13 февраль санаси тарихда
2020-02-13 08:53:04 205
13 февраль 2001 йил - Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ташкил этилган кун
Аҳолининг ижтимоий ҳимояси бўйича давлат бошқарувини мукаммаллаштириш мақсадида Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги бирлаштирилиб, Ўзбекитсон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ташкил этилди. Вазирлик тизимидаги 14 та – Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари, жойлардаги туман ва шаҳар ижтимоий таъминот бўлимлари ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини пенсиялар ва нафақалар билан таъминлаш, давлат томонидан белгиланган ёрдам, имтиёзлар ва кафолатларнинг манзилли етказилишини ташкиллаштириш ва назоратини олиб бориш вазифаларини бажаради.т
13 февраль 2014 йил - Вадим Абрамов Тошкентдаги «Локомотив» ФК бош мураббийи этиб тайинланган кун
13 февралда дунё бўйича Халқаро радио куни нишонланади. Бу байрамни ўтказишдан мақсад – радиони алоқа воситаси сифатидаги аҳамиятини, радио эшиттириш компанияларнинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ҳамда йирик оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий радиостанциялардан ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш, фикр билдириш эркинлиги ва радиотўлқинларда тендер тенгликни ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш.
Рақамли техналогия асрида радио дунё бўйича энг кўп сонли тингловчилар учун алоқа ва мулоқот воситаси бўлиб келмоқда. Радио тендер тенглигини ривожлантириш йўллари бўйича ЮНЕСКОга кўмаклашишда хизмат қилади.
Тендер тенглигини кенгайтириш бўйича дунёнинг барча бурчакларида Халқаро радио куни байрами ЮНЕСКО томонидан қуйидагийўналишларда олиб борилади:
-радио эшиттириш компанияларининг раҳбарлари ва эгалари, журналистлар ва ҳокимиятнинг тендер сиёсатини ривожлантиришга эътиборини қаратиш;
-радиода бир хилликдан халос бўлиш;
-радиодастурлар яратишда ёшларнинг, айниқса, продюсер, радиобошловчи, репортёр бўлишга интилаётган қизларнинг билимини кенгайтириш;
-аёл радиожурналистларнинг хавфсизлигини таъминлашни мустаҳкамлаш.
Ташкилотчилар маҳаллий, миллий, халқаро радио эшиттириш компаниялари, турли оммавий ахборот воситалари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ва кенг халқ оммаси билан ҳамкорликда Халқаро радио кунини нишонлашга барча мамлакатларни иштирок этишга чақиради.
13 февраль 1769 йил - Pус ёзувчиси, масалчи Крилов Иван Андреевич таваллуд топган кун
Крилов Иван Андреевич-1769 йил 13 февраль куни Москвада туғилган - рус ёзувчиси, масалчи. “Почта духов”(1789), “Зритель” (1792) журналларини нашр эттирган.1786-88 йилларда трагедия (“Клеопатра”, “Филомела”), комик опералар (“Баҳодир Илья”, 1870) ёзган. 1809-43 йилларда 200 дан ортиқ масаллар ёзган. Биринчи “Масаллар” китоби 1809 йил нашр қилинган. Уларда зулм ва зўрлик қораланган (“Бўри билан қўзичоқ”, “Ҳайвонлар ўлати”, “Бўрилар ва овчилар”, “Деҳқонлар ва дарё” ва бошқалар), вазирликларнинг қайта ташкил этилиши (“Квартет”), Аракчеевнинг золимлиги танқид қилинган(“Балиқлар рақси”). 1812 йилдаги Франция – Россия уруши йилларида ёзган “Мушук ва ошпаз”, “Итхонага кириб қолган бўри”, “Қарға ва товуқ”, “Мушук ва чўртан балиқ” ва бошқа масалларида ватанпарварлик ғоялари илгари сурилган. Асарларида софдил ва меҳнатсевар кишилар улуғланган, дангаса , қўрқоқ, иккиюзламачилар танқид қилинган. Масаллари демократик руҳ билан суғорилган. Сатираси кучли ва таъсирчан. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. И.Крилов Петербургда 1844 йил 21 ноябрь куни вафот этган.
13 февраль 1873 йил - Фёдор Иванович Шаляпин таваллуд топган кун
Фёдор Иванович Шаляпин
1873 йил 13 февралда буюк опера хонандаси Фёдор Иванович Шаляпин дунёга келди.
Шаляпин етук санъаткор бўлиб этишгунча жуда оғир, машаққатли йўлни босиб ўтди. Ҳаёт тўсиқлари, муҳтожлик ёш Фёдорни ниятидан қайтаролмайди, чунки у санъатни бутун вужуди билан севар, усиз ҳаётини тасаввур этолмас эди.
Шаляпинни санъат сеҳри бутунлай ўзига мафтун этганди. Ўша пайтлари улар яшайдиган жойга опера театри жамоаси келганди. Бу ерда қўйилган спектаклдаги опера ижроси Шаляпинни ҳайратга солади. Шундан сўнг у кўча-куйдами, уйдами, оддий кундалик турмушдаги гапларни ҳам операга айлантирарди.Энди уни театрда томошабин бўлиб ўтириш қониқтирмасди. У саҳна ортига ўтиб, ойни қандай ёритишларини, одамлари қаёққа ғойиб бўлишларию саҳнани қандай қилиб тез қуришларини, кийим-кечаклару, томошадан сўнг бу ёрқин, гўзал ҳаётнинг қаёққа ғойиб бўлишини жуда-жуда билгиси келарди. Ниҳоят, орадан кўп ўтмай, спектаклда статист (саҳнада гапирмасдан роль ижро этиш) бўлиб иштирок эта бошлади.
Шаляпин театрда ижро этадиган ролларда киядиган либослар қандай бўлиши кераклигини ўрганиш учун рассомлардан кўпроқ таниш орттира борарди. У Москвага - Мамонтов раҳбарлигидаги театрга келгач, санъаткорга эркин ижод қилиш имкони берилади. У эркин ижод қилиш имконига эга бўлгач, репертуаридаги Сусанин, Мефистофель ва бошқа ролларини янаям мукаммаллаштиришга киришади.Шаляпиннинг барча ижроси жуда табиий, ҳаётий ҳамда ниҳоятда таъсирли чиқар, ижросида ҳеч бир соҳталик, ясамалик, сийқаси чиққан эски саҳна ёндашувлари кўзга ташланмасди.
У юқори бас овозда куйлаш билан бирга, вокал санъатининг йирик намоёндаси ҳамдир. Шаляпин фақат мусиқа ва актёрлик фаолияти билан шуғулланибгина қолмай, опера асарларини ҳам саҳналаштирган, рассомлик ҳамда ҳайкалтарошликдан ҳам яхшигина хабардор бўлиб, адабиёт соҳасида ҳам қалам тебратган. У санъат учун туғилган ва уни бор вужуди билан севиб, усиз ҳаётини тасаввур эта олмаган буюк ижодкор.
Манба: http://taqvim.uz/uzc