Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 3 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Самарали фаолият ва аҳоли билан мунтазам мулоқотда бўлиш – давр талаби

×

 2020-03-02 13:59:10    75

PDF yuklash
Chop etish


Самарали фаолият ва аҳоли билан мунтазам мулоқотда бўлиш – давр талаби

         Муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан ташкил этилаётган оммавий сайёр қабуллар айтиш мумкинки бугун ўз самарасини бермоқда. Бугун Сух туманининг Қалъача маҳалла фуқаролар йиғинида тасдиқланган режага асосан туман ҳокими Фаррух Усаровнинг маҳалла аҳли билан учрашуви ўтказилди. Оммавий сайёр қабул сифатида ўтказилган тадбирда туман ҳокими, туманнинг биринчи секторига бириктирилган ташкилот-муассаса ва корхоналар вакиллари иштирок этишди. Қабулда Қалъача маҳалла фуқаролар йиғини  ҳудудида яшовчи аҳоли қатнашиб, туман ҳокимига маҳалла аҳлини қийнаётган муаммо ва камчликиларни ҳал этиш юзасидан мурожаат қилишди.

        Шуни ҳам алоҳида қайд қилиш лозимки, оммавий сайёр қабулларда баён этилган мурожаатларга туман ҳокими томонидан имконият даражасида муносабат билдирилмоқда. Мисол учун, 22 февраль кунидаги 27-сонли УЎТ мактабида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида 3-сонли ИДУМ ўқувчиси Меҳрона Ғоибжонова туман ҳокимидан мактабнинг тикувчилик тўгагарига тикув машинкаси олинишида кўмак беришни сўраган ва бугунги оммавий сайёр қабулда икки дона замонавий тикув машинкаси Меҳронага туман ҳокими томонидан тақдим этилди.

Маҳаллада яшовчи фуқаро Зуҳриддин Усмоновнинг маълумотига кўра, маҳаллада жойлашган бозорда қассобхона қурилмаган ва қассоблар гўшт маҳсулотларини  санитария қоидаларига зид равишда сотувга чиқаришади. Муаммонинг ечими борасида туман “Ермулккадастр” идораси раҳбари Равшан Нозиров маълумот берди ва қассобхона қуришга ер майдони ажратиш, қурилиш учун зарурий ҳужжатларни тайёрлаш лозимлигини қайд этиб ўтди. Туман ҳокими ушбу масалада амалий ёрдам беришда тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

         Ҳожирахон Эргашева ҳам ушбу маҳаллада яшайди ва унинг сўзларидан шу маълум бўлдики, маҳаллада тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси ва дорихона мавжуд эмас ва Қалъача аҳли тиббиёт хизматига эҳтиёж сезилганда қўшни Тул ёки Ғазнов маҳаллаларига мажбур бўлиб боришади, масофа эса анча узоқ. Мурожаатдан сўнг, тадбиркор Қудратжон Латипов бунёд этган гузарда бўш хона борлиги маълум бўлди ва ушбу жой қабулдан сўнг бевосита туман ҳокими томонидан кўздан кечирилди. Тадбиркорнинг ташаббуси билан айнан шу ерда тиббий хизмат кўрсатиш нуқтаси ташкил этиладиган бўлди.

         Шунингдек, сайёр қабул давомида маҳалла аҳли томонидан асосан ёшларга домий иш жойи яратиш, маҳаллада шерикчилик асосида уй боғчаларини  ташкил этиш, ипак қурти парваришлаган пиллакорларга зарурий шароитлар яратиб бериб, меҳнат ҳақларини вақтида тўлиқ тўлаш масаласи, маҳаллада дорихона ташкил этиш, маҳаллага янги қабристон очиш ва унинг ҳужжатларини қонун доирасида расмийлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида замонавий ғишт ишлаб чиқариш ва оилавий корхона ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ҳудудлардан ер майдони ажаритиб бериш, аҳолини уй-жойларга бўлган талабини қондириш мақсадида намунавий уйлар барпо этиш каби мурожаатлар баён этилди. Берилган барча саволлар ва қилинган мурожаатларга мутасаддий идоралар раҳбарлари жавоб беришди. Қабулда қилинган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

         Оммавий сайёр қабулдан сўнг, қилинган мурожаатлар юзсидан ўрганишлар олиб бориш туманда анъанага айланиб қолган. Қабулда маҳаллада яшовчи онахон Муаззамхон Ҳомиджонова турмуш ўртоғи Бурҳониддин Ҳомиджоновнинг тиббий ёрдамга мўҳтожлигини билдириб, мурожаат этди ва бевосита қабулдан сўнг туман ҳокими Фаррух Усаров Ҳомиджоновлар оиласига ташриф буюриб, мутахассислар билан асл ҳолатни ўрганишди. Дарҳақиқат, оила бошлиғи Бурҳониддин Ҳомиджонов асаб касаллигига чалинган ва тиббий ёрдамга мўҳтож. Туман ҳокимининг бевосита топшириғи билан туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари келиб, отахонга зарурий тиббий ёрдам кўрастадиган бўлишди.

         Айтиш мумкинки, бугун аҳоли ўртасида уй-жойга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ортган, чунки бир хонадонда икки ва ундан ортиқ оилалар яшашади. Ташриф чоғида шу маълум бўлдики, Қалъача маҳалласида яшовчи фуқаролар Рабилжон Мамадалиев, Исроилжонов Ғафуржон ва Ғафуржон Оламовлар мажбурликдан ҳудудда жойлашган қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ерларни ўзлаштириб, зарурий ҳужжатларни расммийлаштирмасдан уйлар солишган. Солинган уйлар сел йўли атрофида ва тоғ ён бағрида жойлашган. Туман ҳокими ва “Ермулккадастр” идораси мутасаддийлари бу фуқароларга яшаётган уй-жойларини расмийлаштирилишида махсус комиссия хулосасига кўра кўмак беришадиган бўлишди. Шунингдек, фуқаро Ғафуржон Оламовга ташкил этилаётган янги боғ учун қонуний ҳужжат расмийлаштириш лозимлиги ҳақида маълумотлар берилди.

         Қайд этиш лозим, Қалъача маҳалласида яшовчи фуқаролар асосан деҳқончилик ва боғдорчиликдан кун кўришади. Ўтган йили табиий офат  фуқаро Жамолиддин Низомиддинов барпо этган боғга зарар етказган. Эндиликда боғбон ўз ҳисобидан боғни табиий офатдан ҳимоя қилиш мақсадида сел йўлида иҳота зонаси бунёд этмоқда. 85 метрли иҳота зонаси қурилишга 25 миллион сўм сарфлаётган боғбон келгусида ушбу эзгу ишини давом эттириш ниятида эканлигини туман ҳокими ва мутасаддийларга билдирди.

         Тадбиркорликни ривожлантириш қўшимча иш ўринларини яратиш омили ҳисобланади. Ёш тадбиркор Шамшод Акрамжонов маҳаллада пишиқ ғишт цехи очиш нияти борлиги, бунинг учун қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ҳудуддан ер майдони ажратиб бериш ҳақидаги қилган мурожаатидан сўнг туман ҳокими раҳбарлигидаги комиссия бевосита тадбиркор танлаган ер майдони ҳудудида учрашиб, тадбиркорга ерга эгалик қилишнинг қонуний йўлларини тушунтиришди. Тадбиркорнинг нияти амалга ошса агар, маҳалладаги уюшмаган ёшларнинг 6 нафари доимий иш жойи билан таъминланадиган бўлади. Шунингдек, маҳаллада бунёд этиладиган қабристон майдони ҳам кўздан кечирилди. Бунга ҳам туман мутасаддий идоралари томонидан қонуний ҳужжатлар расмийлаштириладиган бўлди.

         Дарҳақиқат, ўрганиш ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аҳолини қийнаётган муаммо ва камчликлар жуда кўп ва уларни ечиш йўлида самарали фаолият олиб бориш лозим. Шунинг учун, самарали фаолият ва аҳоли билан мунтазам мулоқот олиб бориш муаммоларнинг ечимида асосий омил бўлиб хизмат қилишини ҳар бир раҳбар англаши лозим.

                   Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати