Тарихий учрашув
2020-02-03 14:20:04 176
Тарихий учрашув
Азал-азалдан Фарғона ўзининг етук маънавиятли инсонлари билан дунёда донг таратган ҳудудлардан. Айтиш мумкин, бугунги кунда водийлик юксак билимга эга бўлган ёшлар аждодларга муносиб авлод сифатида улғаймоқда. Бунинг учун, уларга Республикамиз ҳукумати, бевосита Президентимиз томонидан берилаётган эътибор катта аҳамиятга эга. Ватанимиз пойтахти – Тошкент шаҳрининг ёшлар марказида бўлиб ўтган учрашувда айнан шу сўзлар ўзига хос ғурур ва ифтихор билан тилга олинди.
Тошкент шаҳрининг ёшлар марказида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосарлари ва туман ҳокимларининг ватанимиз пойтахтида ўқиб, ишлаётган фарғоналик ёшлар билан учрашуви ташкил этилди. Учрашувда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлардан бориб, Тошкентда таҳсил олаётган талабалар, Тошкент шаҳрида бевосита иш фаолияти билан банд бўлган ёшлар иштирок этишди. Фарғона вилояти ҳокимининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган бу учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳар ҳокимлари қатнашган бу тадбир катта тантанга айланиб кетди. Учрашув “Фарғонада янги марралар, янгича фикрлаш, янгича ёндашув” шоири остида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Учрашув аввалида водийдан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, водийлик шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат усталарининг Фарғоналик ёшларга қилган дил изҳорлари иштирокчилар қалбида катта таассурот қолдирди. Ташкил этилган учрашув барча фарғоналик ёшларни бирлаштирди.
Концерт дастуридан сўнг, бевосита, тадбирда иштирок этаётган ёшлар вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ҳокимларига ўз савол ва таклифлари билан мурожаат этишди. Мурожаатларда Президентимиз томонидан ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўриликлар, бу масалага Президентнинг Парламентга қилган мурожаатида ҳам алоҳида эътибор берилгани қайд этиб ўтилди. Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талабаларга вилоят ҳокими стипендиясини ташкил этиш, инновацион ғоялар муаллифларига кўкрак нишони таъсис этиш, бевосита туман ва шаҳарлар марказида Президентимиз мурожаатидан келиб чиқиб, IT-академиялари ва бепул репетиторлик курсларини ташкил этиш масаласи, туман ҳокимлари томонидан ёшлар қабули учун алоҳида муайян кун белгилаш, туман ва шаҳарларда туризм марказларини ташкил этиш, ёшларни ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган марказлар ва ўқитиш курсларини ташкил этиш, олий таълим даргоҳларида ёш талабаларга сервис хизмат кўрсатишнинг турлари бўйича кампуслар ташкил этиш, Тошкентда яшаётган талабаларга инвесторларни жалб қилган ҳолда арзон нархдаги меҳмонхоналар ва ётоқхоналарни ташкил этиш, ўқиш жараёнидаги муаммо ва камчиликларни самарали ечиш масалалари талабаларнинг мурожаат ва таклифлари асосини ташкил этди.
Талабалар томонидан берилган таклиф ва мурожаатларга Фарғона вилояти ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳрлар ҳокимлари, шунингдек, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари муносабат билдиришди. Қилинган ҳар бир мурожаат ва таклиф эътиборсиз қолмаслиги таъкидланди.
Тадбирдан сўнг, ёшлар ва туман, шаҳар ҳокимларининг учрашуви ёшлар марказининг ҳовлисида ҳам давом этди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Сух туманидан Тошкент шаҳридаги олий даргоҳларида таҳсил олаётган ёшларнинг сони кўпчиликни ташкил этади. Сухлик ёшлар пойтахтимизнинг турли олий дарггоҳларида таҳсил олишади. Сухлик ёшлар бевосита туман ҳокими Фаррух Усаров билан самимий мулоқот қилишди. Мулоқот давомида ўзларининг мурожаат ва таклифларини билдиришди. Талабалар мурожаат ва таклифларига муносабат билдирар эакан, туман ҳокими Фаррух Усаров ўз навбатида Сухлик талаба ёшлар учун барча зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш туман ҳокимлигинин биринчи галдаги вазифаси эканлигини таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, ёшларга бўлган эътибор уларнинг муаммо ва камчиликларини ечилишига ҳам бевосита боғлиқдир.
Тадбир сўнгида Сух тумани ёшлари ва туман ҳокими иштирокида эсдалик учун суратлар олинди. Айтиш мумкинки, ташкил этилган бу тарихий учрашув иштирокчилар қалбида мангу мўҳрланади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати