Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 20 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Фарғона вилояти мамлакатда биринчи!

×

 2019-10-15 01:09:57    320

PDF yuklash
Chop etish


Фарғоналик пахтакорлар мамлакатимизда биринчи бўлиб, жорий йилги пахта топшириш шартномавий режани бажарди. Фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил етиштирилиб, 238 минг 600 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилди, унинг аксарият қисми юқори навларга сотилди.

Ҳа, бугун қадимий деҳқончилик анъаналарига эга бўлган Фарғона аҳли, унинг ғайрат-шижоати, миришкорлик фазилатлари янада яққол намоён бўлди. Улар улкан ютуқни қўлга киритди. Яхши хабарнинг қаноти бор дейишади. Вилоят пахтакорларининг эришган зафари бугун барчани беҳад мамнун этмоқда.

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифалар аниқ белгилаб олинган бўлиб, улар изчил амалга ошириб борилаётгани ўзининг амалий самараларини кўрсата бошлади. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда инновацион ғоя-кластер тизими жорий этилди. Вилоятда ҳам биринчилардан бўлиб пахта етиштиришда мазкур тизим ўтган йилда биргина Риштон туманида қўлланган бўлса, жорий йилда вилоятнинг 9 та туманида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди.

Миришкор деҳқонлар ва мутахассисларнинг таъкидлашича, пахтачиликда бундай юқори ҳосилдорликка эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунда билим, малака ва тажриба керак. Вилоятда минерал ўғитлардан нотўғри фойдаланиш натижасида тупроқ таркибида нитрат меъёридан ошиб кетган эди. Натижада пахта ҳосилдорлиги пасайиб, ғўзанинг пишиш муддати кечика бошлади. Шунинг учун ўтган йил куздаёқ ерга маҳаллий ўғит-компос солишга жиддий эътибор қаратилди. Лекин бунинг ўзи кам эди. Шўр ювиш қоидаларига жиддий эътибор қаратилди. Амалга оширилган бу ишлар самараси ўлароқ ерлар мелиоратив ҳолати яхшиланди.

– Халқимизда «Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади», деган мақол бежиз айтилмаган, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротова. – Соҳада катта натижага эришиш учун биринчи навбатда ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз, тупроқ унумдорлигини оширишимиз зарур. Вилоят ҳокими бошчилигида биз ана шу муҳим тадбирларга алоҳида эътибор қаратдик. Шунингдек, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам ўзининг самарасини бера бошлади. Ғалла ва пахтадан юқори ҳосилдорликка эришилмоқда.Яна муҳим жиҳатлардан бири тупроқ-иқлим шароитига мос навларнинг танланганидир. Хўжалигимизда жорий йилда 126 гектар майдонда ғўзанинг «Наманган-77» нави экилиб парваришланди. Ҳосилдорликни бу йил 50 центнерга етказмоқдамиз.

Дарҳақиқат, ғўзанинг ҳудуд шароитига мос навларини тўғри танлаб жойлаштириш, оби-тобида экиш мўл ҳосилга қўйиладиган талаблардан биридир. Жорий йилда 2 минг 149 та фермер хўжаликлари 82 минг 80 гектар майдонга чигит экди. Ғўзани навлар бўйича жойлаштиришда аввало ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ҳамда соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, кластер корхоналари таклифлари инобатга олинди. Ғўзанинг «С-8290», «Наманган-77», «Султон», «С-6524» навлари экилиб, агротехник тадбирларга муҳим эътибор қаратилди. Дунё пахтачилигида тола сифати ва ҳосилдорлиги юқори, эртапишар, касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга чидамли, табиатнинг турли ноқулайликларига бардошли ғўза навларини яратиш энг муҳим вазифалардан саналади. Эътиборли жиҳати, бу йил вилоятда 6 минг 980 гектар майдонда янги навлар синовдан ўтказилди. Хусусан, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги гуруҳ томонидан яратилган янги нав иқлимга мослиги, ҳосилдорлиги ва толасининг сифати билан деҳқонларга маъқул бўлаётир.

Ғўза парвариши ҳам муҳим жараён бўлиб, бу ишлар илғор тажрибалар асосида тизимли ташкил этилди. Кластер корхоналари томонидан минерал ўғитлар захирасини тўлиқ яратилганлиги ҳамда фермер хўжаликларига вақтида узлуксиз етказиб берилиши ўз самарасини берди. Инновацион усул суғориш тизимида ҳам синовдан ўтказилди. 331 гектар майдонда томчилатиб, тупроқ шароити сувни кўп сарф қилинадиган майдонларда 176 комплект эгилувчан қувурлар орқали суғориш жорий этилди.

Вилоятда ғўза парваришида унинг ривожини тезлаштириш ва ҳосилдорликни 3-5 центнерга ошириш мақсадида биологик фаол моддалар-биостимуляторлар қўлланди. Жорий йилда ғўза дефолиациясининг ўз муддатида ва сифатли ўтказилганлиги натижасида етиштирилган ҳосилнинг ёғингарчилик кунларга қолмай йиғиштириб олиш имконияти яратилди.

Маълумки, деҳқончиликда техника ҳам катта ўрин эгаллайди. Кластер корхоналари томонидан моддий-техник базани мустаҳкамлаш масаласи асосий вазифа сифатида белгиланди. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 50 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 40 дона ҳайдов трактори, 100 дона чопиқ трактори, 80 дона транспорт трактори, 120 дона чигит экиш сеялкаси, 90 дона культиваторлар, 300 дона омоч, 85 дона пуркагичлар, 35 дона минерал ўғит сепиш мосламалари олиб келиниб, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширилишига эришилди.

Албатта амалга оширилган мазкур ишлар натижасида далаларда мўл ҳосил етиштирилди. Пахтани қисқа муддатларда сифатли қилиб териб олиш, теримга фермер хўжалиги аъзоларини ва иш билан банд бўлмаган уюшмаган аҳолини ихтиёрий жалб этиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилди.

– Пахта йиғим-теримини тизимли ташкил этиш бўйича 1 минг 370 та терим отрядлари шакллантирилиб,уларга 239 минг нафар теримчиларни ихтиёрий равишда бириктириб чиқилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ҳалимжон Умаров. – Пахта хомашёсини йиғиб-териб олишда вилоятдаги 9 та кластер корхоналари ва 4 та пахта тозалаш корхоналари таркибидаги 44 та пахта қабул қилиш масканлари, улардаги 917 та ғарам майдонлари, 332 та пахтани узатиш механизмлари, 336 та транспортёрлар, 340 та лаборатория жиҳозлари белгиланган стандартлар асосида ишлаши таъминланди.

Натижалар эса қувонарли. 15 иш кунида вилоятнинг Ёзёвон, Қўштепа, Риштон туманлари давлатга пахта сотиш шартномавий режасини республикада биринчи бўлиб бажарди. Шунингдек, Тошлоқ, Фурқат, Учкўприк, Бувайда туманлари ҳам пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшди. Бугун бошқа туманлар ҳам астойдил ҳаракат қилмоқда.

«Баҳодир Лоғон текстиль» масъулияти чекланган жамияти жорий йилда Ёзёвон туманида кластер усулида пахта етиштириб, ҳосилдорлик 30 центнерни ташкил этмоқда.

–Таиланд билан ҳамкорликда 50 миллион доллардан ортиқ инвестиция ҳисобига янги қўшма корхонамиз яқинда иш бошлайди, – дейди «Баҳодир Лоғон текстиль» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зиёҳиддин Ёрматов. – У ерда замонавий технологиялар асосида пахта толаси қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу йил илк бор кластер асосида пахта парваришлаб, бугунга қадар 15 минг тоннадан ортиқ ҳосил хирмонини яратдик. Теримчиларга 15 миллиард сўмдан ортиқ терим пуллари берилди. Фермер хўжаликлари ҳам бугун манфаат кўра бошлади. Биз уларга пахта парвариши учун зарур бўладиган барча нарсани ўз вақтида етказиб бердик.

Ёзёвон туманидаги «Баҳромбек», “Либерал инвест, «Хумо», “Одилжон Ғофуров Сатторович, «Хайрулло», Қўштепа туманидаги «Ваҳобжон Абдуллажон ўғли», «Турдалиев Мадамин», «Рустам Равшанов ери», «Сойибжон Абдужаббор замини», «Роввот замин файзи», «Иброҳимжон Маъруфжон файзи», «Донишманд», Риштон туманидаги «Агроном Алиев», «Аҳроржон», «Ҳасанбой Ҳамдам», «Мадамин Махсим», «Шуҳрат файз замини» каби кўплаб фермер хўжаликлари биринчи теримда 40-45 центнер ҳосил олиб, шартномавий режани бажарди. Терим пули банк муассасалари томонидан даланинг ўзида тарқатилгани, илғор теримчилар рағбатлантирилиб борилгани каби омиллар элимизнинг ризқ-насибасини ўз вақтида, сифатли йиғиштириб олинишини таъминлади.

Бу йил Фурқат туманида «Булут техтиле» масъулияти чекланган жамияти томонидан кластер тизими жорий этилиб, пахта етиштиришга ихтисослашган 156 та фермер хўжаликлари билан шартнома имзоланди. Шу тариқа тумандаги фермер хўжаликлари томонидан 5 минг 425 гектар ерда истиқболли пахта навлари парваришланиб, 16 минг 600 тонна сифатли саноат хом ашёси йиғиштириб олинди.

–Пахтачиликда кластер усули ютуқларимизнинг муҳим омили бўлмоқда, – дейди тумандаги «Қушчи» фермер хўжалиги раҳбари Ҳаётжон Алиев. – Бу йил хўжалигимиз аъзолари томонидан 33,1 гектар ерда «Султон» номли пахта нави етиштирилди. Биринчи теримдаёқ режа бажарилди. Бугунгача режадаги 97 тонна ўрнига 110 тоннадан ортиқ пахта териб олинди. Далаларимиз ҳали ҳам оппоқ чаманзор, ҳосилдорликни 50 центнерга етказишни режалаштирганмиз.

Вилоят бўйича 2019 йилда пахта хомашёси етиштириш ва териб олиш учун 877 миллиард 225 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Етиштирилган пахтадан фермер хўжаликлари кесимида олинган аниқ ҳисоб-китобларга асосан 340 миллиард сўм фойда олиниши кутилмоқда.

Бу йил Фарғона вилоятида етиштирилган пахта толасининг сифати тезда тилга тушди. Хорижий давлатларнинг компаниялари, тўқимачилик корхоналарининг раҳбарлари ва мутахассислари пахта майдонларида бўлиб, толанинг кўрсатгичлари билан танишмоқда. Хусусан, «Индорама Коканд Техтиле» Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасининг муассиси-«Индорама Гроуп» компанияси директорлар кенгаши раиси Пратож Лохия Фарғонада бўлиб ўтган учрашувда мазкур юқори навли пахтани сотиб олиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Фарғона азалдан миришкор пахтакорлар, уста бободеҳқонлар юрти. Бугунги кунда ҳам бу эзгу анъананинг муносиб ворислари бўлган фарғоналик фермер ва пахтакорлар жорий йилги ютуқлар сарҳисобидан мамнун бўлиб, эртанги кун истиқболи умидида улкан орзу-мақсадлар билан янги марралар сари интилмоқда.

Далаларда қийғос очилган пахта кўзни қамаштиради. Ҳосил ҳали мўл. Фарғоналиклар мавсум якунига қадар ҳосилдорликни 34-35 центнерга етказишни режалаштирган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Манба: https://fergana.uz