Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 175 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ТИЛ БОРКИ, МИЛЛАТ БАРҲАЁТ

×

 2019-10-22 01:55:08    201

PDF yuklash
Chop etish


...Она тилим, омон бўл мангу,
Сен борсан-ки мен ҳам ўлмайман,
Тилдан қолсам, сени Ойбекдай
Мен кўзларим билан сўйлайман.

            Бу мисралар забардаст ўзбек шоири Хуршид Даврон қаламига мансуб. Бу мисралар шоирнинг "Она тилим" номли шеъридан олинган. Шоир ушбу шеърида она тилига бўлган меҳру муҳаббат, садоқатини ажойиб ифодалаган. Тил миллатнинг борлиги, унинг барҳаётлигидан далолат. Тил борки, ҳаёт мангу, тил борки, миллат абадий яшайди. Бугун 21 октябрь жонажон Ўзбекистонимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунга 30 йил тўлди. Ажойиб сана: шундай эмасми? Аслида, бу буюк тилнинг ёши асрларга тенг. Ҳаёт аталмиш нотекис йўлнинг ўнқир-чўнқирларидан, тирикичиликнинг баҳайбат қоя-тошларидан, борлиқнинг довонларидан, асрлар қаъридан оша истиқлол аталмиш давру давронга эсон-омон етиб келган миллат тили мангу қолажак. Буюк аждодлардан қолган боқий мерос бу - она тилимиз. Бу барҳаёт тилнинг абадийлиги, унинг барҳаётлиги улуғ бобокалонимиз Мир Алишер Навоий мисраларида мужассам. Давлат тилининг довруғи Иқбол Мирзо, Хуршид Даврон... каби забардаст шоирларимиз мисралари ила оламга достон. Бу тилнинг ширинлиги, содда ва равонлиги ўзбек оиласида улғайиб, камол топаётган келажагимиз ворислари - жажжи болажонларнинг ўзига хос сўҳбатларию муносабатларида намоён.

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим. 

            Ўзбекистон Республикасининг истиқлолга интилиши, мустақилликка эришиш арафасидаги дастлабки дадил қадами ўзбек тилига Давлат тили мақомини беришдан бошланди. Мустақиллик эълон қилинмай туриб, узоқ йиллар давомида бўғилиб, қадрсизланиб келаётган миллий тилимизни сақлаш, тиклаш, асраш, юксалтириш учун ҳуқуқий замин яратилди. Бу ҳам тил эрки, озодлиги, тараққиётининг миллат тақдирига, миллий ҳурриятга ниҳоятда чамбарчас боғлиқ эканлигини, миллат ва тил тақдири ўзаро мустаҳкам ришта билан пайванд этилганлигини намойиш этувчи тарихий ҳақиқатдир.

            Бугун миллат билан бирга яралиб, шонли тарихнинг барча сокин ва суронли даврларини миллат билан ҳамнафас босиб ўтиб, миллат дарду қувончига шерик бўлиб келаётган, Ватан янглиғ бепоён ва муқаддас, Она каби мўътабар ва мунис, жон каби яқин ва азиз Ўзбек тилимизнинг мақому мартабаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4479-сонли қарор билан яна бир карра юксалди, эъзоз топди.

            Қарорга мувофиқ, тил байрамига бағишланган тадбирлар октябрь ойининг охиригача ўтказилади. Фарғона вилоятининг энг чекка ва сўлим гўшаси - Сух туманида ҳам ушбу шонли санага бағишлаб тадбирлар, адабий тилнинг боқийлигига бағишланган ижодий кечалар, учрашувлар ўтказилмоқда. ХТБ тасарруфидаги барча УЎТ мактабларида бу тарихий санага бағишлаб, иншолар танлови ўтказилди. Ушбу танловнинг вилоят босқичи ғолиблиги Сух туманидаги 25-сон умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчисига насиб этилганлиги эса, барчамизни қувонтиради. Айтишга осон: ўзбек тилига бағишлаб ўтказилган иншолар танловининг ғолиби тожик миллатига мансуб сухлик қиз. Бу албатта, эътибор ва эътирофнинг холис маҳсулидир. Ўзбеклар ва тожиклар икки тилда сўзловчи бир миллат вакилларидир дея бежиз эътироф этмаганлар. Бу икки миллатнинг ўзаро узвий боғлиқлиги, бир-бирига яқинлиги асрлар оша исботланган тарихий ҳақиқат ҳисобланади. Давлат тилининг асосий тарғиботчиси, ҳимоячиси бўлган ҳар бир юртдош, миллатдошларимизни ўзбек тили тараққиёти йўлида бирлашишга, ҳамкор, ҳамфикр бўлишга чорлаб қоламиз. Зеро, “куч - бирликда”, “юксалиш – бирлашишда”, тараққиёт – якдилликда, равнақ – ҳамкорликда. 

                      Сух тумани ҳокимлиги ахборт хизмати