Бозорлар ва савдо шохобчаларида нарх-наво барқарорлиги таъминланмоқда
2020-04-01 17:00:35 217
Бозорлар ва савдо шохобчаларида нарх-наво барқарорлиги таъминланмоқда
Карантин пайтида албатта, ҳар бир инсоннинг озиқ-овқат маҳсулотларига бӯлган эҳтиёжи ортади. Маҳсулотларни харид қилиш учун бозорга бориш ва ё яқин масофадаги савдо дӯконига кириш лозим бӯлади. Шу ӯринда айтиш жойизки, бугунги кунда раҳбарлар зиммасидаги асосий вазифа бозорлардаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш бӯлиб қолган. Айтиш мумкинки, Сух тумани ҳудудидаги барча савдо дӯконлари ва бозорларда нарх-навонинг кескин ва асоссиз оширилишига йӯл қӯйилмаган. (Карантин тартиби эълон қилинган биринчи кунлар бундан мустасно). Бунга жорий қилинган қатъий назорат асосий омил бӯлиб хизмат қилаётир.
Кеча бевосита туман ҳокими Фаррух Усаров раҳбарлигида туман марказий бозорининг Ҳушёр маҳалласидаги шохобчасига рейд ташкил этилди. Ташрифдан асосий мақсад бозор фаолияти билан яқиндан танишиш ва албатта, нарх-наво аҳволини ӯрганишдан иборат. Бозорда бевосита озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлар ва албатта, харидорлар билан асосан маҳсулотларнинг бугунги нархи ҳақида сӯҳбатлар қилинди. Маълум бӯлишича, бозорда карантин тартиби жорий этилган биринчи кунларда маҳсулотларнинг нархи кескин ошиб кетган. Вақтида кӯрилган чора-тадбилар ва нарх-наво устидан қатъий назорат ӯрнатилганлиги боис, бозорларда нарх-наво барқарорлиги таъминланган. Бозордаги зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг бугунги нархи қӯйидагича:
Мол гӯшти – 40 000 сӯм
Қӯй гӯшти – 50 000 сӯм
Картошка – 2 500 – 3 000 сӯм
Пиёз – 1 500 – 2 500 сӯм
Сабзи – 7 00 – 1 200 сӯм
Тухум – 7 00 сӯм
Ӯсимлик ёғи (Турига қараб) – 42 000 сӯмдан 45 000 сӯмгача.
Айтиш жойиз, маҳсулот нархини асоссиз равишда оширмаслик бобида ҳам туман давлат солиқ инспекцияси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир тадбиркордан маҳсулотлар нархини оширмаслик ҳақидаги кафолат хатлари олинган.
Шунингдек, бозорлардаги ҳолат баробарида, маҳаллалардаги савдо шохобчаларидаги аҳвол ҳам бевосита туман ҳокими томонидан ӯрганилмоқда. Бугун туманнинг Девайрон, Умабара, Ленбург маҳаллаларидаги савдо дӯконлари ҳам кӯздан кечирилди. Ӯрганиш натижаси шуни кӯрсатдики, бу ҳудуддаги савдо дӯконларида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ва асоссиз оширилишига йӯл қӯйилмаган.
Баҳорги юмушлар билан банд бӯлган аҳоли томорқаларида меҳнат қилишаётир. Ҳудудда иссиқхоналар барпо этиш жадаллик билан олиб борилмоқда. Албатта, юртда тадбиркор купайса, четдан маҳсулот олиб келишга ҳам ҳожат қолмайди.
Шунингдек, туман узра аҳолини моддий ва маънавий қӯллаб-қувватлаш мақсадидаги хайр-саховат амаллари давом этмоқда. Туман мактабгача таълим бӯлими бошлиғи Гулноз Усмонованинг ташаббуси билан бугун туманнинг Умбара, Девайрон ва Ленбург маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам хайр-саховат акцияси ташкил этилди. Мактабгача таълим бӯлими бошлиғининг маълумотига кӯра, МТБ мутасаддийлари ӯз ҳисобларидан бевосита ҳудудлардаги МТТларда фаолият олиб бораётган ижтимоий кӯмакка мӯҳтож бӯлган ишчи-ходимларнинг оилаларига беғараз ёрдам кӯрсатилди. Бугун бевосита туман ҳокими иштирокида МТБ раҳбарияти томонидан харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари – бир қоп ӯн, ӯсимлик мойи, тухум, оққанд ва каратнтин давридаги энг зарурий воситалар – тиббий ниқоб ва қӯлқоплар 12 нафар фуқароларга бепул тарқатиб берилди.
Айтиш мумкинки, туманда нарх-навонинг асоссиз оширилиши устидан назорат ӯрнатилгани аҳоли кӯнглида хотиржамлик ҳиссини кучайтирмоқда. Сух туманида коронавирусга қарши кураш ва уни ҳудудга кириб келишини олдини олиш бӯйича тизимли ишлар олиб борилаябти.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати