ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ
2019-12-17 10:44:03 183
ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ
Эркаклар билан хотин-қизлар ўртасидаги тўлиқ ва ҳақиқий тенглик қонун устуворлигига асосланган адолатли ва демократик жамиятнинг ғоят муҳим элементи ҳисобланади. Жамиятнинг яхлит ривожланиши ва унинг барча аъзолари фаровонлигининг оширилиши эркаклар билан хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирок этиши учун тенг имкониятларни тақозо этади. Аёллар томонидан ўз инсон ҳуқуқларини тўла ва тенг амалга оширишлари мамлакатда тинчликни мустаҳкамлаш ва демократия учун энг муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Аёлларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнати, айниқса фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.
Авваламбор қайд этиш жоизки, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг бир қатор ҳужжатларида (Мадрид-1983, Вена-1989, Москва-1991, Истанбул-1999, Маастрихт-2003, София-2004, Любляна-2005, Афина-2009) давлатларнинг эркаклар ва аёллар ўртасида тенгликни қўллаб-қувватлаш, қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёллар ролини ошириш, аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётда иштирок этишлари учун кенг имкониятларни яратиш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, суд ва ижроия барча органларида гендер мутаносиблиги мақсадларига эришиш учун аниқ чораларни кўриш, сайлаб қўйиладиган давлат лавозимларида гендер вакиллик мутаносиброқ бўлишига эришиш мақсадларида аёллар ва эркакларнинг сиёсий партияларда тенг иштирок этишларига ёрдам кўрсатиш, эркаклар билан хотин-қизлар учун нафақат юридик, балки амалдаги тенгликка ҳам эришиш бўйича мажбуриятлар белгиланган.
Мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда ўтган давр мобайнида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашбўйича қатор ислоҳотларни амалга оширди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканликлари мустаҳкамлаб қўйилди. 1995 йил 6 майда мамлакатимиз 1979 йил 18 декабрда Нью-Йоркда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, 1997 йил 30 августда Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги конвенциялар қўшилди.
Ўтган икки йилда халқаро андозалар талаблари доирасида аёллар аҳволини тубдан яхшилашга доир 15 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланган ва ижрога қаратилган. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
2018 йил 2 февралда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонлари, 2019 йил 7 мартда “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Алоҳида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, у хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ахборот тақдим этиши белгилаб қўйилди.
Эндиликда давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатли мансабдор шахс белгиланади. Ваколатли шахснинг мажбуриятларини бажариш давлат органи раҳбарининг ўринбосарларидан бири зиммасига юклатилади.
Қонун ҳужжатларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизаси деган янги институт кириб келди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди.
Бугунги кунда юртимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хотин-қизларимиз орасидан Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор (хусусан ҳозирда Сенат раиси аёл киши ), Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий кенгашларда эса халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади.
Республика бўйича жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислиги учун ўтказилган сайловларда 1 минг 25 нафар аёл ўзини ўзи бошқариш идоралари раиси лавозимига сайланган бўлса, турли корхоналарда ишлаётган раҳбар аёллар 2017 йили 44,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 45,3 фоизга етган.
Бугунги деярли барча партияларда раҳбар ўринбосарларидан бири аёл киши, шунингдек уларда аёллар қанотлари мавжуд.
400 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлар аёллар муаммолари билан шуғулланмоқда.
Ижтимоий сўровлар иштирокчиларининг 70,2 фоизи мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилганини қайд этса, 81,5 фоизининг фикрича, аёлларнинг жамоат ёки сиёсий ташкилотларда ўз фаолиятини амалга оширишда ҳеч бир шахс ва бирор-бир ҳолат уларга халақит бермайди.
Жорий йил декабрь ойида юртимизда миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда ҳам аёлларнинг ўрни беқиёс.
1952 йилги Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда аёллар ҳар қандай сайловларда эркаклар билан тенг шароитларда, ҳеч қандай камситишларсиз овоз бериш, сайланиш ҳуқуқларига эга эканликлари белгилаб қўйилган. ЕХҲТнинг Копенгаген ҳужжатида барча одамлар қонун олдида тенг ва ҳеч қандай камситилишсиз қонун томонидан бир хил ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга. Шу муносабат билан қонун ҳар қандай камситишни тақиқлайди ҳамда барча шахсларга қайсидир сифат бўйича камситишдан тенг ва самарали ҳимоя қилинишни кафолатлайди – деб белгилаб қўйилган.
Хотин-қизлар сайлов жараёнида сайловчи, депутатликка номзод, сайлов комиссиясининг аъзоси, кузатувчи, партиянинг ваколатли вакили, ишончли вакил сифатида эркаклар қатори тенг ва эркин, очиқ ва ошкора иштирок этишлари мумкин.
“Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда алоҳида бобда мустаҳкамланди.
Унга асосан хотин-қизлар ва эркаклар ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга.
Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов ҳамда референдумлар ўтказиш бўйича вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланади.
Мамлакатимизда хотин-қиз сайловчилар сони 10 миллиондан ошади. Бу жуда муҳим ва катта кўрсаткич эканлигини ҳисобга олиб, жорий йилда Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Келишувда аёлларнинг, биринчи марта овоз берадиган қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайловларда фаол иштирок этишини, овоз беришини таъминлашга доир аниқ тадбирлар белгилаб олинди.
Ҳозирги кунда Марказий сайлов комиссиясининг учдан бир қисми, бошқача қилиб айтганда 7 нафар аъзоси хотин-қизларни ташкил этади.
Сайлов кодексининг 70,91-моддаларига асосан аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак. Номзодлар ўртасида аёллар миқдорини ошириш бўйича норма белгилаш жаҳонда қўлланиладиган усул бўлиб, Албания, Босния
и Герцеговиня, Македония, Греция, Черногория, Польша, Сан-Марино, Сербия, Словения, Арманистон, Қирғизистон, Испания қонунчилигида ҳам буни яққол далилини кўришимиз мумкин.
Номзод аёллар учун ихтиёрий ёки мажбурий квоталар Франция, Швеция, Швейцария, Туркия, Буюк Британияда қайд қилинган.
Бу йилги сайловларда Қонунчилик палатаси депутатлигига янгидан номзод этиб қўйилганлар сонида 440 нафарини эркаклар (58,7 фоиз) ва 310 нафарини аёллардир (41,3 фоиз). Бу 2014 йилнинг декабрида ўтган парламент сайловларидагидан қарийб 10 фоиз (31,8) кўпдир. Энг кўп аёллар Халқ демократик партиясидан кўрсатилган (48%), ундан кейин Адолат социал демократик партияси (43,3%), сўнгра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси (42,7%), Миллий тикланиш демократик партияси (36,7%), Экологик партия (36%) турибди. Кўриб турганимиздек, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг ўттиз фоиздан ортиғини ташкил этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда сайловларда сиёсий савияси етук, меҳнаткаш ва оқила аёлларимиз ўз салоҳиятини намоён этиб, депутат бўлиб сайланишлари жамият ва давлат учун муҳим аҳамият касб этиб, парламентга ва маҳаллий Кенгашларга сайланадиган аёллар сонининг ўсиши қонун ижодкорлиги жараёнида хотин-қизларнинг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш,давлат бюджети шаклланишида гендер тенглиги масалаларини инобатга олиш имкониятини беради. Хотин-қизларни депутат бўлиб сайланишлари оилани мустаҳкамлаш, оналик
ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Мухлиса Таджиева - Конституциявий суд масъул ходими