Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг РАСМИЙ БАЁНОТИ
2020-03-18 17:59:28 350
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг РАСМИЙ БАЁНОТИ
Жорий йилнинг 6 март куни “MY5” телеканалининг “Марказий студия” дастури орқали "Тадбиркорнинг муаммолари қачон ҳал этилади?" рукни остида Фарғона вилояти Сўх туманида яшовчи фуқаро Содиржон Тожибоев туманда ўтказилган сайёр йиғилишларда туманда цемент заводи қуриш учун амалий ёрдам беришни сўрагани, бироқ бу борада бир неча марта мурожаат қилганига қарамай, ишлари тўхтаб қолгани, шунингдек, бу муаммони ҳал этиш учун чегара орқали республикамизнинг бошқа ҳудудларига чиқишга қийналаётгани каби бир қатор муаммолар тилга олинган.
“МY5” телеканали орқали намойиш этилган мазкур муаммо юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Хақиқатдан ҳам тадбиркор Содиржон Тожибоев талабини қондириш мақсадида Сўх тумани ҳокимининг 2018 йил 24 январдаги 20-сонли “Ровон” МФЙ Малбут массиви ҳудудида цемент заводини қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақида”ги қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, “Сўх мустаҳкам цемент” хусусий корхонасига мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “Навобод” МФЙ Малбут массиви худудидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 12-контурдан 9000 квадрат метр ер майдони ажратиб берилган.
Туман ҳокимлиги инвестиция ва ташқи савдо бўлими берган маълумотга кўра, цемент маҳсулотини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун умумий қиймати 7 млрд. 360 млн. сўм, шундан 3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг тонна бўлган мини цемент заводи қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилган.
“Агробанк” Сўх тумани филиалининг туман ҳокими номига 2018 йил 11 май куни чиқарган 828-сонли хатида тадбиркор С.Тожибоев кредит ажратиш масаласини ҳал этиш учун зарур бўлган асосий хужжатлар – гаров мулкининг рўйхати, гаров мулкининг баҳолаш-экспертиза хулосаси ҳамда қурилиш лойиҳа сметаси ҳужжатлари тўпламини тақдим этмаганлиги кўрсатиб ўтилган.
“Сўх мустаҳкам цемент” хусусий корхонаси томонидан таклиф қилинган лойиҳа қиймати 4,8 млрд. сўм бўлган цемент ишлаб чиқариш цехини ташкил қилишда 500 млн. сўм маблағ лойиҳа ташаббускори ва 4 млрд. 300 млн.сўм маблағ эса банк кредити ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган.
Бироқ, “Агробанк” Сўх тумани филиали мутахассислари лойиҳани ўрганиш жараёнида юқорида кўрсатилган маблағ, яъни 4,8 млрд. сўм билан бу лойиҳани амалга ошириб бўлмаслигини маълум қилган (03.11.2018 йил 1117-сонли хат).
“Агробанк” туман филиали бошқаруви раисининг 2020 йил 11 март куни туман ҳокими номига чиқарган 117-сонли хатида С.Тожибоевга кредит олиш тартиблари ва кўрсатмалари бир неча маротаба тушунтирилгани ва кредит маблағи гаров мулки билан таъминлангандагина ажратилиши мумкинлиги маълум қилиниши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Сўх тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг туман ҳокими номига 2020 йил 12 март куни юборган 44/6-740-сонли хатида фуқаро С.Тожибоев Қирғизистон Республикаси чегара хизматчилари томонидан “қора рўйхат”да эканлиги айтилиб, унинг фуқаролик паспорти олиб қўйилгани, 2019 йилнинг декабрь ойида Қирғизистон Республикаси Баткен вилояти Қадамжой тумани ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши тугатилганлиги сабабли унинг фуқаролик паспорти қайтариб берилгани, ҳозирги кунда Сўх тумани ИИБда С.Тожибоевга нисбатан ҳеч қандай қораловчи маълумотлар мавжуд эмаслиги баён қилинган.
Шундан кўриниб турибдики, фуқаро С. Тожибоевнинг мурожаати туман ҳокимлиги томонидан ижобий ҳал қилинган. Тадбиркор томонидан режалаштирилган цемент заводи қурилиши учун амалдаги тартибга биноан, ер майдони ажратиб берилган. Шунингдек, фуқаронинг Қирғизистон чегара-ўтказиш пункти орқали Ўзбекистон ҳудудига кириши учун ҳам тақиқ қўйилмаган. Фақат кредит олиш шартлари амалдаги тартибга биноан бажарилса, тадбиркор С. Тожибоев кўзлаган мақсадига эришади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати