиллари қатнашишди.
Тадбирда сўз олганлар, энг аввало Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий бош қумондони Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг ҳарбий қудратига берилаётган эътибори, бугунги кунда миллий армиямиз сафида она-Ватанимиз тупроғини ҳимоялашдек масъул вазифани ўзига шиор қилиб олган жасур офицер-сержантлар, аскар ва зобитлар, Сух тумани тупроғини ҳимоялашда туну кун фарзандлик бурчини адо этаётган ўғлонлар ҳақида гапиришди. Таъкидландики, армия ва халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланаверади. Ватан ривожи ва равнақи йўлида меҳнат қилган, умрларини Ватан тинчлиги ва осойишталигига бахшида этган нуроний отахонлар, меҳнат фахрийлари ҳарбийларнинг доимий эътиборидалиги ҳам таъкидланди.
Дарҳақиқат, Ватанимиз ривожи ва равнақига ҳисса қўшган фахрийларнинг ҳаёти ҳар биримиз учун намуна ва ўрнак сифатида хизмат қилади. Сух заминида шундай инсонлар борки, сидқидилдан қилган меҳнат ва самарали фаолиятлари орқали бугун эъзоз ва ҳурматда. Мирзожон Хўжамов ана шундай инсонлардан. Сухнинг асил фарзанди десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Бутун умрини таълим-тарбия соҳасига бағишлаган устоз бугун 90 ёшли довондан ошиб, фарзандлари, шогирдлари, набира-абиралари ардоғида умргузаронлик қилишаётир. Отахон хонадонига ташриф буюрган туман ҳокими Фаррух Усаров ва Шарқий ҳарбий округ вакиллари бошчилигидаги меҳмонлар отахонга совға-саломлар улашиб, анча сўҳбатлашишди. Сўҳбат давомида Мирзожон Хўжамов ҳар бир инсон умри давомида сидқидилдан меҳнат қилиб, фаолият юритса, албатта, юксак марраларни эгаллашини таъкидлаб, бугунги дориломон кунларга шукроналик билан яшаш кераклигини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Айтиш лозимки, Мирзожон Хўжамовнинг фарзандлари ҳам бугун падари бузургворлари йўлларидан бориб, турли жабҳаларда туман равнақи ва тараққиёти, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида сидқидилдан ва астойдил меҳнат қилишмоқда.
“Авлодлар учрашуви” самимий дийдор кечасига айланиб, дилларга қувонч, иштирокчилар қалбларига бир олам кўтаринкилик бағишлади. Айтиш мумкинки, туман ҳокимлиги ва ҳарбийлар ҳамкорлигида ташкил этилган бу тадбир бизнинг миллатга хос қадриятларни ёшлар ҳаётида мустаҳкам ўрин олишида катта аҳамиятга эга.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати