Сухда ҳам тўйлар ўтказиш тартибга солинадими?
2020-01-24 17:23:19 150
Сухда ҳам тўйлар ўтказиш тартибга солинадими?
Халқимизга хос анъана ва удумлар борки, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга мерос қолдириш биз учун ҳам қарз ва ҳам фарз ҳисобланади. Лекин миллий удум ва анъаналаримизга четдан кириб келган бидъатлар ҳам бор ва уларни таг-томири билан йўқ қилиш биздан катта куч ва ташаббус талаб этади. Бу тўй-маросимларимиздаги ёзилмаган қонун ва қоидалар, бидъатлардир. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, бундай “қонун-қоидалар” тўй-тантана ва турли оилавий маросимларни ўтказишда вилоятмизнинг Сух туманида жуда кўп учрайди. Бу ҳолатни тан олмасдан иложимиз йўқ. Туманда бир неча йил олдин шу масалага ваколатли бўлган комиссия ҳам ташкил этилган эди. Лекин бир йил ўтар-ўтмас комиссия фаолияти сустлашиб, ҳамма тўй-маросимларни ўтказишда “ўз билганидан қолмади”. Тан олиш керак, Сухда тўй ўтказиш охирги йилларда “ким ўзар” мусобақасига айланиб кетган. Шундай ҳолатларни олдини олиш, тўй маросимларни камхарж ва исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш бўйича тумандаги олиб борилаётган ишлар бугун яна жоналана бошлаган. Бунга сабаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг 14 сентябрь 20109 йили тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорининг қабул қилиниши асосий тўртки бўлди десак, муболаға эмас.
Бугун туманда шу масалага бағишлаб катта тадбир ташкил этилди. Қўшма қарор ижросига бағишлаб туман маданият бўлими мажлислар залида ўтказилган тадбирда туманнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинларидан келган жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда тумандаги ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари намоёндалари қатнашишди.
Туман ҳокими Фаррух Усаров тадбирда нутқ сўзлаб, иштирокчиларга қўшма қарор мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратиб иш юритишни таъкидлади. Шунингдек, “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом иштирокчиларга туман ҳокими томонидан ўқиб эшиттирилди.
Қайд этиш лозим, тадбир давомида туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбари, туман прокурори, давлат хавфсизлик хизмати вакили Сухдаги ҳолат ҳақида гапириб, тумандаги ўтказилаётган тадбирларга танқидий нуқтаи назардан баҳо беришди. Қайд этилдики, энди қўшма қарор асосида бу каби салбий ҳолатларга буткул нуқта қўйиш вақти келди. Тўй-ҳашамларни ўзтказишда барча бирдек масъул эканлиги ҳам таъкидллаб ўтилди. Иштирокчиларга тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш туман коммисияи тартиби таништирилди ва бу йўналишда барча бир ёқадан бош чиқариб фаолият олиб борилиши қайд этиб ўтилди.
-“Биз бу каби қарорни йиллаб кутган эдик. Шукрки, бу кунларга ҳам етиб келдик. Бунинг учун, мўҳтарам Президентимизга минг раҳмат! Билмадим, агар ҳолат ана шундай давом этганда, биз қаерга қараб борар эдик? Болаларимизни умри иш билан Россияда ўтаябти. Фақат обрў талашиш, дабдабабозликка берилиб кетдик. Болалармизни олийгоҳларда ўқитиш, маданий дам олиш биз учун бегона бўлиб қолган эди. Энди биртану биржон бўлиб, қонун бузилишларга чек қўямиз, тўйларимизни ихчам ва камхарж қилиб ўтказамиз”,-деди туманнинг Навобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Воситжон Жумаев. Шунингдек, тўй-ҳашамлар ва оилавий тантана-маросимларни ўтказиш ҳақида Ҳушёр маҳалла жоме масжиди имоми Мўъжибали Тожиалев ҳам ҳарорат билан гапириб, бидъатларга йўл қўймаслик ва исрофгарчилик гуноҳ эканлигини ислом дини нуқтаи назаридан тушунтириб берди.
Туманда ўтказиладиган тўй-ҳашамларни ягона тартиби ҳақида ҳам гапирилди. Тузлиган комиссия бир ой муддатда туманнинг барча ҳудудларида тўйлар ўтказилиши тартибини ўрганиб, ягона тартиб тузилиши ва бундай тадбир ва йиғилишлар барча маҳаллаларда ташкил этилиши келишиб олинди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати