ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАДАГИ КРЕДИТЛАР: ИМТИЁЗ ВА АФЗАЛЛИКЛАР
2020-01-16 11:31:31 228
ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАДАГИ КРЕДИТЛАР: ИМТИЁЗ ВА АФЗАЛЛИКЛАР
Маълумки, қишлоқ хўжалиги соҳаси Ватанимиз иқтисодиётининг асосий бўғинларидан бўлиб, соҳани ривожлантириш, соҳа ходимларига кенг шароитлар яратиб бериш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимизнинг 2019 йил 19 июлдаги ПҚ-4399 сонли “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори қабул қилинган. Ушбу қарор Ватанимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришига қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида иқтисодий тизимни янада чуқур ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш тизимини кенгайтириш, шунингдек, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида янги иш ўринларини яратиш, Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш қарорнинг асосий мақсади этиб белгиланган. Қарор мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолини хабардор қилиш мақсадида шу кунларда вилоятимиз туман ва шаҳарлари бўйлаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Куни кеча Сух туманида бўлиб ўтган тадбир ҳам айнан шу долзарб масалага бағишланди.
Сух тумани ҳокимлиги мажлислар залида Президентимизнинг ПҚ-4399 сонли қарорини тарғиб қилиш масаласида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Республика “Агробанк”-и бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Расулов Шўҳратжон Ғайратович, Фарғона вилояти “Агробанк” ва “Халқбанк” бошқаруви раҳбарлари ва лойиҳани амалга оширилишига мутасаддий бўлган вакиллар иштирок этишди. Йиғилишда туманда фаолият кўрсатаётган “Агробанк” ва Халқбанк” раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, фермерлар, тадбиркорлар қатнашишди.
Йиғилиш аввалида туман ҳокими Фаррух Усаров сўз олиб, кейинги йилларда бевосита Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига эътибор қаратилаётгани, мамлакатимизда сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, Ватанимиз экспорт салоҳиятини юксалтириши куннинг асосий мавзўси эканлигини таъкидлаб, Юртбошимизнинг 4399-сонли қарори айниқса, Сух тумани аҳолисига фойдали эканлигини таъкидлади. Чунки Сух тумани асосан қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтирилган туман ҳисобланади.
Тадбир давомида Республика “Агробанк”-и бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Расулов Шўҳратжон Ғайратович сўзга чиқиб, бугунги кунда Фарғона водийсида Президентимизнинг 4399-сонли қарори асосида тадбиркорлар, фермер ва қишлоқ хўжалик корхоналарига халқаро молия ташкилотлари кредит линияларидан самарали фойдаланиш йўлга қйилгани ҳақида гапирди. Таъкидландики, ушбу кредит линияларидан фойдаланиш бевосита ҳудудларда ташкил этилган Агросаноат мажмўи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Агентлиги томонидан амалга оширилади.
Йиғилиш давомида лойиҳани амалга оширшга мутасаддий бўлган мутахассилар томонидан йиғилганларга Президентимизнинг 4399-сонли қарорининг мамзмун-моҳияти тушунтириб берилди. Йиғилиш иштирокчиларига қаронинг моҳияти мультимедиа ва слайдлар орқали ҳам тушунтириб берилдию. Тарқатиб берилган буклетлардан ҳам иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Президентимиз қарори асосида ташкил этилган Агросаноат мажмўи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Агентлиги лойҳани ўз вақтида амалга ошириш, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. “Жаҳон банки иштирокидаги “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш”лойиҳаси асосида қишлоқ жойларда интенсив боғдорчилик ва суғориш тизимлари, замонавий иссиқхоналар, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, калибровка, саралаш ва қадоқлаш, йирик ва майда шохли қорамоллар, паррандачилик,балиқчилик, туячилик, отчилик, асаларичилик ва бошқалар, қишлоқ хўжалиги техника ва технологиялари, ҳунармандчилик, касаначилик, туризм, текстил, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ривожлантириш учун кредитлар берилади. Кредитлар хорижий ва миллий валютада 10 йил муддатгача, 5-125 минг АҚШ долларигача ёки эквивалентда миллий валютада, кластерни ривожлантириш учун 2 миллион АҚШ долларигача берилади ва кредит бериш шартида мижознинг лойиҳадаги улуши, яъни камида 25 фоиз эквивалентда пул ёки хизмат, иш, яъни натура кўринишида бўлиши мумкинлиги ҳам кўрсатилб ўтилган. Кредитлар хорижий валютада 6,5 - 7,5 % ва миллий валютада 20 – 22 % да Республикамизда фаолият олиб борадиган Асака банк, Ипотека Банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Агробанк, Халқ банк, Тўрон банк, Қишлоққурилишбанк, Микрокредитбанк, Савдогар банк, Мадад инвест банклар томонидан берилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларинир ташкил этади ва амал қилиш муддати 6 йил (2019 – 2025) этиб белгиланган. Шунингдек, имтиёзли кредит ҳисобидан импорт қилинадиган барча товар, хизмат, техника ва технологиялар, жиҳоз ва ускуналар солиқ тўловларидан, яъни қўшимча қиймат солиғи, божхона ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилиши йиғилишда таъкидланди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутасаддийлардан жавоблар олишди. Ўзаро самимий сўҳбат сифатида бўлиб ўтган тадбир барчада яхши таассурот қолдирди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати