Уюшмаган ёшлар ўртасида волейбол бўйича мусобақа ўтказилмоқда
2020-02-18 17:41:38 172
Уюшмаган ёшлар ўртасида волейбол бўйича мусобақа ўтказилмоқда
Ҳеч бир соҳа мамлакатни спортчалик дунёга танита олмайди. Ҳақиқатан ҳам, кундан кунга ривожланиб бораётган ушбу соҳа давлатимизни дунё ҳамжамиятидаги обру ва нуфузининг ортиб боришига асосий омил бўлиб хизмат қилаётир. Айтиш мумкин, Президентимиз томонидан спортга, унинг ривож топишига берилаётган эътибор туфайли бугун ушбу соҳа Республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам ривожланмоқда. Буни Сух тумани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Хабарингиз бор, бундан бир ой олдин Девайрон маҳалла фуқаролар йиғини уюшмаган ёшлари номидан туман ҳокими номига маҳаллада спортга шуғулланиш учун шароит яратиб бериш ҳақида мурожаат тушган эди. Мурожаатдан сўнг, туман ҳокими Фаррух Усаров тузилган ишчи гуруҳ билан ҳолатни ўрганриб чиқиб, ҳудудда жойлашган 17-сонли УЎТ мактаби спорт залини дарслардан сўнг маҳалланинг уюшмаган ёшлари ихтиёрига олиб берган эди. Яъни мактабда дарслар тугагандан сўнг, маъмурият томонидан спорт залининг эшиклари уюшмаган ёшларга очиб бериладиган бўлди. Эндиликда маҳалла ёшлари бемалол бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида мактабнинг спорт зали томон йўл олишади.
Сариканда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодур Сафоевнинг маълумотига кўра, маҳаллада мактаб маъмурияти билан яхши алоқа йўлга қўйилган. Бошқача қилиб айтганда, маҳаллада “Мактаб, маҳалла, оила ҳамкорлиги” Концепциясини амалга ошириш учун тизимли ишлар олиб борилаётир. Девайрон маҳалласидаги каби Сариканда маҳалласидаги 4-сонли мактабнинг спорт зали эндиликда дарслардан сўнг уюшмаган ёшлар ихтиёрига берилган, албатта, маҳалла ва мактаб маъмурияти назорати остида. Маҳалла раисининг ташаббуси билан бугунги кунда Сариканданинг уюшмаган ёшлари ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилиб, режага кўра, мусобақалар ўрнатилган тартибда олиб борилиб, ғолиб ва ўйин пешқадамларига маҳалланинг, ҳамда ҳомийларнинг қимматбаҳо совға ва совринлари топширилади. Ҳозир мусобақалар айни қизғин паллага кирган пайт.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз томонидан игари сурилган бешта ташаббуснинг ижроси туманда яхши йўлга қўйилган. Туман ҳокими ташаббуси билан раҳбарлар учун ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари “Спот куни” этиб белгиланган ва ушбу кунлар раҳбарлар эрталаб соат 7-00 дан 9-00 гача туманнинг спорт мактабида шуғулланишади. Бугун ҳам тартибга биноан, раҳбарлар мактабга ташриф буюришиб, бадантарбия машқлари билан банд бўлишди, шунингдек, тузилган икки жамоа ўртасида футбол ўйини ҳам ўтказилди.
Дарҳақиқат, спортга берилаётиган эътибор бугун нафақат ёшларни, балки Сух тумани раҳбарларини ҳам қизиқтирмоқда. Бу эса, соҳанинг ривожига ўз ҳиссасини қўшиши ва спортга бўлган шавқ ва иштиёқни юксалишига тўртки бўлади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати