АВТОМОБИЛЛАР ҲАРАКАТИ КЕСКИН КАМАЙГАН, карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларга чора кўрилмоқда
2020-04-02 17:40:39 173
АВТОМОБИЛЛАР ҲАРАКАТИ КЕСКИН КАМАЙГАН,
карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларга чора кўрилмоқда
Карантин даврида йўлларда автомашиналарнинг қатнови кескин камайган бўлсада, шаҳар кўчаларида айрим автомобиллар қатнови давом этаётганлиги боис, фуқароларимизда “бу карантин қоидаларини бузиш эмасми, уларга чора кўрилмайдими”, деган саволлар туғилиши табиий.
30 март кунидан вилоят марказида автомашиналарнинг қатнови чекланган. Карантин комиссияси томонидан рухсат берилган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг хизмат автомашиналари, айрим давлат органлари ходимларининг шахсий автомашиналари, озиқ-овқат, дори воситалари ва бошқа ижтимоий зарур воситаларни ташиш, савдо қилиш билан шуғулланувчи шахсларнинг автомашиналари, шунингдек, махсус рухсатномаси бўлган шахсий автомобиль ҳайдовчиларигагина ҳаракатланишга рухсат берилган.
1 апрель кунигача махсус рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказларига шахсий автомашинаси бўлган фуқаролардан 10421 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4161 таси кўриб чиқилиб, 564 тасига рухсатнома берилган. 3597 та мурожаат рад этилган.
Вилоят ҳудудида ҳайдовчиларнинг карантин қоидаларига риоя этишлари қатъий назоратга олинган. Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликдаги рейдлар давомида 2 апрель кунига қадар 200 га яқин ҳайдовчи карантин қоидаларини бузганлиги аниқланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати