ҚИШ ЭШИК ҚОҚМОҚДА...
2019-11-21 18:47:29 149
Дарҳақиқат, қиш яқинлашиб борган сари барчамизда, айниқса, қишлоқларда умргузаронлик қиладиган юртдошларимизда яшаётган уйларини иситишдек катта муаммо пайдо бўлади. Газ етиб бормаган ҳудудларда кўмир етишмовчилиги, газ билан таъминланган қишлоқларда эса, ушбу манбанинг камлиги, яъни барчага бирдек етиб бормаслиги ҳолатлари учрайди. Бу ҳақиқат. Табиийки, кўпгина ватандошларимиз қиш фаслида ясама, қўлбола иситиш анжомларидан фойдаланишади. Натижада электр энергиясининг етишмовчилиги, соатлаб электр ўчиши барчага бирдек салбий таъсир кўрсатади. Энг ачинарлиси, эҳтиётсизлигимиз туфайли кўп воқеалар содир бўлиши, ҳамда ушбу воқеалар инсон ўлими билан якун топаётганлиги ҳаммамизни хавотирга солиши табиий ҳол. Ис газидан заҳарланиш, қўлбола иситиш мосламалари туфайли ёнғинлар келиб чиқиши ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун, огоҳлик барчамизнинг шиоримиз бўлиши лозим.
Шу мазмунда Республика “Маҳалла” бошқаруви раиси Ш. Жавлоновнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига мурожаати қабул қилинган ва ушбу мурожаатга асосан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ишлар олиб борилаётир. Сух туманининг 27-сонли ЎЎТ мактабида бўлиб ўтган тадбир ҳам айнан шу масалага бағишланди. Тадбир туман “Маҳалла” жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбирда “Маҳалла” жамоат фонди туман бўлими раҳбари Ф. Додокаримов сўзга чиқиб, иштирокчиларга мурожаат мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Қўйида мурожаат матнини тўлиқ келтирамиз:
Ҳурматли маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, авваламбор, Сизларнинг серқирра ва машаққатли фаолиятларингизда омадлар тилайман. Жамиятимиз юксалиши ҳамда маҳаллаларимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган залворли ишларингиз учун ташаккур.
Сизларга бир масала юзасидан яна бир бор қайта мурожаат қилмоқчиман.
Маълумки, куз ва қиш фаслларида ёғингарчилик кунлари бошланиб, ҳаво ҳарорати пасайиб боради. Натижада хонадонларимизни иситишнинг турли чораларини кўра бошлаймиз. Мисол учун, электр иситиш асбоблари, табиий газ тармоқлари ёки ёқилғининг бошқа турларидан фойдаланамиз.
Иситиш тизимларининг мавсумга шайлиги тўғрисида ўйлаб кўрдикми? Иситиш асбоблари, печлар, табиий газ тармоқлари мавсумга шайми? Мўрилар шай ҳолатга келтирилганми?
Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, бехосдан узилиб қолиши, хона ичида тўпланиши, ёқиб қаровсиз қолдириш, улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш, ёнғин, ҳамда табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлмоқда. Бу ҳол инсонларнинг турли хил тан жароҳатлари олиши, ҳаттоки ўлими билан якунланмоқда.
Жумладан, 2019 йил 9 ноябрь куни соат 07:30ларда Қашқадарё вилояти Қарши тумани, “Боғдод” маҳалласида яшовчи “Б.И.” исмли аёл, унинг икки нафар фарзанди ҳамда мазкур хонадонга меҳмонга келган беш нафар инсон уй ошхонасидаги газ плитасини ёққан ҳолда уйқуга кетган. Натижада ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.
Бундан ташқари, мазкур ҳолатларда фожиали ва аянчли якунланган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10 ноябрь куни соат 13:00ларда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро “Е.А.” ва унинг турмуш ўртоғи қўлбола усулда ясалган иситиш қозон ўчоғига уланган табиий газ ёниши натижасида ҳосил бўлган ис газидан заҳарланиб вафот этганлар.
Соҳа мутахассислари томонидан ушбу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва манбалари ўрганилиб таҳлил қилинганида фуқароларнинг табиий газдан нотўғри фойдаланиши, иситиш воситаларини назоратсиз қолдириши, иситиш қурилмалари, газ горелкаларининг бузилиши, трубалар уланган жойнинг носозлиги натижасида газ чиқиб кетганида захарланиш ҳамда резина мосламаларининг ишлатиши сабабли рўй бераётгани аниқланмоқда.
Бундан ташқари, печка билан иситиладиган хоналарда мўри тўлиб қолганида ва ёнғин вақтида ёпиқ, тутунли хоналарда қолган шахсларда ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилади. Мўриларни ёзда тўла беркитиб қўйиб, иситиш вақтида очмаслик хонага ис газининг тўлишига олиб келади.
Бундай кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида қуйидаги ёнғин ва хавфсизлик талабларига риоя қилишингизни сўраймиз:
— қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланманг;
— ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;
— иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламанг;
— агарда хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатинг ҳамда газ хизматига зудлик билан хабар беринг.
Аҳолини табиий ва ис газидан заҳарланишининг олдини олиш тадбирлари нафақат мутассади ташкилот, идоралар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, балки ҳар бир хонадон эгалари ва барча фуқаролар тамонидан амалга оширилиши даркор.
Аввало табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳамда газ чақнаш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни юзага келтириш омилларини бартараф этиш талаб этилади.
Шу боис хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, иситиш ва газ ускуналаридан тўғри фойдаланиш бўйича соҳа мутахассислари билан биргаликда уйма-уй юриб, техник-профилактик тадбирлар олиб боришни тақазо этади.
Қадрли маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, барчангизни газдан заҳарланиш ва чақнаш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда юзага келиш омилларини бартараф этиш борасида хонадонларга ташриф буюриб, аҳолини огоҳлантиришда фаолликка чақираман.
Ш. Жавлонов – Республика “Маҳалла” бошқаруви раиси