Сайлов ёшлар нигоҳида
2019-12-14 15:38:26 211
Сайлов ёшлар нигоҳида
Роппа-роса бир ҳафтдан сўнг Республикамизда муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш ҳар биримиз учун куннинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар иштирокида сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаябти. Айниқса, вилоятимизнинг энг чекка тумани – Сухда ҳам ушбу сиёсий жараёнга тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда.
Айни пайтда туман маданият бўлими мажлислар залида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” мавзўси остида сиёсий партиялар вакиллари ва ёшлар ўртасида учрашув бўлиб ўтмоқда. Тадбирда туман таълим муассасаларидан ташриф буюрган ўқувчи-ёшлар иштирок этишиб, ўзларини қизиқтирган саволларига сиёсий партия вакилларидан муносиб жавоб олишмоқда. “Сайлов ўзи нима”, “Депутат қандай инсон бўлиши керак?”, “Нимага сайланган депутатларни биз кўрмаймиз?”, “Экологик муамморлар қачон ечим топади?”, “Аҳоли турмуш даражасини ошириш учун депутатлар нима қила олади?”,,”Партияларнинг асосий вазифаси нималардан иборат?”, “Нимага Ўзбекистонда бешта партия бўла туриб, муаммолар ечими суст?” каби саволлар билан ўқувчилар сиёсий партия вакилларига саволлар беришмоқда. Дарҳақиқат, берилаётган ҳар бир савол негизида сиёсий фаоллик ва ҳуқуқий билим манбаи борлиги мужассам.
Айтиш мумкинки, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатимиз сиёсий майдонидаги ўзгаришлар, сайлов тизимига киритилган янгиликларга фарзандларимиз ҳам бефрақ эмас. Тўғриси, болалар бераётган саволлар тадбирда иштирок этаётган партия фаоллари ва вакилларини чуқур фикрлашга мажбур қилаябти. Тадбир туман Ёшлар Иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, энг яхши савол муаллифи ва тўғри жавоб берган ўқувчиларга иттифоқ томонидан эсдалик совғалар топширилмоқда.
Дарҳақиқат, қонун устувор бўлган юртда ва одамларнинг сиёсий саводхонлиги юксак бўлган мамлакатда ривожланиш ва тараққиёт бўлиши айни ҳақиқат. Келажак болаларимизники ва улар ушбу эртанги нурафшон кунга бугундан тамал тоши қўйишни бошлашди десак, муболаға эмас. Учрашув ва савол-жавоб кечаси тугаши билан иштирокчиларга консерт дастури намойиш этиши режалаштирилган. Савол-жавобларга бой бўлаётган учрашув айни пайтда давом этаябти.