БУГУН, 28 ЯНВАРЬ...
2020-01-28 09:12:58 186
28 январь 1992 йил - Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси” ташкил этилди
1992 йил 28 январь - Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра “Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси” ташкил этилди.
Мустақиллик йиллари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси тузилиб, “Тошкент” аэропорти бу тузилмага киритилгач, аэропорт ва унинг яқинидаги инфратузилмаларни модернизациялаш бўйича бир қанча лойиҳалар амалга оширилди. “Тошкент” аэропорти иккита – “жанубий” ва “шимолий” учиш- қўниш полосасига эга. Аэропортда учиш-қўниш полосаларидан ташқари магистрал ва кичик йўлаклар, умумий майдони 58 гектар бўлган перрон бор.Мазкур перрон узоқ ва ўрта магистралларга парвоз қилувчи 110 та самолёт тўхташ жойига эга,шу жумладан бевосита аэровокзал олдида 4 та тўхташ жойи бор.2001 йил асосий йўловчилар терминали тўлиқ реконструкция қилинди, бунда марказий ҳаво йўллари аэровокзали замонавий ускуналар билан жиҳозланди ва бирмунча қулай ҳолатга келтирилди. Аэровокзалдан ҳар соатда 1000 дан ортиқ йўловчи ўтиши мумкин.Йилига 2 млн.дан ортиқ йўловчи унинг хизматидан фойдаланади.“Тошкент” аэропортидан мунтазам равишда ички йўналишлар бўйича Ўзбекистон вилоятлари марказларига, шунингдек, халқаро йўналишлар бўйича МДҲ мамлакатлари, Европа, Осиё, Шимолий Америка мамлакатларининг 50га яқин шаҳрига самолётлар парвоз қилади. “Тошкент” аэропортидан замонавий Боинг -767-300ЕR, Боинг-757-200, А-310, RJ-85, Ил-114-100, Ту-154, Ан -24, Як-40 русумли йўловчилар ташийдиган, шунингдек, Ил-76 ва бошқа хил юк самолётлари парвоз қилади.
28 январь 2000 йил - Ўзбекистон миллий университетига "Миллий университет" мақоми берилган кун
Ўзбекистон миллий университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети (ЎзМУ) – 1918 йил 12 майда маърифатпарвар Абдурашидхонов ташаббуси билан Мусулмон халқ дорилфунуни сифатида Тошкент шаҳрида очилган. 1918-19 йилларда Туркистон халқ университети, 1919 йилдан Туркистон давлат университети, 1923 йилдан Ўрта Осиё давлат университети (САГУ), 1960 йилдан Тошкент давлат университети (ТошДУ) деб номланган. 1995 йил Мирзо Улуғбек номи берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ, университетга миллий университет мақоми берилди ва ҳозирги номи билан аталди.
Ўзбекистон миллий университети 46 таълим йўналиши бўйича бакалаврлар, 115 мутахассислик бўйича магистрлар тайёрлайди. Кейинги йилларда биоинформатика, генетика, ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер лингвистикаси, экология, социология, сиёсатшунослик йўналишлари бўйича мутахaссислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Университетда 13 факультет (биология-тупроқшунослик; география; геология; журналистика; иқтисодиёт; кимё; механика-математика; тарих; фалсафа; физика; хорижий филология; ўзбек филологияси; ҳуқуқшунослик), 95 кафедра 16 илмий лаборатория, олий педагогика институти, амалий физика илмий тадқиқот институти, олий адабиёт ҳамда олий журналистика курслари, 2 академик лицей, ўқув-амалиёт маркази, ижтимоий тадқиқотлар маркази, амалий экология ва табиатдан унумли фойдаланиш маркази мавжуд. Шунингдек, докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш бўйича 7, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш бўйича 5 ихтисослаштирилган илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Университет тарихи музейида мазкур ўқув даргоҳи тарихига оид тематик, нодир китоблар ҳамда қўлёзма манбалар кўргазмалари, қадимий ёдгорликлар, ноёб осори атиқалар ва бошқа нодир экспонатлар сақланади. Университет ботаника боғида дарахт ва ўсимликларнинг янги навларини яратиш устида илмий тадқиқотлар ва амалий машғулотлар олиб борилади. Университет ахборот ресурс маркази (3 миллиондан ортиқ асар)да интернет тизимига уланган компьютерлар хизмати ташкил этилган. Булардан ташқари университетда маданият саройи, нашриёт, босмахона, ахборот хизмати, телерадиостудия, фотостудия, 6 спорт мажмуи, талабалар турар жойлари, даволаш-соғломлаштириш муассасалари бор. 2008/09 ўқув йили университетда 1276 профессор-ўқитувчи, жумладан 21 академик, 225 фан доктори ва профессор, 600 фан номзоди ва доцент ишлади; 19 докторант, 220 аспирант ва 156 тадқиқотчи илмий тадқиқотлар олиб борди. 12 мингга яқин талаба таълим олди. Ўзбекистон мустақиллиги йилларида университетнинг 23 талабаси Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига, 27 талабаси Алишер Навоий номидаги стипендияга сазовор бўлган (2008).
28 январь 1897 йил - Рудольф Дизель ички ёнув двигателини қуриб, синовдан ўтказган кун
1897 йил 28 январда Рудольф Дизель ички ёнув двигателини қурди ва синовдан ўтказди.
Дизель Рудольф (1858.18.3, Париж – 1913.29.9, Ла-Манш) – немис ихтирочиси. Мюхендаги Олий политехника мактабини битирган (1878). Ёнилғининг сиқилган ҳавога пуркалишидан алангаланадиган ички ёнув двигатели (дизель)ни яратган. Дизель ўз двигатели учун 1892 йилда патент олган. Бу билан Дизель идеал Карно циклига яқин бўлган циклда ишлайдиган ички ёнув двигателини яратиш ғоясини илгари сурди; бунда тоза ҳавони 25 Мн/м2 (250 кг куч/см2)гача сиқиб энг юқори температурага эришди. Бир қадар такомиллаштирилганидан кейин (1897) двигатель арзон ёнилғи (нефть маҳсулоти) билан пухта ишлайдиган ва транспортда кенг қўлланиладиган бўлиб қолди.
28 январь 1742 йил - Лондонда биринчи усти ёпиқ бассейн ихтиро қилинган кун
Биринчи усти ёпиқ бассейн Лондонда 1742 йил 28 майда очилган. “Дейли Эдвертизер” ёзган эди: “Бугун Лемон Сант Гудменс Филдс даги ҳаммода узунлиги 43 футдан кам бўлмаган сузиш бассейни очилди. Ундаги сув температураси бир маромда сақланади ва сув ҳар доим мусаффо бўлади. Бассейн сузиш ва ўрганиш учун мўлжалланган. Қатновчилар хохишига кўра ходимлар сузишни ўрганишга ёрдам берадилар. Совуқ ваннадан фойдаланиш ҳам мумкин. Доимий меҳмонларга иккала хизмат бир гинея эвазига кўрсатилади”.
28 январь 2003 йил - Англияда майонез асосида биоёқилғи кашф қилинган кун
Мазкур санадан бошлаб Англияда биоёфилғининг чакана савдоси амалга оширилди. Ҳақиқатан ҳам, бу маълум қисми маргарин ва майонез ишлаб чиқариладиган элементлардан таркиб топган. Янги ёқилғини Sainsbury's компаниясининг супермаркетларида сотиб олиш мумкин. Инновацион ёқилғининг асоси олтингугурт ва этанол аралашмаси кам бўлган бензин бўлиб, бироқ унда ўсимлик мойи салмоқли фоизни эгаллайди. Ишлаб чиқарувчиларнинг ишонтиришларича, янги ёқилғидан фойдаланиш атмосферага зарарли чиқитларни 5%га камайтиради. Биоёқилғини ишлаб чиқариш жуда осон, шунинг учун ҳам бензиндан арзонга тушади. Бу ёқилғи автомобилларнинг барча турларига тўғри келади. Бироқ, Англия ОАВ бу янгиликни қаттиқ танқид қилиб чиқишди. Уларнинг ёзишича гап хавфсиз ёнилғи ҳақида эмас, балки унинг Ер юзи экологик муаммосининг атмосферани ифлослантиришдаги арзимас 5% камлиги ҳақида кетяпти. Бироқ, ишлаб чиқарувчилар ўз муваффақиятларига ишонадилар ва агар ҳамма ёки кўплаб автоҳаваскорлар янги ёқилғига ўтсалар, унда атмосферага зарарли чиқитларнинг чиқиши умумий ҳисобда камаяди. Ҳозирда ишлаб чиқарувчи компания янги ёнилғини ҳукумат томонидан маъқулланишига ишонч билдирмоқда. Демак, нима дейиш мумкин биоёнилғининг 2003 йилдан буён ишлаб чиқарилиш технологияси сезиларли даражада такомиллашди. Ҳозирги кунда ёнилғининг баъзи турлари атмосферага 10 дан 20%гача кам чиқитлар чиқармоқда ва яқин кунларда бу кўрсаткич 50%, келажакда эса 90% ташкил этиши мумкин.
28 январь 1981 йил - Халқаро шахсий маълумотларни муҳофазалаш куни