“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида мурожаат этган тадбиркор хонадонига туман ҳокими ташриф буюрди
2020-01-09 16:02:50 171
“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида мурожаат этган тадбиркор хонадонига туман ҳокими ташриф буюрди
Ўтган 2019 йил давомида туманда ўтказилган сайёр қабуллар самараси ўлароқ, аҳолини қийнаётган кўпгина муаммоларга ечим топилди, кўп камчиликлар бартараф этилди. Қилинган ишлар албатта, халқнинг розилигини олишга сабаб бўлмоқда. Куни кеча туман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида ҳам Ҳушёр маҳалласида яшовчи фуқаролар Зарифжон ва Шарифжон Бобоевлардан туман ҳокимига тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит бериш ҳақида мурожаат тушиб, туман ҳокими Фаррух Усаров асл ҳолатни ўрганиш мақсадида тадбиркорлар оиласига ташриф буюрди.
Маълум бўлишича, тадбиркор ака-укалар ўз хонадонида мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган ва янги дастгоҳлар олиш учун уларга маблағ лозим. Янги дастгоҳларнинг қиймати салкам 200 миллион сўмни ташкил этади. 2019 йилнинг ноябрь оийда тадбиркорлар ушбу масалада тумандаги банкларга мурожаат қилишган ва захира (ресурс) йўқлиги сабаб тадбиркорлар имтиёзли кредит олишолмаган. Маълумки, уша даврда тадбиркорларга 8 фоизли имтиёзли кредитлар берилган.
Тадбиркор хонадонига келган Агробанк ва Халқбанк раҳбарлари ака-укаларга имтиёзли кредит бериш тартиб ва шартларини тушунтиришди. Имтиёзли кредитнинг фоиз ставкаси 16 фоиз бўлганлиги ҳам тадбиркорларга айтиб ўтилди. 200 миллион сўм миқдоридаги кредит олиш учун гаров лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Тадбиркорларнинг ушбу миқдордаги маблағни олишга гаровлари йўқлиги ҳам маълум бўлди. Ўз навбатида туман ҳокими тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлади ва Бобоевларга кам миқдордаги гаровсиз кредитлар олиш таклиф қилинди. Тадбиркорларга оила аъзоларининг розилиги, шунингдек, олинган маблағни ўз вақтида қоплаш шарти билан мини-технологиялар харид қилиш учун кредлитлар бериладиган бўлди. Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ака-ука Бобоевларга 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортлари топширилган. Паспорт олинган давргача тадбиркорлар фуқаролиги йўқ шахслар ҳисобида бўлишган.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати