Давлат байроғи – миллат ифтихори
2019-11-18 15:33:11 193
18 ноябрь санаси ҳаммамиз учун унутилмас ва таърихий сана ҳисобланади. 1991 йилнинг худди шу куни Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу тарихий санага бугун 28 йил тўлди. Давлат байроғи миллат рамзи ва ифтихоридир. Санага бағишланган тадбирлар вилоятимизнинг энг чекка тумани – Сухда ҳам катта кайфият ва шодиёналар билан ўтди.
Ушбу тарихий кунга бағишлаб туман маданият бўлимининг мажлислар залида катта тадбир бўлиб ўтди ва тадбирда туман ҳокими, хуқуқ-тартибот органлари ходимлари, кенг жамоатчилик иштирок этишди. Мажлисгоҳ узра ҳилпираётган давлатимиз байроқлари тадбир кўркига янада чирой бағишлади десак, муболаға эмас. Тадбирда туман ҳокими Фаррух Усаров сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни ушбу тарихий сана билан табриклаб, мустақиллик йилларида халқимизнинг миллий тараққиёт сари босган йўли, давлатимиз байроғининг қабул қилиниши давр тақозоси ва миллат фахру ифтихори эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Давлатимиз мадҳияси янграгандан сўнг Сух туман ёшлар иттифоқи фаоллари иштирокчиларга байроғимиз атрибутикаларини тақдим этишди.
Туманнинг 12-сонли ЎЎТ мактаби ўқувчи-ёшлари устозлари бошчилигида “Байроғимиз – фахримиз” деб номланган адабий-бадиий композиция тайёрлаб, уни саҳнада барча иштирокчиларга тақдим этишди. Саҳнада ёш авлоднинг шеъру қўшиқларида истиқлол, бахтли болалик, барчамизнинг фахримиз бўлган байроғимиз тараннум этилди.
Дарҳақиқат, давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва ардоқли саналади. Боиси уларда севикли Ватаннинг суврати, меҳру таровати, халқнинг мардонавор ўтмиши, бугунги фидокорлиги ва истиқболи баралла намоён бўлади. Улардан бири Давлат байроғидир.
Жонажон Ўзбекистонимизнинг мовий, зангору оппоқ рангларга уйқаш, ҳилол Ой ва кумуш юлдузлар жилоланиб турган байроғини мағрур ҳилпираб турганини ҳар гал кўрганда кўнгилда ажиб туйғулар уйғонади, фахру ихтихор вужудингни қучади. Ана шу байроқ тимсолида она Ватанинг мужассамлигини туйиб, ўзингни тетик, бардам ҳис қиласан, келажакка ишонч билан боқасан киши.
Давлат байроғи ор-номусимиз, шон-шавкатимиздир. Аждодларимиз юрт туғини ҳар недан афзал билишгани, кўз қорачиғидай авайлаб-асрашгани олис мозий саҳифаларида олтин ҳарфлар билан битилган. Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб, туманнинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Сух туман ҳокимлиги ахборт хизмати