Сухлик ёш спортчилар соҳадаги камчиликлар ечилишига умидвор
2020-03-11 17:18:49 193
Сухлик ёш спортчилар соҳадаги камчиликлар ечилишига умидвор
Охирги йилларда спортга берилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрлик боис, Ватанимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам соҳа ривожида барқарорлик кузатилмоқда. Сух туманида ҳам соҳанинг ривожи ва ёшларни спортга жалб этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётир.
Бугун Сух туманига Фарғона вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи М. Дадабоев ташриф буюриб, туманда спортни ривожлантиришга оид ишлар билан яқиндан танишди, шунингдек, ташриф давомида соҳа ривожига монелик қилаётган камчилик ва муаммолар ўрганилди. Сух туманининг Мулгон маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жойлашган бўлиб, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Сўҳроб Қозиевнинг маълумотига кўра, айни кунда ушбу даргоҳда 17 та тўгарак ташкил этилган ва тўгаракларга жалб қилинган 581 нафар талаба ёшлар 16 нафар мураббийлардан соҳанинг сир-синоатини ўрганишаётир. Шунингдек, спорт мактабининг Ровон маҳалла фуқарорлар йиғинида жойлашган филиалида ҳам 5 та спорт тўгараги фаолият юритади. Тўгаракларга 5 нафар мураббий томонидан 214 нафар болалар жалб этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан Сух туманидаги спорт мактабига зарурий асбоб-анжом ва спорт жиҳозлари етказиб берилган. Шунга қарамасдан, баъзи тўгаракларда спорт анжомларининг етишмовчилиги кўзга ташланади. Аниқланган камчлик ва муаммолар бошқарманинг дастурий режасига киритилди.
Қайд этиш лозим, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида турли хил тадбирлар ва спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинади. Ташриф давомида соҳада фаол ва намуна бўлган бир гурўҳ ёш спортчиларга вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, шунингдек, туман ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғлари топширилди. Совғаларни ёш спортчиларга бошқарма бошлиғи М. Дадабоев ва туман ҳокими Ф. Усаровлар тантанали тарзда тақдим этишди.
“Суғдиёна” спорт мажмўасида ташкл этилган тадбирда асосан ёш спортчилар ва хотин-қизлар иштирок этишди. Туманда хотин-қизларни спотга жалб этиш борасида ҳам арзирли ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда туманнинг секторлар кесимида хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича мусобақалар ўтказилди. Ушбу мусобақада туман мактабгача таълим ташкилоти волейболчи қизлари ғолибликни қўлга киритдилар. Тадбирда ғолиб жамоа ва фаол спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Зотан, ҳеч бир соҳа мамлакатни спорт каби дунёга танита олмайди. Умид қиламизки, туман спорт соҳасидаги камчилик ва муаммолар тизимли ҳал этилиб, Сухлик спортчилар ҳам яратиб берилган шароитлардан самарали фойдаланиб, юртимизнинг спорт соҳаси ривожига ўз ҳиссаларини қўшишади. Чунки ёш спортчиларнинг муваффақияти уларнинг келажакдаги орзулари рўёбида асосий омил бўлиб хизмат қилиши рост гап.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати