ОНАЛАР ВА БОЛАЖОНЛАР СОҒЛИГИ ЙЎЛИДА беғараз, хайрли ишлар
2020-02-19 14:01:27 177
ОНАЛАР ВА БОЛАЖОНЛАР СОҒЛИГИ ЙЎЛИДА
беғараз, хайрли ишлар
Ҳаётимиз давомчилари бўлган болажонларнинг соғлиги биз учун ҳар недан муҳим. Агар фарзандимизнинг жони оғриса кўзимизга дунё тор келади. Шундай экан, ўғил-қизларимизнинг соғлом ва баркамол ўсишлари энг аввало, уларнинг соғлиғига, одоб-ахлоқига қаратилган эътиборда экани сир эмас.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Фарғона вилоят филиали ўз фаолияти давомида минглаб болажонлар ҳаётига ёруғлик, қувонч олиб кирмоқда. Шу ўринда ўтган 2019 йил якунларига қисқача тўхталиб ўтамиз. Йил давомида фонднинг Республика бошқарувидан вилоятимизга яқин 50 миллиард сўмлик дори-дармон, гигиеник воситалар, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинди ва Вазирлар Маҳкамаси, республика бошқаруви, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг тақсимотига асосан шаҳар-туман тиббиёт бирлашмалари, шифохоналар ва аҳолига беминнат тарқатилди. Бундан ташқари, вилоятда жойлашган асаб касалликлари шифохонаси, барча мактаб интернатлари, Фарғона, Қудаш, Қўқон шаҳарларидаги “Мурувват уй”лари бир йилга етадиган витаминлаштирилган, сабзавотли озиқ-овқат қоришмалари билан таъминланди.
Фонд фаолиятида соғлом турмуш тарзи тарғиботи алоҳида ўрин эгаллайди. Махсус мутахассислар – шифокорлардан иборат гуруҳ “Автоамбуланс”да шаҳар-туманларнинг энг чекка ҳудудларига ҳам кириб бордилар ва 18 минг нафарга яқин кам таъминланган оилаларда истиқомат қилаётган кексалар, ёшлар, она ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди, мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Шунингдек, аҳоли ва болалар ўртасида ёшларни турли иллатлар, ОИВ, ОИТС, ичиш, чекиш, гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари, репродуктив саломатлик, гижжа касаллигининг келиб чиқиши ва унинг салбий оқибатларига доир учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Шу билан биргаликда, болалар ўртасида спортнинг сузиш, спорт ва бадиий гимнастика ва бошқа турларини ўтказилишига ҳомийлик ҳам қилинмоқда.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказилишига бош-қош бўлибгина қолмай, уларни даволаш чораларини ҳам кўрмоқда. Хусусан, Республика доирасида даволаш имкони бўлмаган кам таъминланган оилалар фарзандларини хорижга, тор доирадаги мутахассислар назоратига юбориш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Ўтган йил давомида урологик муаммоси бўлган 1 нафар бемор Германияда, юрагида нуқсони аниқланган 3 нафар бемор болалар Корея ва Ҳиндистонга жарроҳлик амалиётлари учун юборилди. Шунингдек, 17 нафар бемор болалар Республикамиздаги нуфузли клиникаларда, вилоят кўп тармоқли болалар марказида жарроҳлик амалиётларига йўналтирилди. Жумладан, 2015 йилда 355 нафар, 2016 йилда 383 нафар, 2017 йилда 343 нафар, 2018 йилда 139 нафар ва 2019 йилда 176 нафар кўз, қўл, оёқ, бўйин, лаб, танглайида нуқсони ва куйгандан кейинги чандиқлари бор болаларда ўтказилган жарроҳлик амалиётлари фонднинг беғараз молиявий ёрдами эвазига амалга оширилди ва соғломлаштиришга эришилди.
Биз юқорида таъкидлаб ўтилган ҳар бир фаолият, албатта, катта моддий маблағлар билан боғлиқ. Бу барча хайрли ишлар фонднинг хорижий ҳамкор ташкилотларининг инсонпарварлик ёрдамлари эвазига амалга ошириб келинмоқда. Янги 2020 йилда ҳам фонд катта мақсадларни, режаларни кўзлаган. Энг асосийси эса, бу йил ҳам болажонларни соғлом ҳаётга, бахтли болаликка қайтаришдай улуғ ишга киришиш арафасида туришибди. Бироқ, айни дамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Фарғона вилоят филиали молиявий кўмакка муҳтож.
Ҳурматли юртдошлар! Ҳозирги пайтда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди беғараз ва хайрли ишларни ташкиллашда моддий кўмакка эҳтиёж сезмоқда. Вилоятимизда саховатли тадбиркорлар кўп. Уларнинг эҳтиёжмандларга кўрсатаётган беминнат ёрдамлари ҳақида эшитиб, қувонамиз. Бизнинг ёрдамимизга муҳтож бўлган болажонларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган саховатпеша ҳамюртларимиз “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят филиалини молиявий томондан қўллаб-қувватлашса, тўпланган маблағ манзилли, хайрли, савоб ишларга йўналтирилади.
Бизнинг реквизитларимиз: Фарғона шаҳар, Хўжанд кўчаси, 68 уй. инд: 150100, ҳ/р 20212000600216660001. “Ипотека” банк Фарғона ш. МФО: 00544, ИНН:200147784, телефон - 226-57-17.
Нурилло ХУДОЙБЕРГАНОВ - “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия
фонди вилоят ҳудудий филиали директори